Ўзбекистон | 22:26 / 06.10.2020
20339
5 дақиқада ўқилади

Бош прокуратура Гулжаҳон Йўлдошева иши бўйича баёнот берди

Ўзбекистон Бош прокуратураси Чирчиқ шаҳрида жойлашган Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонаси бош шифокори Гулжаҳон Йўлдошевага нисбатан қўзғатилган жиноят иши юзасидан баёнот берди.

Фото: Рамиз Бахтияров

«Иш ҳужжатларига кўра, 10.08.2020 йилда фуқаро Ш.Минбаев Чирчиқ шаҳар прокуратурасига мурожаат қилиб, Чирчиқ шаҳридаги юқумли касалликлар шифохонасида икки томонлама пневмония ва COVID-19 ташхиси билан оғир аҳволда даволанаётган қариндоши Ф.Рустамов 01.08.2020 йилда Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонаси ходимлари томонидан вилоят Руҳий асаб касалликлари диспансерига ўтказилганини ва 02.08.2020 йилда унинг соғлиғи ёмонлашиб вафот этганини, шу сабабли айбдор шахсларга қонуний чора кўришни сўраган.

Мазкур ҳолат юзасидан 11.08.2020 йилда Чирчиқ шаҳар прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 116-моддаси 3-қисми (Касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик, эҳтиётсизлик орқасида одам ўлишига сабаб бўлса) билан жиноят иши қўзғатилган.

Аниқланишича, бемор Ф.Рустамовнинг соматик холати оғирлиги, унда нафас етишмовчилиги мавжудлиги ва реанимацион муолажаларга муҳтожлигига қарамасдан, Юқумли касалликлар шифохонаси бош шифокори ушбу беморни оғир аҳволда вилоят Руҳий асаб касалликлари диспансерига юборилишига йўл қўйган.

Шу билан бирга, Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонасида Ф.Рустамов номига юритилган касаллик тарихида бемор COVID-19 касаллигидан тўлиқ тузалгани ҳақида сохта маълумот киритилган.

Бундан ташқари, Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонасида бюджет ва бюджетдан ташқари маблағларнинг мақсадли сарфланиши юзасидан ўтказилган назорат тадбири давомида жами 100 млн сўмдан ортиқ бюджет маблағлари растрата қилиш йўли билан талон-тарож қилингани аниқланган.

Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонаси бош шифокори Г.Йўлдошева бир неча маротаба терговга чақирилганига қарамасдан, узрли сабабларсиз кўрсатилган муддатларда келмаган.

Шунингдек, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг мутахассислари томонидан жорий йилнинг 28–29 август ҳамда 3, 4, 8 сентябрь кунлари ўрганиш учун шифохонага киришмоқчи бўлишганида, юқумли касалликлар шифохонаси ишчилари Г.Йўлдошеванинг телефонда берган топшириғига асосан мутахассисларни шифохона ҳудудига киритмасдан, ўрганишга тўсқинлик қилишган, бу ҳақда далолатномалар расмийлаштирилган.

08.09.2020 йилда шифохона бош шифокори Г.Йўлдошева мажбурий тартибда терговга олиб келиниб, ЖКнинг 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми «а» банди ҳамда 207-моддаси (Мансабга совуққонлик билан қараш) 3-қисми «а» банди билан айбланувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб этилган.

Айбланувчи Г.Йўлдошева тергов ҳаракатларини амалга оширишга тўсқинлик қилаётгани, ўзига юклатилган мажбуриятларни бажармаётгани, у томонидан содир этилган жиноят оғир жиноятлар туркумига киришлиги, шунингдек, унинг жиноий фаолият билан шуғулланишига барҳам бериш, қочиб кетишининг, далилларни яшириши ёки йўқ қилиб юборишининг олдини олиш мақсадида процессуал тартибда ушланиб, суднинг 09.09.2020 йилдаги ажрими билан унга нисбатан «қамоққа олиш» эҳтиёт чораси қўлланилган.

Қайд этиш керакки, жиноят иши бўйича Г.Йўлдошеванинг конституциявий ҳуқуқлари тўлиқ таъминланиб, у ҳимоячи билан таъминланган, унга нисбатан олиб борилаётган барча тергов ҳаракатлари бевосита ҳимоячиси иштирокида амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, Чирчиқ шаҳар прокуратураси томонидан 09.09.2020 йилда Чирчиқ шаҳар халқ таълими бўлимига Г.Йўлдошеванинг қарамоғида 6 нафар вояга етмаган фарзандларини ижтимоий ҳимоя қилиш масаласини кўриб чиқиш бўйича тегишли чоралар кўрилган.

Мазкур жиноят иши Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси томонидан тегишли тартибда ўрганиб чиқилиб, айбланувчи Г.Йўлдошева аёл эканлиги, шунингдек 6 нафар вояга етмаган фарзанднинг онаси эканлиги инобатга олиниб, Бош прокурорнинг ташаббуси билан унга нисбатан қўлланилган қамоқ эҳтиёт чораси уй қамоғи эҳтиёт чорасига ўзгартириш юзасидан Чирчиқ шаҳар прокурори томонидан судга тегишли илтимоснома юборилди ва суд томонидан прокурор илтимосномаси қаноатлантирилди.

Бироқ, эҳтиёт чораси ўзгартирилгани Г.Юлдошевадан барча айбловлар олиб ташланди дегани эмас.

Ҳозирда мазкур жиноят иши бўйича Чирчиқ шаҳар прокуратураси томонидан тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда. Натижаси бўйича тегишли айблов хулосаси билан жиноят иши суд муҳокамасига юборилади ҳамда мазкур жиноят иши юзасидан якуний тўхтам суд томонидан белгиланади. Жиноятга жазо муқаррарлиги тамойили тўлиқ таъминланади», – дейилади расмий баёнотда.

Мавзуга оид