Мафкураки адолатсизликка кўз юмса, маъсумни маъдур этса, мазлумни золимдан ҳимоя қила олмаса у таназзулга маҳкумдир!

Мафкура — мисоли бир тирик руҳдир. Доимий равишда маърифат билан суғорилиб турилсагина ўлмайди!

Инсонни яратганнинг меҳрига лойиқ даражага олиб чиққан руҳият мисол, мафкура ҳам давлатнинг дарожотини белгилаб беради.

Миллий истиқлол қўлга киритилган илк йилларда янги шакллантирилган, маърифат билан суғорилган, йиллар мобайнида такомиллаштирилган миллий истиқлол мафкураси вақт ўтган сари, яъни 2000-йилларга келиб замон талабига жавоб бермай қолди.

Бунинг иккита сабаби бор эди.

Биринчиси — йиллар ўтган сари мафкура маърифат билан эмас маддоҳлик суви билан суғорила бошланган эди.

Иккинчи сабаби — биринчи сабабнинг мантиқий давоми ва маҳсули эди. Яъниким, миллий мафкура маддоҳликка айлангани сайин заифлашиб ўз моҳияти бўлган миллий иродани шакллантиришга эмас, шахсни улуғлашгагина хизмат қила бошлади.

Аслида, миллий истиқлол мафкурасининг таназзули ҳақида сўз юритиш мен учун осон иш эмас, жуда оғриқли жараён бу. Аммо, модомики, бугун жамият танаси учун янги бир руҳ керак экан, янги бир мафкура керак экан, биз ҳақиқатнинг юзига тик боқмоғимиз ва ўз айбларимизни, хатолар ва янглишларимизни яхши таниб олмоғимиз керак. Токи, яна эски хатолар такрорланмасин.

Бедилнинг бир сўзи бор: «ҳар кўзки ибрат олмаса кўрдир», дейди шоир. Бугун тарих биздан ибрат олмоқни, кўр бўлмасликни талаб этмоқда.

Фалсафанинг ўлими

Ларошфуко шундай деган эди: «Фалсафа ўтмиш ва келажак муаммолари устидан ғалаба қозонади, бугуннинг муаммолари эса Фалсафанинг устидан ғалаба қозонади».

Бизда айнан шундай бўлди. Вақт ўтгани сайин Фалсафани бугунги кун муаммолари енгди. Мафкурани кучайтириш мақсадида чин маънавият аввал фанга айлантирилди. Предметга айлантирилди. Ундан сўнг маънавият бугунги кунга мослаштирилди. Унга замонавий шакл берилди.

Минг йиллардирки миллатнинг қадриятларини ўзида мужассам этган маънавият аввал фанга айлантирилди, шаклга солинди, ундан сўнг замонавий қуролга айлантирилди. Қуролки, ўсмоқчи бўлганларга маддоҳлик учун, ёқтирилмаганларни йўқ қилиш учун бадном қилиш қуролига айлантирилди.