Жамият | 15:58 / 06.10.2020
5867
15 дақиқада ўқилади

«Меҳнат мигрантлари: муаммо жиддий, лекин ечим йўқ эмас» мақоласини ўқиб...

Фото: РИА Новости

Kun.uz сайтида бериб борилаётган ижтимоий-иқтисодий вазият ва муаммоларга бағишланган мақолаларни ўқиб борар эканман, СамИСИ профессори, иқтисодиёт фанлари доктори М.Муҳаммедовнинг 13.09.2020 йилдаги «Меҳнат мигрантлари: муаммо жиддий, лекин ечими йўқ эмас...» мақоласи диққатимни ўзига тортди.

Гапнинг очиғини айтганда, иқтисодчи олим тараққиётимизнинг энг долзарб муаммолари рўйхатида биринчилар қаторида турган меҳнат миграцияси муаммосини кўтаришга журъат қилиб, катта масъулият билан уни ёритиб берганлиги менга чексиз қувонч бағишлади, унга раҳмат айтгим, ўз муносабатимни билдиргим, мақола охирида келтирган чақириқларига жавоб бергим келди.

Чунки меҳнат миграцияси ҳозирги босқичда Ўзбекистоннинг ҳам ижтимоий, ҳам иқтисодий тараққиётида муҳим аҳамият касб этувчи ўта долзарб муаммолардан бирига айланиб турибди. Шу сабабли ушбу мақолада иқтисодчи олим томонидан кўтарилган ва чуқур таҳлил этилган меҳнат миграцияси муаммолари ўринли ва келажак тараққиётимиз учун ўта аҳамиятли, деб ҳисоблайман.

Шуниси қувонарлики, кейинги вақтларда меҳнат миграцияси билан боғлиқ масалаларга давлатимиз, шахсан давлат раҳбари, катта эътибор қаратмоқда. 14 сентябрда президент Ш.Мирзиёев томонидан «Хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорнинг имзоланиши фикримнинг ёрқин далилидир.

Гўёки келишилгандай, олим ўз мақоласида «...агарда давлатни мустақилликнинг дастлабки бениҳоя оғир, машаққатли йилларида ва фавқулодда вазиятларида иқтисодий ночор аҳоли қатламларига ёрдам кўрсатишдан кўра меҳнат миграцияси учун эшикларини кенг очиб берганликда айблашга ҳақли бўлмасак-да, орадан шунча йиллар ўтиб, меҳнат миграцияси муаммосини ҳанузгача ҳал этмаганликда, ҳозирги кунда ҳам сон-саноқсиз юртдошларимиз бегона юртларда иш излаб юрганлиги сабабларини бартараф эта олмаганликда айблашга том маънода ҳақлимиз», деган сатрларни битаётган пайтда унга жавоб тариқасида президент имзолаган қарор лойиҳаси ҳам ишланаётган бўлган.

Ушбу қарор, менинг назаримда, президент раҳбарлигида давлатимиз томонидан халқ фаровонлигини ошириш, давлатимизнинг халқаро нуфузини кўтариш, мамлакатни нотўғри шакллантирилган ва бизга яхши самара бермаётган меҳнат миграцияси иллат ва камчиликларидан халос этишга қаратилган дадил қадам.

2021 йил 1 январдан бошлаб ташкиллаштирилган меҳнат миграциясини йўлга қўйиш ва унга асосан хорижга чиқиб кетаётган шахсларни ишга юборишдан олдин мажбурий тартибда касб-ҳунарга ўқитиш ва тилни ўргатиш тизимининг жорий этилиши — Ўзбекистонда меҳнат миграцияси муаммосини катта ақл билан ҳал этишнинг бош нуқтаси деб ҳисоблайман. Қарорда мамлакатда меҳнат миграциясидай долзарб муаммони ҳал этишнинг аниқ механизмлари ўз ифодасини топган ва уни амалга ошириш йўллари белгилаб берилган.

Эътиборли жиҳати шундаки, ушбу мақола жамиятимизни меҳнат миграциясининг ўткир муаммоларига бефарқ бўлмасликка, уни юртимиз манфаатлари устунлигини таъминлаш нуқтайи назаридан, ўзга мамлакатлар иқтисодий «тегирмонига сув қуйиб юрган юртдошларимиз»ни аста-секин, босқичма-босқич миллий иқтисодиётимизни юксалтирувчи ишлаб чиқариш омилига айлантиришга чақиради.

Қора меҳнат учун ишчи кучини арзон нархларда экспорт қилиш ҳисобидан мамлакат ҳеч қачон бойимайди. Ривожланган мамлакатлар сафидан муносиб ўрин олиш учун, мақола муаллифи тили билан ифодалаганда «бой ва қудратли давлат» бўлиш учун мамлакат тайёр маҳсулот ҳолига келтирилган юқори технологиялар асосида ишланган илмга сиғимкор рақобатбардош маҳсулот экспортини ташқи товар айланмасининг асосий манбайига айлантирмоғи керак.

Лекин бундай даражага эришиш учун биз ҳозир тайёр эмасмиз ва бунга эришиш учун иқтисодий тараққиёт йўлида ҳали анча масофани босиб ўтишимизга тўғри келади. Демак, ҳозирги босқичда меҳнат миграцияси имкониятларидан фойдаланишга мажбурмиз. Бироқ экспорт қилинадиган ишчи кучи малакали ва юқори сифатли бўлиши, фақат қиммат нархларда сотилиши ва мамлакатни бойитиш ғоясига хизмат қилмоғи даркор.

Президентимиз ташаббуси билан «Бир миллион дастурчи» лойиҳасининг ишлаб чиқилиши ва ишга туширилиши мамлакатимизда молиявий ресурслар танқислиги шароитида деярли харажатларсиз (масофадан уйда ишлаш ва ёшларимизни оғир жисмоний меҳнат ўрнига юқори иш ҳақи эвазига ақлий меҳнат билан оиласини боқишга ўргатиш) кўплаб иш ўринларини яратиш ва ишчи кучининг ташқи бозордаги нархини оширишда муҳим қадам бўлди.

Малакали ақлий меҳнатда (инновация ёки компьютер дастурни яратишда) бир марта энергия сарфланади, кейин уларни нусхалари кўп марта тираж қилиб сотилади, натижада кам сарф-харажатлар эвазига катта даромад олинади. Озиқ-овқат хавфсизлигида бу катта тежамкорликка олиб келади.

Оғир жисмоний меҳнатда эса ҳар куни катта энергия сарфланади ва озиқ-овқат исроф бўлади, инсон тез қарийди, умр қисқариши мумкин. Агар мияга 1 доллар сарфланса, у 1000 доллар бўлиб қайтиши мумкин (Ибн Сино, Марк Цукерберг ғоялари), танага 1 доллар сарфланса (яъни оғир жисмоний меҳнат), у 20-30 доллар атрофида бўлиб қайтади. АҚШ ва Европа мамлакатлари бизга ақлий меҳнат натижаларини тайёр маҳсулот сифатида қиммат нархларда сотади (сабаби ақлий меҳнат вақт бирлигида кўпроқ қиймат яратади), биз эса қимматбаҳо табиий ресурсларимизни ва халқимизнинг оғир жисмоний меҳнатини арзон нархларда сотамиз. Уларда билим ҳажми геометрик прогрессияда кўпайиб боряпти, бизнинг табиий ресурсларимиз эса камайиб бораяпти (газ, тилла, уран ва ҳоказолар).

Европаликлар табиий ресурсларни сотганларни «Она юртини сотяпти», деб бежиз айтмайдилар. Бугунги яратилган моддий бойликлар, буюмлар ва инфраструктураларнинг аксарияти — бу аввалги ақлий меҳнат натижалари.

Мақола Бандлик ва меҳнат вазирлиги, аҳоли бандлиги ва ишсизлик муаммолари билан шуғулланувчи кўпгина бошқа мутасадди ташкилотлар ва уларнинг раҳбарлари фаолиятини янада жадаллаштиришнинг ўзига хос катализатори вазифасини бажарди. Мақола эълон қилиниши билан Халқаро пресс-клуб сессиясида Ўзбекистоннинг Россиядаги фавқулодда ва мухтор элчиси Ботиржон Асадов Россиядаги юртдошларимиз муаммолари ҳақида гапирди. 16 сентябрдаги матбуот анжуманида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги шўъба бошлиғи Одилжон Комилжонов мигрантларнинг ақлий ва ишчанлик қобилиятини кўтариш зарурлигини таъкидлади.

Шу кунларда Ташқи миграция агентлиги томонидан мигрантларга бепул тил ва касб ўрганиш имкониятини яратиб беришга хизмат қилувчи Worldskills Uzbekistan ассоциацияси ва Worldskills Russia иттифоқи билан ҳамкорлик дастурини ишга туширгани эълон қилинди. Бу, ўз навбатида, муаллифнинг «...меҳнат мигрантларини, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини қўллаб-қувватлаш, давлат даражасида ҳимоя қилиш, уларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатишнинг самарали механизмлари ишлаб чиқилиши ва кенг кўламда ҳаётга татбиқ этилиши лозим» эканлигига урғу берган фикр-мулоҳазаларининг яққол ифодасидир.

Шу йилнинг 15 сентябрь куни Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида Ўзбекистон бош вазири ўринбосари С.Умрзоқовнинг Россия ҳукумати раисининг ўринбосари А.Оверчук билан бўлиб ўтган учрашувида ҳам меҳнат миграциясини тизимлаштиришнинг амалий механизмларини биргаликда ишлаб чиқиш ва ватандош-муҳожирларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга, уларнинг Россия Федерациясида яшаш ва меҳнат фаолиятини олиб бориш шароитларини яхшилашга қаратилган тартибга солинган тизимни жорий этиш бўйича келгусида биргаликда иш олиб боришнинг зарурлигини таъкидлаб ўтилгани муаллифнинг вақт билан қанчалик ҳамнафас фикрлаётганидан далолат беради.

Буларнинг барчаси ушбу мақолада илгари сурилган муаммоларнинг нақадар ҳаётий ва кечиктириб бўлмайдиган долзарб вазифа эканлигини яна бир бор тасдиқлайди.

Муаллиф томонидан илгари сурилган меҳнат миграциясини чекланган миқдорда фақат малакали ишчи кучини экспорт қилиш эвазига амалга ошириш сиёсатини йўлга қўйиш таклифи бугунги кунда бандлик ва меҳнат муносабатларини тартибга солишнинг муқобил йўли ҳисобланади.

Фикримизча, меҳнат мигрантлари сонини қисқартириш ва келгусида унга барҳам бериш амалиёти етарлича узоқ вақт талаб қилади. Шу боисдан ҳам чекланган миқдордаги ишчи кучи миграцияси ёки экспортини рағбатлантиришимиз, бунда 80/20 қоидасига асосланган ҳолда 50 фоиз малакасиз, 30 фоиз касбий-малакавий ва 20 фоиз олий маълумотли шахслардан иборат бўлишини жорий қилишимиз зарур, деб ҳисоблайман.

Муаллифнинг барча туманларда дастлаб битта, кейинчалик 2-3тагача қишлоқ хўжалиги соҳасида йирик-йирик давлат хўжаликларини ташкил этиш бўйича таклифи мамлакатимизда ер ресурсларида мужассамланган улкан салоҳиятни меҳнат миграциясининг мураккаб муаммоларини ҳал этишнинг самарали омиларидан бирига айлантиришни назарда тутади.

Дарҳақиқат, ер Ўзбекистоннинг катта бойлиги, дунёнинг камдан кам мамлакатларига шундай катта бойликка эгалик қилиш бахти насиб этган. Минг афсуслар билан тан олиш керакки, биз шундай қимматбаҳо бойликдан унумли фойдалана олмаяпмиз.

Шу кунларда Kun.uz сайтида кенг аудитория ҳукмига ҳавола этилган «Фермер бўлиш йўлидаги «саргузаштларим» — деновлик ёш тадбиркор ҳикояси» номли мақолани ўқидим.

Мақолада катта ниятлар билан иш бошлаган фермернинг муаммоларга тўлиб-тошган аянчли саргузаштлари очиқ-ойдин катта маҳорат билан баён қилинган. Сўзимнинг исботи сифатида мақоладан ёш фермернинг фермерлик ҳаракатидан ва қишлоқ хўжалигини кластерлашдан қўлга киритаётган «ютуқларимиз»дан чиқарган якуний хулосасини келтирмоқчиман:

«Биздаги фермерчиликни битта сўз билан изоҳлайдиган бўлсам, «исроф» сўзини ишлатган бўлардим. Чунки ер, сув, маблағ, инсонлар умри — барчаси катта миқдорда исроф бўляпти».

Охир-оқибатда ёш фермер бор-йўғидан айрилиб, қарзга ботиб, Россияга иш ахтариб кетишга мажбур бўлган. Хулласи калом, хорижда миграцияда юрган юртдошларимиз сонини камайтириш ўрнига уни яна бир кишига кўпайишига сабаб бўлди.

Токи Ўзбекистоннинг қимматбаҳо, нодир ер ресурсларидан унумли фойдаланиш механизмларини яратиб, ишга туширмас эканмиз, ривожланган мамлакатлар қаторида муносиб ўрин эгаллашга бўлган барча интилишларимиз хомхаёл бўлиб қолаверади.

Хулоса қилиб айтганда, мамлакатимизда ердан унумли фойдаланиш ва уни бойлигимизнинг асосий манбаларидан бирига айлантириш ўта долзарб муаммолардан ҳисобланади. Мақола муаллифининг бу борадаги таклифларини ушбу муаммони ҳал қилиш йўлидаги оқилоналик тамойилларига мос дадил қадамлардан бири сифатида қараш мумкин.

М.Муҳаммедовнинг Ўзбекистонда таълим сифатини кескин кўтариш бўйича таклифи бугунги кунда таълим тизимида ўз ечимини кутаётган энг долзарб муаммо ҳисобланади. Муаллифнинг радикал ўзгаришлар тўғрисидаги таклифи 20 йил давомида таълим тизимининг «Миллий кадрлар тайёрлаш дастури» тамойили ўзини оқламаганлигига радикал ўзгаришлар асосида бугунги кунда ижтимоий-иқтисодий лексиконнинг баҳс-мунозарасига айланган «рақобатбардош» кадрлар тайёрлаш тамойилига ўтишимиз зарурлигига даъват қилмоқда.

Олий таълим тизимига ўтишда тест синовлари натижаларига назар ташлайдиган бўлсак, республика бўйича мактаб битирувчиларнинг 72 фоизи умумий баллнинг 50 фоиздан кам натижага эришмоқда. Бу эса мактаб таълимининг сифатсиз амалга оширилаётганидан, мактабларда ўқитувчиларнинг билим савиясини ошириш, айниқса замонавий ахборот коммуникация технологияларидан фойдалана олиш кўникмаларини ривожлантириш зарурлигини ҳамда педагогик таълимнинг ўзи ҳам радикал ўзгаришларга муҳтож эканлигидан далолат беради.

Муҳтарам президентимиз таълим сифатини оширишнинг аҳамиятига алоҳида эътибор қаратиб: «Ўқув стандарт ва услублар таълим тизими ўқувчисининг индивидуал қобилиятини рўёбга чиқариш нуқтайи назаридан қайта кўриб чиқилиши керак. Шунда юртимизда яна Берунийлар ва Улуғбеклар дунёга келади. Мен бунга албатта ишонаман», деб таъкидладилар.

Фикримча, биз президентимиз фикрларига амал қилиб, таълим сифатини оширишга доир албатта йўл харитасини тузишимиз керак. Ўқувчиларнинг қобилиятини болалигидан ривожлантириб, уни ўсиш омилларини атрофлича таҳлил қилиб, тарбияласак ва болани қобилиятига мос таълим ва касб танлаб берсак, у албатта ақлий меҳнат билан тез бойишга қодир бўлади.

Нега таълим тизимида ўқувчининг қобилиятини (ақл-заковатини) олдиндан аниқлаб, уни ҳар йил ривожлантириб ва самарали ишлатиб бой бўлишга ўргатмаймиз? Таълим стандартлари билан 11-15 йил ўқитгандан кейин ҳам боланинг қобилияти юқори даражада ривожланмаяпти, кўп ҳолларда эса, аксинча, пасайиб бораяпти ва бунинг оқибатида у оғир жисмоний меҳнатга маҳкум этиляпти.

Менимча, 150дан юқори балл билан Юридик университети ҳамда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетларига кира олмаган абитуриентларни ОТМларнинг педагогика мутахассисликларига жалб қилиш механизмларини ишлаб чиқишимиз керак. Юқори малакали педагоглар тайёрлаш концепцияси ва унинг йўл харитасини тайёрлаш керак.

100дан кам балл билан ОТМга ўқишга кирган талабаларни ўқитиб, улар институтни битиргач, мактабларда педагоглик қилишса, улар ўқитган ўқувчилардан олий таълим тизимида инноватор кадрларни тайёрлаб бўлмайди!

Таълим очиқ тизим. Унинг сифатига 50–60 фоиз ташқи омиллар таъсир кўрсатади: ақлли оила, ақлли маҳалла, ақлли тиббиёт, ақлли жисмоний тарбия ва сифатли билимга эга инсофли, бой ва таълимга ҳомийлик қиладиган инсонлар.

Билим соҳасининг педагогика, ишлаб чиқариш, техника соҳаларида ўқув дастурларини танқидий қайта кўриб чиқиш ва такомиллаштириш кун талабидир. Бугунги ахборотлашган жамиятда таълим олувчиларнинг бу соҳадаги билимлари таълим тизимида ўқитилаётган билимлардан анча илгарилаб кетгани бунинг яққол далилидир.

Муаллифнинг мамлакатимизда «ёш-у қари, катта-ю кичик, амалдор-у хизматкор, барча-барчанинг асосий диққат-эътиборини таълимга, бутун куч-ғайратини уни тубдан яхшилашга йўналтирадиган таълим моделини яратиш» хусусидаги таклифи менга жуда ёқди. Фикримча, ушбу таклифни жиддий ўйлашимиз, уни амалиётга жорий қилиш механизмларини излаб топиш тўғрисида бош қотиришимиз керак.

Зеро, азал-азалдан илмга бой халқимиз орасида йўқдан бор қиладиган, қимматбаҳо ресурслардан рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришга қодир иқтидорли кишилар жуда кўп. Лекин мамлакатимизда уларнинг барча яширин имкониятларини рўёбга чиқаришга рағбатлантирувчи таълим тизими шаклланмаган.

Токи халқимизнинг улкан салоҳиятини рўёбга чиқариш ва уни миллий иқтисодиётни юксалтиришнинг асосий омилига айлантиришнинг самарали механизмлари яратилмас экан, иқтисодий тараққиётда катта ютуқларни қўлга киритишимиз қийин кечади. Чунки мамлакат равнақи фақат қўлида дипломи бор мутахассисларнинг сони билан эмас, энг аввало улар билимининг сифати билан белгиланади. Билим сифатини тубдан яхшилашни таълим тизими самарадорлигига баҳо беришнинг бош мезонига айлантириш вақти келди.

Саидаҳрор Ғуломов,
ЎзФА академиги.

Мавзуга оид