Жаҳон | 20:13 / 19.10.2020
23228
3 дақиқада ўқилади

Қирғизистонликларга давлатнинг қарзини узиш учун пул тўплаб бериш таклиф этилди

Қирғизистон аҳолисига давлатнинг ташқи қарзини узиш учун пул тўплаб бериш таклиф этилди. Давлатнинг хорижий кредиторлар олдидаги қарзини узиш учун аҳолидан маблағларни жалб қилиш ташаббусини аёллар ташкилотлари билдирган.   

Фото: ТАСС

Айни вақтда Қирғизистоннинг ташқи қарзи 4,8 млрд долларни ташкил қилиб, мамлакат ялпи ички маҳсулотининг 56 фоизидан кўпроғини ташкил қилади.  Қирғизистон бу суммадан 40 фоизини Хитойга тўлаши керак. Аввалроқ мамлакат раҳбарияти пандемия сабабли юз берган қийинчиликларни сабаб қилиб кўрсатиб, Пекиндан қарзни реструктуризация қилишни илтимос қилган. Бироқ ушбу масала очиқ қолган. Президент истеъфосига олиб келган сиёсий инқироз эса муаммони янада чуқурлаштириб юборди. 

Парламент депутати, Қирғизистондаги аёллар ташкилотларидан бирининг раҳбари Айнура Алтибаеванинг таъкидлашича, давлат банкларидан бирида қарзни тўлаш учун аҳолидан жалб қилинадиган пуллар йиғиладиган махсус ҳисобрақам очиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Шу билан бирга, Қирғизистонда олтин қазиб олишни назорат қилувчи давлат концерни билан музокаралар олиб борилмоқда. Фаолларнинг таъкидлашича, бу республикада нафақат пул, балки заргарлик буюмларини хайрия қилмоқчи бўлган одамлар борлиги учун зарур.     

“Биз жамиятда ушбу ташаббус кенг қўллаб-қувватланишига умид билдирамиз. Албатта, қарзни мамлакатга ажратилган пулларни талон-тарож қилганлар узиши керак, деган фикр бор, бироқ биз ҳам бирдамлигимизни кўрсатиб, ўз ҳиссамизни қўшишимиз лозим. Бу ерда ҳеч қандай сиёсат йўқ”, деб таъкидлаб ўтган Республика аскарлар оналари қўмитаси раиси Улкан Байгубатова.

Қирғизистонда бундай уринишлар аввал ҳам икки маротаба – 2007 ва 2018 йилларда амалга оширилган. Бироқ қарзни тўлашда ёрдам беришга чақириқлар аҳоли томонидан қўллаб-қувватланмаган. Фуқаролар бунга жавобан лавозимий жиноятларга қарши курашни кучайтиришни ва қарзни коррупциячилар мол-мулки ҳисобига узишни таклиф қилишган. Шунга ўхшаш чақириқлар ҳокимият тепасига коррупцияга чек қўйишни ваъда қилиб келган янги бош вазирга ҳам йўлланмоқда.

Республиканинг янги раҳбарияти биринчи навбатда божхонадаги коррупция схемалари билан шуғулланмоқчи. Турли манбаларга кўра, ушбу схемалар ташкилотчилари мамлакатга кўп миллионлик зарар етказган. 

Мавзуга оид