Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонаси бош шифокори Гулжаҳон Йўлдошева қарийб бир ойдан буён қамоқда қолмоқда. Жамоатчиликда воқеа юзасидан кўплаб саволлар юзага келди, изоҳлар янгради. Бу орада бир нарса аён бўлиб қолди – гап фақат бир шифокор шаъни ва тақдири ҳақида кетмаяпти. Балки мазкур ҳодиса аҳамияти хусусий бир ҳолатдан ошиб ўтиб, жамиятимиз юз тутиб турган бир қанча иллатларни жамоатчилик кўз ўнгида намоён этгандек.

Ҳолатга сабаб бўлган нарса эса шифокор Г.Йўлдошеванинг Kun.uz сайтига берган интервьюси, шифохонаси дучор бўлган муаммоларни гапириб бергани бўлди.

Айнан ўша интервью эълон қилинганидан бир кун ўтиб шошилинч равишда жиноят иши қўзғатилган. Хўш, Гулжаҳон Йўлдошева интервьюда нималарни айтиб берган эди?

«Мен Чирчиқ шаҳрида жойлашган Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонасининг бош врачиман. Шифохонамиз 1960 йилда ташкил топган. Бошида бу шифохона Чирчиқ шаҳрига қарашли бўлиб, 100 та койкага мўлжалланган бўлган. Сўнгра койкалар сони 80 тагача қисқартирилди, кейинроқ, 2000 йилда Чирчиқ шифохонаси вилоят шифохонасига ўтказилди. Бу ердаги реанимация ва қабул бўлимлари ҳам қисқариб кетди.

Президентнинг 2017 йил 6 сентябрдаги қарори билан мен Тошкент вилоят юқумли касалликлар шифохонасининг бош врачи этиб тайинландим. Келганимда бу ерда на реанимация, на қабул бўлими, на ОИТВ бўлими бор эди – фақат ўткир ичак инфекциялари ва ҳаво-томчи инфекциялари бўлими фаолият кўрсатарди.

Бу ерда иш бошлаган давримда президентнинг бир қатор қарорлари чиқди, улар асосида биринчи галда реанимация бўлими тузилмасини ташкил этдик. Чунки бу муҳим эди, оғир касалларни Тошкент вилояти бўйича олиб борадиган жой йўқ эди.

Тошкент вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасига реанимация бўлимини қайта жиҳозлаш ва ускуналар билан таъминлашда молиявий ёрдам сўраб бир неча бор мурожаат қилдик, лекин мурожаатларимиз жавобсиз қолиб кетди.

Президент қарорига кўра тузилмага ўзгартиришлар киритилди ва ОИТВ бўлимини очдик, чунки Тошкент вилоятида биттаям ОИТВ бўлими йўқ эди. Аввалига ОИТВ бўлимида 10 та, сўнгра 20 та койка очилди. Худди шунингдек, ОИТВ бўлимини қайта жиҳозлаш ҳамда зарур ускуналар учун маблағ сўраб хат ёздик.

15 март куни пандемия эълон қилингач, эртасига шифохонамизни карантин зонаси сифатида ёпиб қўйишди. Бизга шунчаки COVID-19 юқтирганликда гумон қилинганлар эмас, иситмаси кўтарилган ва COVID-19нинг дастлабки клиник симптомларига эга инсонларни ётқиза бошлашди.