Жаҳон | 21:33 / 02.10.2020
3427
2 дақиқада ўқилади

Туркияда хорижликлар жамоат транспортида юриш учун рақамли код олишлари шарт қилиб қўйилди

Туркияда хорижликларга жамоат транспортида юриш учун маҳаллий аҳоли билан бир қаторда рақамли код олиш шарт қилиб қўйилди. Бу чора коронавирусга қарши кураш доирасида киритилган. 

Фото: Osman Orsal/Global Look Press

Таъкидланишича, хорижликлар жамоат транспортида юриш учун HES-код (саломатлик коди) олишлари лозим. Уни 2023 рақамига жўнатилган смс-хабар ёрдамида олиш мумкин. Хабарда хорижлик фуқаро ўз миллати, паспорти серияси ва рақами, туғилган йили ва фамилиясини кўрсатиши лозим. Хабар қуйидагича кўринишда бўлиши керак: HES, бўш катак (пробел), хорижликнинг миллати, бўш катак, паспорти серияси ва рақами, бўш катак, туғилган йили, бўш катак, фамилия. 

Маълум қилинишича, смс-хабарни ҳозирча фақатгина маҳаллий сим-картадан юбориш мумкин. Шу сабабли сайёҳлар уни юборишда аэропортлар ёки меҳмонхоналар ходимларига мурожаат қилишлари тавсия қилинган.

Аввалроқ Туркия ички ишлар вазирлиги мамлакатда коронавирусга чалинганлар сони кескин кўпайгани сабабли маҳаллий фуқароларда жамоат транспортида юриш ва меҳмонхонага жойлашишда рақамли код бўлиши кераклиги ҳақида кўрсатма берган.  

Бундан ҳам аввалроқ рақамли код шаҳарлараро автобуслар, поездлар ва самолётларда киритилган. Ушбу чора 30 сентябрдан кучга кирган. 

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид