Ижтимоий объектлар фасадини безовчи, кўчаларга «файз» берувчи, қандайдир фойдаси борлиги исботланмаган баннерлар фуқаролар ҳаёт тарзини фаровонлаштиришга хизмат қилармикин? Собиқ иттифоқдан мерос қолган тарғибот баннерлари бугунги кун учун долзарбми? Харажатлари аксари солиқ тўловчилар зиммасида бўлган баннерлар бизга қанчалик керак?

Бизнесга айланган соҳа

Турмушимизнинг бир бўлагига айланган мафкуравий тарғибот баннерлари аллақачон бизнеснинг бир турига айланган. Ундан жуда кўпчилик моддий манфаатдорлиги сир бўлмаса керак. Ушбу баннерлар ихтисослашган фирма ва босмахоналар томонидан тайёрланади. Шундай фирмалардан бирида маълум муддат фаолият юритган ходим билан боғланиб, айрим маълумотларни олдик.

Унинг айтишича, фирма ўзи ишлаб чиқарган маҳсулотларни ташкилотларга харид қилишлари учун расмий хат орқали мурожаат этган. Масалан, коррупция ва терроризмга қарши тарғибот материаллари қайси ташкилотга зарур бўлса, уларга етказиб берилган. Юқори турувчи орган, масалан, маълум вазирликка таклиф этилган баннерлар мавзуси ёқса, улар буни харид қилади. Тизимнинг қуйи поғонасидаги органларга эса юқори турувчи орган томонидан расмий хат тайёрланади, уларнинг рўйхати берилади. Сўнг фирма томонидан қуйи ташкилотларга маҳсулотларни «ўтказиш» учун ўша расмий хат асос қилиб олинади.

Фирма ходимлари расмий хатни тизим ташкилотларига жўнатган. Унда «мавжуд сиёсатни тарғиб этишда амалий ёрдам беришингиз сўралади» деган «тавсиявий» характердаги фикрлар келтирилади.

«Ташкилот раҳбарлари баннерларни сотиб олишни рад этишлари ҳам мумкин. Бу ҳолатга ҳам олдиндан тайёргарлик кўрилган. Юқорида турган органга қуйи ташкилот рад жавобини берганлиги тўғрисида «хат» чиқарилиши айтилгандан сўнг улар ҳам мақсад нималигини тушуниб олишар ва харид қилишга, табиийки, мажбур бўлишарди», – дея ҳикоя қилади суҳбатдошимиз.

Шу соҳадаги бошқа бир хусусий фирма вакили билан гаплашганимизда, қуйидаги фикрларни билдирди.

«Бирон мавзуда тарғибот материаллари тайёрлашдан олдин ҳозир қайси мавзу, қайси йўналиш актуаллигини ўрганиб чиқамиз. Масалан, соғлиқни сақлаш, таълим, коррупция каби мавзуларга кўпроқ мурожаат қиламиз. Маълум ташкилотга тарғибот плакатлари ўша ташкилотнинг фаолиятидан келиб чиқиб тайёрланади ва харид қилишлари учун таклиф этилади. Харидлар биржа орқали амалга оширилади.