Жаҳон | 18:54 / 20.10.2020
4647
3 дақиқада ўқилади

Россия ТИВ: РФ АҚШ билан биргаликда ядро каллаклари сонини музлатиб қўйишга тайёр

Стратегик ҳужум қуролларини янада қисқартириш ва чеклаш бўйича чора-тадбирлар тўғрисидаги шартнома бир йилга узайтирилган тақдирда, Россия Америка томони билан ушбу давр учун ядро каллаклари сонини музлатиб қўйишга тайёр.

© Михаил Жапаридзе/ТАСС

«Россия СҚЧ (стратегик қуролларни чеклаш) шартномасини бир йилга узайтиришни таклиф қилади ва шу орқали Қўшма Штатлар билан биргаликда ушбу даврда томонлар ушлаб турган ядровий каллаклар сонини музлатиб қўйиш бўйича сиёсий мажбурият олишга тайёр. Ушбу позиция қатъий ва фақат эксклюзив равишда амалга оширилганини англаган ҳолда Қўшма Штатларнинг қўшимча талаблари қабул қилинмайди», — дейилган Россия ТИВ баёнотида.

Таъкидланишича, Москва Вашингтондан Россия президенти Владимир Путиннинг СҚЧ шартномасини бир йилга узайтириш тўғрисидаги таклифига расмий жавоб олмаган.

«Россия томони жорий йил 16 октябрдаги амалдаги СҚЧ шартномасини бир йилга узайтириш тўғрисида президент Владимир Владимирович Путин томонидан илгари сурилган таклифни шакллантирган нотага АҚШнинг расмий жавобини олмади», дейилган Россия ТИВ баёнотида. Москва Вашингтоннинг расмий жавобига умид қилмоқда.

Шунингдек, ташқи ишлар вазирлиги Вашингтон билан ушбу асослар бўйича келишувга эришилган тақдирда, «СҚЧнинг узайтирилиши натижасида қўлга киритилган вақт стратегик барқарорликка таъсир қилувчи барча омилларни мажбурий ҳисобга олган ҳолда ядровий ракета қуролларини келажакда назорат қилиш бўйича икки томонлама музокараларни ўтказиш учун ишлатилиши мумкин», деб қўшимча қилган.

Аввалроқ Путин «ҳеч қандай шартларсиз» СҚЧ шартномасининг амал қилиш муддатини «камида бир йилга» узайтиришни таклиф қилганди. У Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавровга яқин келажакда АҚШдан аниқ жавоб олишга ҳаракат қилиш бўйича кўрсатма берган. Ўз навбатида, АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича ёрдамчиси Роберт О'Брайен Путиннинг ташаббусини «муваффақиятсизликка маҳкум» деб атаган.

АҚШ ва Россия ушбу шартномани 2010 йилда имзолаган. Унинг шартларига кўра, ҳар бир томон ўзларининг стратегик ҳужум қуролларини белгиланган муддат давомида камайтириб бориши лозим.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид