Ўзбекистон | 07:52 / 03.10.2020
5895
1 дақиқада ўқилади

42 минг ишсиз фуқаро учун касбий тайёргарлик бўйича чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилади

Ўзбекистонда 42 минг ишсиз фуқаролар учун касбий тайёргарлик бўйича чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилади. Бу ҳақда 2020-2021 йилларда иқтисодиётда таркибий ислоҳотларни тиклаш ва давом эттириш юзасидан чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича «Йўл харитаси»да айтилган.

Билдирилишича, қуйидагиларни назарда тутувчи чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш режалаштирилган:

  • 42 минг ишсиз фуқаролар учун касбий тайёргарлик;
  • ишсизларга касб-ҳунар таълими ташкил этиш учун грантлар ажратиш;
  • 1 мингта миллий профессионал стандартларни тасдиқлаш.

Бунда таҳлилий-ахборот ва чора-тадбирлар режаси тайёрланади. Унда ишсизларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг замонавий тизимини яратиш назарда тутилади.

Бажариш муддати - 2020 йил давомида, ижро учун масъуллар - Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, манфаатдор вазирликлар ва идоралар. Молиялаштириш манбаси - 8,2 миллион доллар (Жаҳон банкининг «Ўзбекистонни ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш» лойиҳаси бўйича кредити).

Бундан олдин, хорижга ишлаш учун кетган ва ишини йўқотган Ўзбекистон фуқароларига иш билан таъминлаш бўйича амалий ёрдам кўрсатилиши хабар қилинганди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид