Жаҳон | 00:00 / 07.10.2020
54838
11 дақиқада ўқилади

Қорабоғдаги уруш, ўнинчи кун: Човушўғли Озарбойжонга далда бериш учун Бокуга келди

Сешанба куни, Қорабоғдаги ҳарбий ҳаракатларнинг ўнинчи кунида Бокуга Озарбойжонни бу урушда очиқчасига қўллаб-қувватлаётган Туркия ТИВ раҳбари ташриф буюрди. Мавлуд Човушўғли яна бир бор халқаро ҳамжамиятнинг тинчлик чақириғини рад этди ва Туркия Озарбойжон билан биргалигини таъкидлади. Бу вақтда Қорабоғдаги шаҳарлар ва қишлоқлар ўққа тутилиши давом этди.

Фото: Reuters

«Улар ўт очишни тўхтатишга чақиришмоқда. Яхши, ўт очиш тўхтатилади- кейинчи? Сиз Арманистонни зудлик билан озарбойжонликлар ҳудудини тарк этишга мажбурлай оласизми? Йўқ. Биз бундай чақириқларни 30 йилдан буён эшитиб келмоқдамиз», деган Туркия ташқи ишлар вазири Мавлуд Човушўғли Бокуда.

Туркиялик вазир Озарбойжон президенти Илҳом Алиев ва ташқи ишлар вазири Жайҳун Байрамов билан учрашган ҳамда бу учрашувларда яна бир марта ҳарбий ҳаракатлар бошидан буён турклар раҳбарияти айтиб келаётган сўзларни такрорлаган: Туркия Озарбойжонни жанг майдонида ҳам, халқаро аренада ҳам сўзсиз қўллаб-қувватлайди.

Бу вақтда Арманистон бош вазири Никол Пашинян Тоғли Қорабоғга ташриф буюрган.

Овозсиз эълон қилинган видеода Пашинян ҳарбийлар ва тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикаси президенти Араик Арутюнян билан ниманидир муҳокама қилаётгани акс этган.

Сешанба куни кечқурун, қисқа муддатли жимликдан сўнг томонлар Қорабоғдаги фронт чизиғида жойлашган шаҳарлар ва қишлоқлар ўққа тутилиши бошлангани ҳақида хабар беришди.

Араик Арутюнян республика пойтахти Степанакерт шаҳрига яна зарбалар берилганини маълум қилди.

Шунингдек, Озарбойжондаги нашрларда Ағдам туманидаги қишлоқлар арман ҳарбийлари томонидан артиллерия орқали ўққа тутилгани ёзилди.

Хабарларга кўра, Сафарли қишлоғида 66 ёшли Эйваз Рагимов ҳалок бўлган, камида икки киши жароҳатланган.

Озарбойжон назоратида Ағдам туманининг бир қисми қолган, 30 минг киши яшаган Ағдам шаҳри 1991-1994 йиллардаги уруш вақтида арман ҳарбийлари томонидан йўқ қилиб юборилган, унинг харобалари ўрнидаги ҳудуд эса айни вақтда тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикаси таркибида.

Сешанба куни кечқурун Тоғли Қорабоғ мудофаа вазирлиги Озарбойжон армияси жанубий қанотда - Эрон билан чегара ҳудудидаги Жабройил туманида яна кенг кўламли ҳужум бошлагани ҳақида хабар берди.

Айтиш керакки, арман ҳарбийлари эса рақибнинг «кенг кўламли ҳужумлари муваффақият билан қайтарилгани» ҳақида хабар бериб келмоқда. Бу баёнотларнинг ҳам, иккинчи томон баёнотлари ҳам қанчалик ҳақиқатга мослигини текшириш имконсиз: ҳарбий ҳаракатлар майдонидаги ҳолат бўйича мустақил манбаларнинг маълумоти йўқ.

Яқин орада ҳаво ўзгариши вазиятни янада кескинлаштириши мумкин: сўнгги кунлардаги ёмғирлардан кейин яна очиқ ҳаво қайтмоқда.

Синоптиклар чоршанба куни фронтнинг жанубий участкасида, Фузулий ва Жабройил туманларида кун иссиқ ва қуёшли бўлишини айтишмоқда. Тоғли Қорабоғ осмонида ҳам эртага ёмғир ёғиши тўхтайди, пайшанба куни булутлар тарқала бошлайди.

Тоғли ҳудудлардаги ёмғирлар ва булутлар осмонда ҳам, қуруқликда ҳам ҳарбий техникалар ҳаракатига таъсир кўрсатади.

6 октябрь куни Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба BBC билан интервью чоғида Киев ҳудудий яхлитлик масаласида Озарбойжонни тўла қўллаб-қувватлашини айтиб ўтган, Украинанинг Туркия билан ҳамкорлигини эса икки мамлакат учун ҳам «чуқур стратегик ҳамкорлик» деб атаган.

«Қуролли тўқнашув оқибатида ўз ҳудудининг бир қисми эгаллаб олинган давлат сифатида, биз ҳар қандай давлатнинг ҳудудий яхлитлиги тарафдори бўламиз. Бу ўринда, Арманистон, Озарбойжон ёки бошқа бирорта давлат бўлиши муҳим эмас [...] Украина бу масалада ҳамиша Озарбойжонни қўллаб-қувватлайди, Озарбойжон эса Украинани, бу борада ортиқча гап бўлиши мумкин эмас», деган Дмитрий Кулеба.

Туркиянинг янги роли

27 сентябрь тонгида бошланган жангларнинг биринчи ўн кунлиги шуни кўрсатдики, бу Қорабоғда вақти-вақти билан юз бериб турадиган отишмалардан навбатдагиси эмас, катта уруш бўлиб чиқди. Бу урушда эса озарбойжонликларни уларнинг яқин қўшниси - минтақадаги йирик давлатлардан бири Туркия қатъий қўллаб-қувватламоқда.

Бошқа йирик давлатлар ва ташкилотлар - Россия, Франция, АҚШ, Евроиттифоқ, НАТО, БМТ, ЕХҲТ - уларнинг барчаси томонларни зудлик билан ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга ва 26 йилдан буён самарасиз бўлиб келаётган музокаралар столига ўтиришга чақирмоқда.

Туркиялик сиёсатчилар, президент Ражаб Тоййиб Эрдўған ва ташқи ишлар вазири Мавлуд Човушўғлидан тортиб барчаси бу сафар музокаралар фақат Арманистон қуролли кучлари Озарбойжон ҳудудидан, яъни Тоғли Қорабоғдан бутунлай чиқиб кетсагина бошланиши мумкинлигини айтишмоқда.

«АҚШ, Россия ва Франция қарийб 30 йил давомида бу муаммога эътиборсиз қараб келишганини ҳисобга олсак, энди улар ўт очишни тўхтатиш йўлларини излашда иштирок этмоқчи бўлишларини қабул қилиб бўлмайди», деди Эрдўған Туркия парламентидаги чиқишида. Ўша куни АҚШ, Россия ва Франция президентлари Қорабоғ можароси бўйича қўшма баёнот беришганди. Озарбойжон раҳбарияти ҳам тинчлик музокаралари бошланиши учун худди шу каби шартларни қўйди.

Сиёсий қўллаб-қувватловдан ташқари, Туркия Озарбойжонни ҳарбий техника, хусусан, ҳужумкор дронлар билан таъминлайди, айрим манбаларга кўра турклар озарларни ёлланма жангчилар билан ҳам таъминламоқда.

Қорабоғда ҳарбий ҳаракатлар бошлангач Европадаги қатор нашрлар, хусусан, BBC ҳам ўз манбаларига таянган ҳолда Сурия шимолидаги Асад режимига қарши гуруҳлар жангарилари Туркия орқали Қорабоғдаги урушга жалб қилингани ҳақида хабар тарқатди.

Бундай ёлланма жангарилар ҳақида ўтган ҳафта бошида Франция президенти Эмманюэль Макрон ҳам гапирди, кўп ўтмай Россия ТИВ шу ҳақдаги хабарлардан ташвишдалигини билдирди.

Озарбойжон ва Туркия эса ёлланма жангарилар ҳақидаги айбловларни рад этиб келишмоқда.

Арманлар ҳам ниҳоятда қатъий кайфиятда - чунки улар Озарбойжон билан зиддиятни (Туркия билан ҳам) шунчаки Тоғли Қорабоғ ва унинг атрофидаги ҳудудлар кимга тегишли экани ҳақидаги баҳс сифатида эмас, ўз мавжудлигини сақлаб қолиш учун кураш сифатида қабул қилмоқда.

1991-1994 йиллардаги уруш вақтида рўй берган ваҳшийликлар ва этник тозалашлар икки халқ хотирасида ҳам жиддий психологик жароҳат қолдирган. Томонларнинг ўзаро нафрати ҳеч қаерга йўқолмаган. Қорабоғдаги арманлар Озарбойжон ҳукуматида тинч яшаш имконсиз деб ҳисоблаб, охирига қадар курашишга қарор қилишган.

«Уларнинг мақсади — арманлар, уларнинг мақсади — арман геноциди сиёсатини давом эттириш", — деди шанба куни Арманистон бош вазири Никол Пашинян миллатга мурожаатида.

Бу сафар Қорабоғдаги ҳарбий ҳаракатлар кўлами аввалгиларидан анча кенг миқёсда кечмоқда.

Томонлар юзлаб ҳарбий техникаларни, стволли ва реактив артиллерияларини жангга ташлаган, Озарбойжон томони эса зарба берувчи ва разведкачи дронлардан фойдаланмоқда.

Озарбойжон мудофаа вазирлиги деярли ҳар куни янги видеокадрларни эълон қилмоқда, уларда дронлар душманнинг зирҳли техникаларини, гаубицаларини, ҳарбий юк машиналарини, қўмондонлик пунктларини ва арманларнинг позицияларини ўққа тутаётгани тасвирланган.

Шунга асосланиб, мутахассислар дронлар туфайли (туркларнинг Bayraktar русумли учувчисиз учиш қурилмалари) арманларнинг бу жанглардаги ҳарбий йўқотишлари жуда кўп миқдорда бўлаётганини тусмол қилишмоқда.

Икки томоннинг йўқотишлари тўғрисида аниқ маълумотлар йўқ: ҳарбий ҳаракатлар майдонидаги маълумотларга эга бўлган мустақил манбалар мавжуд эмас, урушувчи томонлар бераётган ҳисоботлар холислигига эса илк кунларданоқ ишонч йўқолган - икки томон ҳам ўз муваффақиятларини бўрттириб кўрсатмоқда.

Сешанба куни Арманистон томони эълон қилиб бораётган қурбонлар рўйхатига яна 21 ном қўшилди ва уларнинг жами сони - 240 киши.

Озарбойжон эса ҳамон ўз йўқотишлари ҳақида очиқ маълумот бермай келмоқда, фақат тинч аҳоли орасидаги қурбонлар ҳақида маълум қилинмоқда: сешанба кунги ҳужумлардан кейин, расмий маълумотларга кўра, бундай қурбонлар сони 28 нафарга етган (арман томони тинч аҳоли вакилларидан 10дан ортиқ қурбон берилганини маълум қилган).

Қорабоғ низоси - қисқача маълумот

Арман ва озар ҳарбийлари ўртасидаги тўқнашувлар — этник низонинг навбатдаги эпизоди бўлиб, бу зиддият марказида Тоғли Қорабоғ мақоми бўйича ҳудудий баҳс туради.

Советлар даврида бу ҳудуд автоном област сифатида Озарбойжон ССР таркибида бўлган, аммо ҳудуд аҳолиси орасида арманлар кўпчиликни ташкил этган.

Маҳаллий арманларнинг Арманистон билан бирлашув учун ҳаракатлари СССР ҳукумати томонидан бостирилиши охир-оқибат можарога олиб келган, СССР парчалангач эса кенг миқёсли уруш бошланган, ҳарбий ҳаракатлар давомида этник тозалашлар ўтказилган, ҳарбий жиноятлар содир этилган.

Уруш 1994 йилда ЕХҲТнинг Минск гуруҳи (Россия, Франция ва АҚШ) воситачилигида сулҳ тузилиши билан якунланган.

Сулҳ битимидан кейин Тоғли Қорабоғ ва унинг атрофидаги еттита туман арман ҳарбийлари назоратида қолган. Бу ҳудудда тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикаси ташкил этилган. Боку эса бу ҳудудни арманлар томонидан босиб олинган ўз ҳудуди деб ҳисоблайди.

Ереван расман Тоғли Қорабоғ республикасини тан олмаган, аммо ўзини унинг хавфсизлиги кафолати деб билади, республика бюджети ва армияси Арманистон билан чамбарчас боғлиқ.

1994 йилдан буён ўтказилган тинчлик музокаралари наф бермаган. Томонлар 2001 йилда келишувга яқин келишганди, ўшанда Американинг Ки-Уэст номли курорт шаҳрида Озарбойжон ва Арманистон президентлари тинчлик битимини имзолаш учун учрашишганди. Аммо сўнгги лаҳзаларда музокаралар барбод бўлади.

Туташув чизиғида томонлар тез-тез кичик тўқнашувлар ва мерганлик баҳслари ўтказиб туришади, бу эса ҳарбийлар орасида ҳам, тинч аҳоли орасида ҳам қурбонларга сабаб бўлади. 2016 йил апрелида бундай тўқнашувлар кенг кўламли урушга айланиб кетган ва юздан ортиқ киши ҳалок бўлганди.

Икки давлат ўртасидаги музокаралар жараёни 2018 йилда яна фаоллашди, Арманистон бош вазири Пашиняннинг Озарбойжон президенти Алиев билан икки учрашув ўтказиши зиддиятни сезиларли даражада юмшатди.

Ўшанда ҳатто икки мамлакат ташқи ишлар вазирлари аҳолини тинчликка тайёрлаш зарурлигини таъкидлашганди. Аммо бир ярим йил ўтиб бу йўналишда қўйилган ягона қадам журналистлар делегациялари алмашинуви бўлди - унутилган амалиёт тикланганди.

2020 йил июлида Қорабоғда эмас, Арманистон ва Озарбойжон чегарасида тўқнашув содир бўлди. 2016 йилдаги кескинлашувдан фарқли ўлароқ (ўшанда Россия бош вазири Боку ва Ереван шаҳарларига келганди), июль ойидаги тўқнашувлар халқаро майдонда жиддий акс-садо бермади - томонларни яраштириш бўйича саъй-ҳаракатлар олиб борилмади.

Мавзуга оид