Ўзбекистон | 08:56 / 14.10.2020
13910
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда солиқчиларга пластик карталардаги маблағлар айланмаси ҳаракати ҳақида маълумот олиш ваколати берилиши мумкин

Ўзбекистонда солиқ идораларига пластик карточкалардаги маблағлар айланмаси ҳаракати ҳақида маълумот олиш ваколати берилиши мумкин. Бу ҳақда президентнинг “Яширин иқтисодиётни кескин қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони лойиҳасида айтилган.

Ҳужжат билан реал вақт режимида идоралараро электрон алоқа орқали солиқ органларига тақдим этиладиган қўшимча маълумотлар рўйхати тасдиқланиши мўлжалланган.

Унга кўра, «ЕОПЦ» МЧЖ ва «НПМПЦ» МЧЖ солиқ органларига пластик карточкалардаги маблағлар айланмалари ҳаракати (кунига 5 млн. сўмдан ва (ёки) 10 та транзакциядан ортиқ), шунингдек ҳар ойнинг бошидаги маблағлар қолдиғи тўғрисида маълумот тақдим қилиши белгилаб қўйилиши мумкин.

Бундан ташқари: 

  • Молия вазирлиги - ҚҚСни қайтарилиши бўйича ҳақиқий харажатлар тўғрисида маблағ олувчилар кесимида маълумот, берилган давлат нафақалари тўғрисида олувчилар кесимида маълумот;
  • Марказий банк, кредит бюроси - кредит (заём) олишда гаровга қўйилган мулк (кўчмас мулк) тўғрисида маълумот;
  • Марказий банк - солиқ органларининг автоматик электрон сўровлари асосида юридик ва жисмоний шахсларнинг омонатлари, кредитлари ва банк ҳисоб рақамларидаги пул айланмалари тўғрисида маълумот;
  • “Ўзбекистон Республикаси товар-хомашё биржаси” АЖ - биржа савдолари орқали амалга оширилган битимлар тўғрисида (савдо предмети, нарх ва ҳисоб-китоб шартлари) иштирокчилар кесимида маълумот;
  • Суриштирув органлари, терговгача текшириш, дастлабки тергов, суд органлари - ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва суд органлари томонидан олиб қўйилган (олинган) мол-мулк ва маблағлар тўғрисида маълумот;
  • Кадастр агентлиги - якка тартибдаги уй-жой қурилиши, қишлоқ хўжалиги, жамоат боғдорчилиги, узумчилик ва полизчилик, якка тартибдаги гаражлар ва кўп қаватли бинолар учун ажратилган ер участкалари ва кўчмас мулк тўғрисида тоифалар кесимида: суғориладиган, қурғоқчил, хушманзара, яйлов маълумот;
  • Бош прокуратура - жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва пул ювиш билан боғлиқ маълумотлар;
  • «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ - юридик ва жисмоний шахслар кесимида ҳақиқатда фойдаланилган электр энергияси тўғрисида маълумот;
  • «Ўзтрансгаз» АЖ, «Ҳудудий газ тармоқлари» - юридик ва жисмоний шахслар кесимида ҳақиқатда фойдаланилган табиий газ тўғрисида маълумот;
  • Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги - юридик ва жисмоний шахслар кесимида ҳақиқатда фойдаланилган сув ҳажми тўғрисида маълумот тақдим этади.

Мавзуга оид