Ўзбекистон | 12:19 / 14.10.2020
61804
3 дақиқада ўқилади

Коронавируснинг 5 даражаси: мутахассис қайси ҳолатда қандай даво чоралари кўрилиши ҳақида маълумот берди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими аҳоли орасида коронавирус белгилари пайдо бўлган ҳолатларда лоқайдлик қилиниши туфайли айрим беморлар касалликнинг илк босқичларини оёқда ўтказиб юбориши, натижада ўз вақтида уй шароитида даволаниб, касалликни енгиб кетиши мумкин бўлган беморлар аҳволи ўта оғир ҳолатга келиб қолиб, стационар даволанишга мажбур бўлиши ҳолатларига эътибор қаратди.

Вазирлик матбуот хизмати вазирлик ҳузуридаги Kоронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси, Тошкент давлат стоматология институти ректори Нодир Ҳайдаров билан суҳбатда коронавируснинг қандай босқичлари борлиги, касалликнинг қайси даражаларида уй шароитида даволаниш мумкинлиги тўғрисидаги саволларга жавоб олди.

—  Коронавируснинг бугунги кунда беш хил турли даражалари мавжуд:

  • Симптомсиз 
  • Енгил 
  • Ўрта оғир 
  • Оғир 
  • Ўта оғир

1. Симптомларсиз даражаси — бунда хасталик сезиларсиз белгилар беради. Масалан, бир-икки марта танада ҳолсизлик, ноқулайлик туйилиши, ё бўлмаса бир марта тана ҳарорати 37 даражага чиқиши ҳолати юз бериши мумкин. Аммо ушбу ҳолатда ПЗР-текширувидан ўтганда коронавирус инфекцияси борлиги аниқланиши мумкин. 

2. Енгил даража —  ҳарорат 38 даражагача кўтарилиши, томоқ қичиши, вақти-вақти билан йўтал ҳамда танадаги ҳолсизлик, бўғимлар қақшаши кузатилади. 

Қайд этилган ушбу икки босқичда уй шароитида оилавий поликлиника шифокори билан ҳамкорликда, яъни уларнинг тавсиялари асосида даволаниш мумкин. 

3. Ўрта оғир даража — бунда юқорида қайд этилган белгилар кучайгани учун беморнинг шифохонага ётқизилиши тавсия этилади. Бундай беморларга қатъий тартибдаги даволаниш чоралари ва доимий мутахассислар назорати керак бўлади. 

Шунингдек, хавфлилик даражаси юқори бўлган кишилар: яъни беморларнинг ёши 50-60 ва ундан катта бўлганда ёки вирусга чалинган кишининг ёндош касалликлари бўлса, ҳомиладор аёллар ва болаларда коронавирус аниқланса, уларга ўрта оғир даража белгиланиб стационар даволаш услуби қўлланади. 

4. Оғир даража — бунда беморларда юқоридаги белгилар яққол намоён бўлиши билан бирга нафаснинг ўткир етишмовчилиги, руҳият ўзгариши, хусусан, ўлим талвасаси ҳамда барча аъзоларида вируснинг таъсири сезила бошлайди. Ушбу ҳолатда ҳам стационар даволаш йўлидан фойдаланиш зарур. 

5. Касалликнинг ўта оғир даражасида эса, беморлар шифохоналарнинг жонлантириш бўлимларида даволаниши керак. 

Таъкидлаб ўтиш жоизки, беморларнинг қайси даражада эканини фақатгина шифокорлар белгилай олади. Ўзбошимчалик билан менда ҳали коронавируснинг енгил даражаси дея оғир ҳолатларда ҳам уй шароитида даволанишни давом эттириш ўзингиз ва атрофдагиларнинг саломатлиги учун ўта хавфлидир. Шу боис, доимий равишда оилавий поликлиника шифокори билан маслаҳатлашиш ва уларнинг тавсияларига амал қилишингизни сўраймиз.

Мавзуга оид