Ногиронликни аниқлаш учун экспертиза ўтказишда қўлланаётган мезонлар қирқ йил аввал ишлаб чиқилган - Сенат
Сенатнинг саккизинчи ялпи мажлисида фуқароларни тиббий кўрикдан ўтказиш ва уларнинг ногиронлигини аниқлаш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижалари тўғрисидаги масала муҳокама қилинди.
Мажлисда Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси Одилжон Иминов Вазирлар Маҳкамаси томонидан парламент сўрови натижалари юзасидан тақдим этилган ахборотда парламент сўровида қўйилган вазифалар ижроси етарлича акс эттирилмаганини таъкидлади.
«Хусусан, тиббий-меҳнат эксперт комиссиялар томонидан фуқароларни тиббий кўрикдан ўтказиш ва уларнинг ногиронлигини аниқлаш масалалари норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда етарлича тартибга солинмаган, ногиронлик профилактикаси, ногиронлиги бўлган шахсларни тиббий-ижтимоий ва касб бўйича реабилитация қилиш бўйича яқин, ўрта ёки узоқ муддатли стратегия қабул қилинмаган.
Шу билан бирга, ногиронликни аниқлаш учун тиббий-ижтимоий экспертиза ўтказишда қўлланаётган мезонлар қирқ йил аввал ишлаб чиқилган услубиётга асосланган бўлиб, янги тартиб ҳалигача ишлаб чиқилмаган.
Тиббий-меҳнат экспертиза комиссияларнинг ногиронларга хизмат кўрсатиш юкламаси белгиланмаган, 18 ёшгача бўлган болаларда ва ундан катта ёшдаги шахсларда ногиронликка олиб келувчи асосий касалликлар рўйхати ва ушбу касалликларда ногиронлик белгилаш мезонлари, ногиронлиги бўлган шахсларни тиббий-ижтимоий реабилитация қилишнинг замонавий усулларини жорий этган ҳолда тиббий-ижтимоий экспертизадан ўтказиш мезонлари ишлаб чиқилмаган», дея Одилжон Иминовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси президентининг 2017 йил 1 декабрдаги «Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони билан тасдиқланган комплекс чора-тадбирлар дастурида ногиронликни аниқлаш билан боғлиқ қатор вазифалар бажарилмаётгани қайд этиб ўтилган.
Жумладан, Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимининг тиббий-маслаҳат комиссиялари ва тиббий-меҳнат эксперт комиссиялари фаолияти танқидий қайта кўриб чиқилмаган, ногиронликни белгилаш механизмлари ва унинг муддатлари, шу жумладан, ҳужжатларни расмийлаштириш тартиби такомиллаштирилмаган. Ногиронликни белгилаш тизимига белгилари яққол кўриниб турган мурожаат қилувчини ногиронлик белгилангунга қадар қўллаб-қувватлаш механизми жорий қилинмаган, айрим тоифадаги ногиронлиги бўлган шахслар учун тиббий текширув ўтказмасдан аниқланиши мумкин ногиронлик тоифалари учун стационар даволанишда мажбурий бўлиш тартиби бекор қилинмаган, ёрдамга жуда муҳтож бўлган шахслар учун сиртдан ногиронлик тоифаси белгилаш ҳануз жорий этилмаган.
Ушбу вазифаларни бажариш бўйича аниқ асос ва муддатлар белгилаб қўйилганига қарамай, ногиронлиги бўлган шахслар ногиронлигини белгилашда, тиббий-ижтимоий хизматлардан фойдаланишда кўплаб оворагарчиликка дуч келишига сабаб бўлаётгани таъкидлаб ўтилган.
Мажлисда парламент сўровида келтирилган масалалар юзасидан етарли даражада амалий чоралар кўрилмагани, тегишли ишлар субъектив сабабларга кўра амалга оширилмагани айтиб ўтилди.
Шунинг учун Вазирлар Маҳкамасига парламент сўровида белгиланган вазифалар ижросини тўлиқ таъминлаш ва бу ҳақда келгусида аниқ маълумотлар тақдим этиш вазифаси юкланди ҳамда унинг ижроси Сенатнинг доимий назоратида қолдирилиши белгиланди.
Мазкур масала юзасидан Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.
Мавзуга оид
12:30 / 06.11.2024
АҚШда Трампнинг республикачилари Сенатда кўпчилик ўринни қўлга киритди
15:55 / 24.10.2024
“5 йилда 440 га яқин қонун муҳокама қилинди” - Сенат раиси
13:38 / 23.10.2024
Ердан фойдаланиш ҳақидаги қонунчилик талабларини бузганлик учун жавобгарлик кучайтирилади
13:04 / 23.10.2024