Жаҳон | 22:56 / 07.10.2020
28530
3 дақиқада ўқилади

ССВ коронавирус статистикасида беморлар сони камайтириб кўрсатилаётгани ҳақидаги танқидларга жавоб қайтарди

Cоғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати коронавирусга гумон қилинган, инфекция тасдиқланмаган ва пневмонияга чалинган беморлар расмий статистикага киритилмаслигини яна бир бор таъкидлади.

«Ижтимоий тармоқларда коронавирусдан даволанаётганлар сони, хусусан, Самарқанд вилоятида коронавирусга чалинган беморлар бўйича берилган Соғлиқни сақлаш вазирлигининг расмий статистик маълумотларига нисбатан танқидий муносабат акс этган баёнотга жавобан қуйидагиларни маълум қиламиз.

Вазирлик  коронавирус билан боғлиқ статистик рақамларни яширишдан манфаатдор эмас. Бундан ташқари, коронавирус статистик кўрсаткичлари Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсиялари асосида Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан олиб борилади ва унга махсус лаборатор (ПЗР) тиббий текширувлар (шу жумаладан, нодавлат тиббиёт муассасаларида ўтказилган тест натижалари) орқали касаллиги тасдиқланган беморларгина киритилади. 

Айрим симптомлар мавжуд бўлиб, коронавирусга гумон қилинган, лекин инфекция тасдиқланмаган, шунингдек, пневмония ёки ўткир респиратор инфекциясига чалинган ёки уларга гумон қилинган беморлар, табиийки, умумий расмий статистикада ҳисобга олинмайди.

Қолаверса, ҳозирда мавсумий юқумли респиратор касалликлар авж оладиган куз фасли бошланганини инобатга олсак, турли вирусли касалликларнинг аҳоли орасида авж олиши ҳам даволаш муассасаларидаги беморлар сонининг кўпайишига сабаб бўлмоқда. 

Юқумли касалликларга ихтисослашган шифохоналар ҳамда юртимизнинг қатор ҳудудларидаги Саралаш ва тақсимлаш марказлари, шунингдек, вақтинчалик «COVID» шифохоналарида, жумладан, Самарқанд ва Андижон вилоятларида ҳам бундай беморлар стационар шароитда даволанишмоқда», дейилади хабарда.

Маълум қилинишича, ҳозирда Самарқанд вилоятида 14та туман ва 2та шаҳар аҳолиси учун 41та шифохонада, жами 11 763 шифо-ўринлари мавжуд. 

Шундан коронавирусга чалинган беморларни даволаш ҳамда касалликда гумон қилинган беморлар бошқа беморлардан алоҳидалаш учун юқорида кўрсатилган 14та туман ва 2та шаҳарда 2 950та шифо-ўрни яратилган.  

«Ҳозирда ушбу шифо-ўринларида коронавирусга гумон қилинган, лекин ПЗР лаборатор текширувида тасдиқланмаган (шу жумладан, клиник симптомлари ўхшаш бўлган мавсумий юқумли респиратор касалликларга чалинган) беморларнинг бошқа турдаги касалликлардан алоҳида стационар даволаниши ташкил этилган.

Шу йил 7 октябрь ҳолатига кўра, вилоятда ЖССТ тавсиялари асосида коронавирус инфекцияси аниқланган 136 нафар бемор даволанмоқда. Бу вазирлик бераётган расмий статистикага мос келади.

Шуни таъкидлаб ўтиш жоизки, ижтимоий тармоқларда тиббиёт нуқтайи назаридан, шунингдек, юқорида кўрсатилган коронавирус ҳамда унга гумон қилинган ёки мавсумий респиратор юқумли касалликлари мавжуд беморларнинг умумий статистикаси таҳлил қилинмаган ҳолда берилган», дейилган хабарда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги аҳоли орасида ўринсиз cаросимага сабаб бўлувчи тасдиқланмаган ахборотларни тарқатмасликни, шунингдек, фақат расмий маълумотларга таянган ҳолда фикр юритишни сўраган.

Эслатиб ўтамиз, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурҳонов 6 октябрь куни агентликда ташкил этилган матбуот анжуманида Самарқанд вилоятида COVID-19 инфекциясидан даволанаётган беморлар статистикаси ўн баравар камайтириб кўрсатилгани ҳақида гапирганди.

Мавзуга оид