Ўзбекистон | 20:34 / 02.10.2020
18663
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев: Тошкентда нима янгилик бўлса, Нукусга келиши керак

Президент Шавкат Мирзиёев Нукус шаҳрида барпо этилаётган кўп қаватли уй-жойлар ва IT-паркни бориб кўрди.

Татибай кўчасида 160 та хонадонга мўлжалланган иккита 16 қаватли уй қурилмоқда. Мазкур турар жой мажмуаси замонавий дизайнда, зилзилага бардошли бўлади. Ташқи деворлар бир неча қатламдан иборатлиги боис уйлар энергияни тежайди. 

Мажмуа 2021 йилда битказилади. Хонадонлар яшаш учун тайёр ҳолда топширилади.

Президент янги уйларнинг шоу-румида бўлиб, уларда яратиладиган шароитлар билан танишди.

Шу ерда IT-парк ҳам қурилмоқда.

Маълумки, бу йил мамлакатимизда “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” деб эълон қилинган. 8 июнь куни Президент ҳузурида ўтказилган тақдимотда ҳудудларда соҳа ривожига шароит яратиш, Бухоро, Наманган, Нукус, Самарқанд, Урганч ва Жиззах шаҳарларида Тошкентдаги IT-парк филиалларини ташкил этиш бўйича вазифалар белгилаб берилган эди.  

Нукус шаҳрида барпо этилаётган IT-парк 16 қаватдан иборат бўлади. Уни 2021 йилда ишга тушириш режалаштирилган.

Давлат раҳбарига Қорақалпоғистонда ёшларни ахборот технологияларига ўқитиш ва шу соҳада бандлигини таъминлаш режаси тўғрисида маълумот берилди. IT-паркда ахборот технологиялари бўйича мутахассислар қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, коммунал хўжалик, таълим, туризм, маданият, қурилиш ва транспорт каби соҳаларда турли истиқболли лойиҳалар устида иш олиб боради. Шунингдек, рақамли технологиялар ўқув маскани, коворкинг маркази, ўқув ва киберспорт хоналарида ёшлар малакаси оширилади.

«Тошкентда нима янгилик бўлса, Нукусга келиши керак. Янгича ишламасак, замон қабул қилмайди», деди президент.

Давлат раҳбари Тошкент шаҳри туманларини Нукус шаҳри маҳаллаларига бириктириш, кўчаларни ёритиб, ободонлаштириб, савдо ва хизмат шохобчаларини кўпайтириш, аҳолининг дам олиши учун шароитларни кенгайтириш зарурлигини таъкидлади.

Шунинг билан президентнинг Қорақалпоғистонга сафари якунига етди.

 

Мавзуга оид