Кипрда 46 йил ёпиқ қолган “арвоҳ-шаҳар” ташриф учун очилди
8 октябрда Кипрнинг Туркия назоратидаги ҳудудида жойлашган Фамагуста шаҳрида 46 йил ёпиқ қолган Вароша мавзеси ташриф учун очилди.
Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Варошанинг соҳилбўйи қисми очилишини Шимолий Кипр Турк Республикаси бош вазири Эрсин Татар билан Анқарада 6 октябрда ўтган матбуот анжуманда эълон қилган.
Вароша курорти (туркча номланиши Мараш) 1974 йилда Кипрнинг бир қисми турк қўшинлари томонидан эгаллаб олиниб, орол бўлингандан кейин ёпилган. Вароша БМТ Хавфсизлик кенгашининг 1984 йилдаги резолюцияси билан ҳимояланган. Ҳужжатда кимсасиз шаҳар фақатгина унинг дастлабки аҳолиси томонидан эгалланиши мумкинлиги айтилган.
“Пайшанбадан [8 октябрь] Шимолий Кипр аҳолиси Марашнинг соҳилбўйидан фойдаланиши мумкин. Мараш тўлиқ очилиши, бунда мулкка эгалик ҳуқуқи ҳурмат қилиниши лозим. Мараш ҳудуди шубҳасиз Шимолий Кипрга тегишли”, деб айтган Эрдўған.
Бироқ Кипрнинг “Филелефтерос” нашрида таъкидланишича, Никосияда Туркиянинг бу режасидан жиддий хавотир билдирилган. “Дипломатик манбаларга кўра, Кипр Республикасининг бунга нисбатан жавоби қатъий бўлади. Бу ҳолат юзасидан БМТга мурожаат қилиниши муқаррардир”, дейилган хабарда.
Туркиянинг таъкидлашича, ёпиқ шаҳар мақоми ўзгармайди ва БМТ резолюцияси бузилмайди, шунчаки пляжнинг бир қисмига киришга рухсат берилади.
Мавзуга оид
16:43 / 06.11.2024
Эрдўған туркийзабон давлатларни умумий алифбога ўтишга чақирди
18:09 / 05.11.2024
Туркия Қирғизистоннинг ташқи қарзидан кечди
09:50 / 04.11.2024
Туркия ТИВ раҳбари: Украина яхлитлиги тинчликнинг шартидир
10:30 / 02.11.2024