Жамият | 14:43 / 28.09.2020
16400
2 дақиқада ўқилади

UzAuto Motors: Қозоғистон Бош вазири икки мамлакат автомобилсозлиги етакчилари билан учрашди

Қозоғистон Республикаси Бош вазири Асқар Мамин Қустанай шаҳридаги “СариаркаАвтоПром” МЧШ автомобиль заводига ташриф буюрди.

Вазирлар Маҳкамаси раҳбари бу йил “Ўзавтосаноат” АЖ билан биргаликда Chevrolet ишлаб чиқаришни йўлга қўйган Қозоғистон автособилсозлиги етакчисининг ишлаб чиқариш кўрсаткичлари ва салоҳияти билан танишди. 

Заводга ташрифи давомида Мамин “Ўзавтосаноат” АЖ бошқаруви раиси Шавкат Умурзоқов ва “Группа компаний “Аллюр” АЖ директорлар кенгаши раиси Андрей Лавреньтев билан музокаралар ўтказди.

Томонлар Қустанайдаги корхонанинг ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш имкониятларини, шунингдек Қозоғистонда “UzAuto Motors” АЖ экспорти ва савдо тармоғи ривожланиши масалаларини муҳокама қилдилар. Бундан ташқари, икки мамлакат ўртасида қишлоқ хўжалиги техникасини ишлаб чиқариш ва сотиш бўйича ҳамкорликнинг эҳтимолий истиқболлари муҳокама қилинди.

Икки мамлакатнинг йирик машинасозлари бир неча йиллардан буён яқин ҳамкорликда эканликлари, бу билан нафақат ўз салоҳиятларини, балки Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги саноат кооперациясини ҳам ўстириб бораётганликлари қайд этилди.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йил 28 мартда Ўзбекистон Республикаси ва Қозоғистон Республикаси бош вазирлари иштирокида “СариаркаАвтоПром” заводида янги “Chevrolet” автомобилларини ишлаб чиқариш линияси ишга туширилганди.

Бир ой ўтгач, мамлакатда илк автомобилларнинг сотуви бошлангани маълум қилинди. Бугун эса, Қозоғистондаги энг машҳур бренд – “Ravon” мисолида, Chevrolet Қозоғистондаги талабгир автомобиллар рейтингида дадил юқорилаб бормоқда.

“UzAuto Motors” АЖ Матбуот хизмати

Мавзуга оид