Жаҳон | 10:30 / 28.09.2020
19795
4 дақиқада ўқилади

Лукашенко Макроннинг ҳокимиятни ўз ихтиёри билан топшириш ҳақидаги таклифига жавоб қайтарди 

Фото: president.gov.by

Лукашенко Франция раҳбарини ғўр сиёсатчи деб атади ва унга Франциянинг ички ишлари билан шуғулланишни маслаҳат берди. Унинг фикрига кўра, Макрон «Беларус президентлигига собиқ номзодлардан бирига» жуда катта эътибор беряпти.

Беларус етакчиси Александр Лукашенко Франция президенти Эммануэл Макронга «атрофга камроқ қарашни» ва ўз мамлакатининг ички ишлари билан шуғулланишни маслаҳат берди, деб хабар қилмоқда БелТА. У Макроннинг Лукашенко ўз лавозимини ихтиёрий равишда тарк этиши кераклиги ҳақидаги баёнотига шундай жавоб қайтарди. 

Лукашенконинг сўзларига кўра, Макрон «ўз мантиғига амал қилган ҳолда» 2018 йилда, Францияда «сариқ жилетлар» норозилик намойишлари бошланганда истеъфога чиқиши керак эди. Дастлаб намойишчилар ёқилғига нархлар ва солиқларни оширмасликни талаб қилди, кейин президентнинг истеъфосини сўрай бошлади.

«Йиллар ўтди, «жилетлар» ҳанузгача кўчаларда, жаноб Макрон ҳали ҳам ўз лавозимида, Франция эса оммавий норозиликлар одатий ҳолга айланган мамлакатга айланди», - деди Беларус президенти. 

Бундан ташқари, Францияда «вақти-вақти билан» Black Lives Matter («Қора танлилар ҳаёти аҳамиятга эга») ҳаракати билан боғлиқ муаммолар ҳамда Лион ва Марселда мусулмонларнинг норозилиги келиб чиқмоқда, дея давом этди Лукашенко. 

Унинг фикрига кўра, Лукашенко «ғўр сиёсатчи» деб атаган Макрон «Беларус президентлигига собиқ номзодлардан бирига» ҳаддан ташқари эътибор қаратмоқда. «Ушбу собиқ номзоднинг аёл экани ҳисобга олинса, Франция раҳбари мамлакат муаммоларидан ташқари, шахсий муаммоларга ҳам дуч келиши мумкин», - деди Лукашенко.

Бир кун олдин Le Journal du Dimanche газетасига берган интервьюсида Макрон Беларусдаги вазиятни демократия мантиғини тушуна олмайдиган авторитар ҳукумат инқирози, деб таърифлади. Шу муносабат билан, унинг фикрига кўра, Лукашенко истеъфога чиқиши керак. Франция раҳбари 9 август куни республикада бўлиб ўтган сайловлардан бери Беларусдаги норозилик акцияларида қатнашаётган намойишчиларга қойил қолганини айтди. «Ҳар шанба юриш ўтказаётган аёллар айниқса ҳурматга сазовор», - дея қўшимча қилди у.

Август ойининг ўрталарида Макрон Европа Иттифоқи Беларусдаги вазиятни ҳал қилишда воситачи сифатида қатнашишга тайёрлигини эълон қилди, шунингдек, Россия президенти Владимир Путинни республиканинг инқироздан чиқиши учун вазиятни ҳал қилишда ва мулоқотда ёрдам беришга чақирди. 

Беларус МСК расмий маълумотларига кўра, Лукашенко сайловларда 80 фоиздан кўпроқ овоз билан ғолиб бўлди. Мухолифат номзоди Светлана Тихановская, МСКнинг таъкидлашича, 10 фоиздан сал кўпроқ овоз олган. Унинг штаби Тихановская 70 фоиздан 80 фоизгача овоз олганини айтиб, ушбу хулосага рози бўлмади.

23 сентябрь куни Лукашенконинг инаугурацияси Минскда олдиндан эълон қилинмаган ҳолда ёпиқ эшиклар ортида бўлиб ўтди. Уни АҚШ, Украина, Германия, Эстония, Словакия, Чехия, Литва, Канада ва Буюк Британия каби бир қатор давлатлар тан олмади. ЕИ ушбу жараённинг ўзи ҳам, Лукашенконинг янги муддати ҳам етарли қонуний асосга эга эмаслигини маълум қилди. 

ЕИнинг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррель Беларусга қарши санкцияларни қўллаш учун барча саъй-ҳаракатларни амалга оширишга ваъда бериб, бутун Евроиттифоқнинг обрўси бунга боғлиқлигини таъкидлади. Reuters хабарига кўра, АҚШ, Канада ва Буюк Британия Беларус фуқароларига сайловлар сохталаштирилгани ва тинч намойишчиларга қарши зўравонлик ишлатилгани учун чоралар кўрмоқчи. 

Мавзуга оид