00:41 / 11.10.2020
4178

Трамп коронавирус юқтирганидан кейинги илк сайловолди митингини ўтказди

Трамп ўз нутқида маъмурияти эришган ютуқларни санади ва демократлар номзоди Жо Байденни танқид қилди.

Фото: Reuters

АҚШ президенти Дональд Трамп коронавирус юқтиргани маълум бўлганидан буён илк сайловолди митингини ўтказди. 

"Ўзимни аъло даражада ҳис қиляпман", - деди у Оқ уй боғида тўпланганларга балконда туриб.

Сўнгра эса маъмурияти эришган ютуқларни санади ва демократлар номзоди Жо Байденни танқид қилди.

Трампнинг тарафдорлари унинг сўзларини қизғин қаршилашди ва уни "Биз сизни яхши кўрамиз" деб олқишлашди.

"Бу мамлакатимиз тарихидаги энг муҳим сайлов бўлади. Албатта овоз беринг. Билингки, мен ҳам сизларни яхши кўраман", - деди у.

Трампнинг нутқи 20 дақиқага яқин давом этди.

Ўтган ҳафтада Дональд Трамп ва унинг турмуш ўртоғи Меланья коронавирус юқтиргани маълум бўлганди. АҚШ президенти шифохонага ётқизилди, аммо уч кундан сўнг унга жавоб берилди.

Чоршанба куни Трамп Оқ уйдаги ишига қайтди.

Top