Мудҳиш воқеанинг сабаблари кўп. Масъулларнинг масъулиятсизлиги, қурилиш ишлари, аҳоли бепарволиги ва ҳоказо.

Ўша ҳалокатда омон қолган, фарзандларини аранг қутқариб олган бўлса-да, аммо ота-онаси ва акаси тириклайин ер остида қолган Қурол Рахов биз билан суҳбатда 29 йил аввалги воқеа тафсилотларини сўзлаб берди.
Воқеа картинаси, фожиа азамати ва ҳайбати, инсон омили ва табиат ҳодисаси кўламини қишлоқ чеккасига – ўша бир пайтлари қишлоқ бўлган, ҳозирда зиёратгоҳ ташкил этилган жойга бориб, Қурол амаки билан суҳбатлашгач, оз бўлса-да тушундик, ҳис қилдик.
Аввалига воқеанинг расмий талқинини келтириб ўтсак:
«Кучли жала ва сейсмик таъсир натижасида 1991 йилнинг 4 май куни Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳридаги Жигаристон посёлкаси районида табиий офат — кўчки юз берди ва у моддий зарар етказди. Уй-жойлар, хўжалик иморатлари, коммуникациялар, йўллар ва бошқа иншоотлар зарарланди. Қурбон бўлганлар бор.
Вазирлар Маҳкамаси қайд қиладики, Жигаристон посёлкасида юз берган кўчки тасодифий ва кутилмаган ҳодиса эмас. 1990 йилнинг апрель ойидаёқ ёки воқеа юз беришидан бир йил олдин ЎзССЖ Давлат геология қўмитасининг инженерлик-геология хизмати 33 хонадондан аҳолини хавфсиз жойга дарҳол кўчириш ҳақида халқ депутатлари Ангрен шаҳар Совети (ўртоқ Юсупалиев)га расмий хатлар йўллаган эди.

ЎзССЖ Вазирлар Маҳкамаси 1990 йилнинг 5 май куни Тошкент вилоят ижроия қўмитаси (ўртоқ Сайдалиев)га ва «Средазуголь» ишлаб чиқариш бирлашмаси (ўртоқ Лелеко)га бу масалани дарҳол кўриб чиқиб, қабул қилинган чора-тадбирлар ҳақида жумҳурият Ҳукуматини 10 кун муддат ичида хабардор қилишни топширган эди. Лекин ҳеч қандай амалий чора-тадбирлар кўрилмади.
Бу масалага номаълум сабабларга кўра хавфли зонадан кўчишни рад этган Жигаристон аҳолисининг гапларига учиб, Ангрен шаҳар ижроия қўмитаси раҳбарлари мазкур масалага муросасозлик билан, бефарқ муносабатда бўлганликларини алоҳида қайд қилиш керак.





















