Жаҳон | 00:08 / 01.10.2020
9887
6 дақиқада ўқилади

Дунёдаги вазият: Меркель немисларни иккинчи тўлқинга тайёрланишга чақирмоқда

Covid-19 билан касалланганлар сони яна ортиши фонида Германия канцлери Ангела Меркель ватандошларини пандемиянинг иккинчи тўлқини деб аталаётган вазият олдидан ҳушёрликка чақирди. 

Фото: Getty Images

Жонс Ҳопкинс университети маълумотларига кўра, коронавирус аниқланган ҳолатларнинг ярмидан кўпи (17 миллиондан ортиқ ҳолат) тўрт мамлакат ҳудудига тўғри келади: АҚШ, Ҳиндистон, Бразилия ва Россия. Шу вақтгача бир миллиондан ошиқ одам коронавирус туфайли ҳаётдан кўз юмди ва 25 миллионга яқин одам соғайиб кетди. 

Бардош бериш
«Сўнгги ойларда эришган барча нарсаларимизни йўқотишимиз мумкин», деди Германия канцлери Ангела Меркель Бундестагда.

Чоршанба куни мамлакатда Covid-19 билан касалланиш билан боғлиқ 1798та янги ҳолат ва 17 ўлим рўйхатга олинган. Ёзда кунлик янги касалланиш ҳолатлари 500тадан кам эди. 

Германияда сешанба кунидан бошлаб 25 нафардан ортиқ одам иштирок этувчи кўнгилочар тадбирлар тақиқланди. 

Канцлер таъсирчан нутқида ватандошларини хотиржамликка берилмасликка чақирди.

«Ишончим комилки, эски ҳаёт қайтади. Оилалар байрамларни нишонлашади, клублар, театрлар ва футбол стадионлари инсонлар билан тўлади ва биз ҳам бахтиёр бўламиз. Аммо ҳозирча биз сабр-тоқат ва ақл билан ҳаракат қилишимиз керак. Фақатгина шу орқали инсоният ҳаётини сақлаб қола оламиз», деди у.

«Бизга барибир»

Душанбадан сешанбага ўтар кечаси Британия полицияси Ковентри университети биноларидан бирида уюштирилган яширин рақс кечасини тарқатиб юборган. Хабарларга кўра, кечада 200дан ортиқ талабалар иштирок этган.

Университет расмийлари интернетда пайдо бўлган видеолардан қаттиқ хавотирда эканини ва белгиланган қоидалар «қўпол равишда бузилишидан» ғазабланганини билдирди. 

Ҳукумат қарори билан инглизларга турли оилаларга мансуб олти кишидан кўп бўлмаган гуруҳларда бўш вақт ўтказишга рухсат берилади. Ковентри университети маъмурияти талабаларга базмни минимал даражада ўтказиш тавсия қилинганини билдирмоқда. 

Чоршанба куни Бирлашган Қиролликда коронавирусга чалиниш билан боғлиқ янги ҳолатлар сони кетма-кет иккинчи кунки 7 мингдан ошди - 7108 бемор. Сешанба куни ўсиш 7143тани ташкил этганди. Яна 71 киши вафот этди (сешанба куни ҳам 71 киши вафот этгани қайд этилган), бу каби юқори ўлим кўрсаткичи 26 июндан бери қайд этилмаганди. 

Қурбонларнинг умумий сони 42 минг 143 кишини ташкил этмоқда, бу коронавирусга мусбат натижа берилганидан кейин 28 кун ичида кузатилган барча ўлим ҳолатларини ўз ичига олади.

Пандемиядан ўлганлар сонини ҳисоблашнинг бошқа усуллари ҳам қўлланади - Covid-19 ташхиси кўрсатилган ўлим тўғрисидаги гувоҳномалар сони бўйича ва ўтган йиллардагига нисбатан ўлим кўрсаткичининг қанча ошгани бўйича (бошқа мамлакатлар билан таққослашда энг ишончли). Бироқ, бу кўрсаткичлар секинроқ янгиланади: мос равишда Англия, Уэльс ҳамда Шотландия ва Шимолий Ирландияга хизмат кўрсатувчи уч статистика идоралари ушбу статистикани ҳар ҳафта ёки ҳар ойда эълон қилади, сўнгги маълумотлар минтақалар бўйича 18 ёки 20 сентябргача бўлган давр учун тақдим этилган. 

Марафон иштирокчиларига ёрдам берувчи технология

BOB MARTIN FOR LONDON MARATHON EVENTS/PA WIRE

Якшанба куни Лондонда ҳар йили ташкиллаштириладиган марафон бўлиб ўтади. Пандемия туфайли марафон шаҳар кўчаларида эмас, балки Сент-Жеймс боғида бўлиб ўтади. 

Коронавирус туфайли унда дунёнинг энг кучли марафончиларидан атиги 100 нафари иштирок этади. Уларнинг кийимларига, шунингдек марафоннинг 500 нафар ташкилотчиси ва ходимлари кийимларига Bump ускунаси бириктирилади, қурилма одамлар хавфли масофага (2 метрдан кам) яқинлашганда овозли огоҳлантириш беради.

Иштирокчилар боғ атрофида 19 марта югуришади. Атрофга панжара ўрнатилади, марафонни фақат телевизор орқали кузатиш мумкин. 

Марафонда қатнашишни истаган бошқа барча кўнгиллилар унинг виртуал версиясида иштирок этишлари мумкин. 

Дунёда яна нима содир бўлмоқда: 

  • Сешанба куни тахминан 11,5 миллион аҳолига эга Бельгияда Covid-19 қурбонлари сони 10 минг кишидан ошди. Коронавирусдан ўлим даражаси бўйича ушбу мамлакат дунёда митти Сан-Марино ва Перудан кейинги учинчи ўринда туради. 
  • Украинада чоршанба куни пандемия бошланганидан бери кунлик касалланиш сони бўйича рекорд ўрнатилди - 4027 киши. 
  • Walt Disney компанияси асосан Калифорниядаги Диснейленд ва бошқа кўнгилочар боғларда фаолият кўрсатувчи 28 минг ходимни ишдан бўшатмоқда. Иккинчи чоракда уларнинг зарари 4,7 миллиард долларни ташкил этди. Компаниянинг тегишли бўлинмаси бошлиғи Жош д'Амаро Калифорния штати маъмуриятининг жуда қатъий карантин сиёсатидан шикоят қилди. 
  • Royal Dutch Shell пандемия сабабли нефтга бўлган талабнинг пасайиши ортидан 2022 йилга қадар 7000 нафардан 9000 нафаргача ходимини ишдан бўшатишни режалаштирмоқда. 1500 киши аллақачон таклиф қилинган шартларга рози бўлди.
  • Албания ҳукумати мактабларда ўқув йилининг бошланишини ноябргача кечиктиришга қарор қилди. 
  • Финляндия пойтахти Ҳелсинкидаги барлар пайшанба куни сўнгги марта ишлайди ва кейин карантинга ёпилади. 
  • Covid-19 билан касалланиш ҳолатлари яна кўпайиши муносабати билан Нью-Йорк мэрияси жамоат жойларида ниқобсиз юрганлар учун 1000 доллар миқдорида жарима жорий этди.

Мавзуга оид