Ўзбекистон | 15:04 / 14.10.2020
7488
3 дақиқада ўқилади

Сирдарёдаги уйларни қуриш учун Ўзбекистондаги энг яхши пудрат ташкилотлари танлаб олинган – вазир ўринбосари

Сирдарёда фойдаланишга топширилган уйларнинг сифати ҳақида маълумот берилди.

Қурилиш вазирининг биринчи ўринбосари Шерзод Ҳидоятов Халқаро пресс-клуб сессиясида Сирдарёда қурилган уйларнинг сифати ҳақидаги саволга жавоб берди.

«Талафотдан кейин биринчи навбатда бу ердаги аҳолини тезда сифатли уй билан таъминлаш бўйича президентимиздан топшириқ олдик. Учта туман – Сардоба, Мирзаобод, Оқолтин туманларининг урбанизация жиҳатидан тўғри келишини ҳисобга олдик. Ер юзаси сув ва лой – шароит жуда ҳам оғир эди. Шу шароитда кўп қаватли уйлар қурилишини амалга ошириш керак эди.

Аҳолига тўғри келадиган, қулай ва сифатли лойиҳа ишлаб чиқишимиз керак эди. Бу лойиҳа учун биз чет давлатлар тажрибасини ўрганиб, у ердаги мутахассисларни жалб қилиб, биргаликда лойиҳа ишлаб чиқдик. У лойиҳани аҳолига ҳам тақдим қилдик.

Аҳоли бу ерда яшаганида уй ичидаги хонадан ҳеч қандай муаммосиз фойдаланиши ҳисобга олиниб, лойиҳалаштирилди. Туркиядан мутахассислар келиб, ерни ўрганишга киришишди. Сув тошқинларидан кейин ер сувни шимиб олган эди. 1,5-2 метрда сув чиқарди. Қумли ер бўлгани учун бу ерда deep mixing технологияси қилинди. Ерни цементлаштириб, 500 атмосферада ер қаттиқлаштирилди. Мана шу биноларнинг остида 15 метр чуқурликда цементлаштирилган сваялар бор. Ер ишлари 1,5 ой давом этди», деди вазир ўринбосари.

Унинг таъкидлашича, уйларни тезкор, 3,5 ой ичида қуриш учун тунель-қолип тизимидан фойдаланилган.

«Ер оғирлигини ҳисобга олиб, Ўзбекистондаги энг яхши пудрат ташкилотларини танлаб олдик. Бу ерда сув остида қолган 1830та хонадон бор эди. Уларнинг деворидан бошқа ҳеч нарсаси ярамас эди. Уйларнинг ҳаммаси президентимиз томонидан вилоятларга бўлиб берилди. Қишда иссиқ, ёзда салқин бўлиши учун фасадига базальт қоплама қўлланди, ичи - замонавий кўринишда. Бу ерга сув, газ келди. Электр энергияси ўчмайдиган қилинди.

672та пудрат ташкилоти бир қаватли уйларда иш олиб боришди. 2640та кўп қаватли хонадон қурилди», деди Шерзод Ҳидоятов.

Мавзуга оид