Ўзбекистон | 22:00 / 03.10.2020
6876
3 дақиқада ўқилади

Янгиқўрғон туманини «қизил» ҳудуддан чиқариш бўйича йўл харитаси қайта кўриб чиқилади

Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг рейтинг баҳолаш тизимига кўра қониқарсиз деб топилган 33 та туман қаторида Янгиқўрғон тумани ҳам бор.

Наманган вилояти Янгиқўрғон туманини «қизил» ҳудуддан чиқариш бўйича туман кенгаши сессияси бўлиб ўтди.  Сессияда Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева қатнашди.

Туманнинг «қизил» ҳудудлар тоифасига киритилишига қуйидагилар асосий сабаб бўлган:

Биринчидан, туманда ўтган 2019 йилда 118,5 миллиард сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилган. Бу эса аҳоли жон бошига 551 минг сўмдан тўғри келади дегани. Янгиқўрғон туманида ишлаб чиқарилган маҳсулотлар қийматининг вилоятдаги улуши 2,9 фоизни ташкил этган.

Иккинчидан, 2019 йил иқтисодий фаол аҳоли  97,3 минг нафарни, банд аҳоли эса 88,3 минг нафарни ташкил этиб, аҳолининг бандлик даражаси 90,7 фоизни ташкил этган. Хотин-қизларнинг бандлик даражаси 86,6 фоиз бўлган. Ишга муҳтож аҳоли 9 014 нафарни ташкил этиб, ишсизлик даражаси 9,2 фоизга етган.

Учинчидан, 2019 йил рўйхатдан ўтган тадбиркорлик субъектлари сони 1 020 тани ташкил этган бўлса-да, 625 таси нол ҳажмда ҳисобот топширган.

Тўртинчидан, президент виртуал қабулхонасига такрорий мурожаатларнинг келиб тушиши, мурожаатларнинг қаноатлантирилганлик даражаси пастлиги ва бошқа омиллар сабаб бўлган.

Бироқ ўтган 2019 йил маҳаллий бюджет тушуми учун 37,4 миллиард сўм режа белгиланган бўлиб, амалда 47 миллиард сўм маблағ ундирилиб, белгиланган режа 125,5 фоизга ёки 9,6 миллиард сўм ортиқ маблағ ундирилган.

2019 йил йил учун 26,3 миллион доллар экспорт прогнози белгиланган бўлиб, йил якунида 26,7 миллион долларлик мева-сабзавот ва саноат маҳсулотлари экспортга йўналтирилиб, белгиланган режа 102 фоизга бажарилган. 

Туманни қониқарсиз ҳолатдаги ҳудудлар қаторидан чиқариш бўйича сектор раҳбарлари томонидан тайёрланган йўл харитаси ҳамда уларнинг тайёрлаган ҳисоботлари Сенат раисининг эътирозига сабаб бўлди.

«Ушбу йўл харитасини туман кенгаши билан яна бир бор маслаҳатлашган ҳолда қайта кўриб чиқиш керак. Аниқ режалар муддати ва маблағи билан тайёрланиши лозим», деди Танзила Норбоева.

Сенат раиси депутатларни фаолроқ бўлишга чақирди.

Сектор раҳбарларига саволлар билан мурожаат қилган 26-сайлов округи депутати Икромжон Қодиров, тадбиркорликни ривожлантиришда уларга ер ва бўш жой бериш билан муаммолар ҳал бўлмаслигини, туманда аввало инфратузилмани яхшилаш кераклигини таъкидлади. Бу борадаги ишларда ҳам оқсашлар борлигини айтиб ўтди.

Икромжон Қодиров

Туман ҳокими Асадулла Нажмиддинов йўл харитасини қайта кўриб чиқиш ҳамда камчиликларни бартараф этишни 15 кун ичида бажаришга ваъда берди.

Ўткир Жалолхонов
Тайёрлаган Ўткир Жалолхонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид