Ўзбекистон | 10:21 / 21.10.2020
13433
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда 16 ёшдан машина бошқаришга рухсат бериш таклиф этилди. ЙҲХББ бу фожиали оқибатларга сабаб бўлиши мумкинлигини маълум қилди  

“Менинг фикрим” жамоавий мурожаатлар порталида Ўзбекистонда 16 ёшдан автомобиль бошқаришга рухсат бериш ҳақида таклиф жойлаштирилди. Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси ушбу таклиф бўйича баёнот билан чиқди.

“Мамлакатимиз автомобиль йўлларида содир этилган автоҳалокатлар таҳлилига назар ташлар эканмиз, 18 ёшга тўлган ўғил-қизлар томонидан ҳайдовчилик гувоҳномасини олиб, йўл-транспорт ҳодисасини содир қилаётганлар ҳам кам эмас”, - дейилади ЙҲХББ маълумотида. 

Жорий йилнинг ўтган 9 ойи давомида ҳайдовчилик гувоҳномасини олганига 2 йил бўлмаган ҳайдовчилар томонидан 612та йўл-транспорт ҳодисалари содир этилган бўлиб, уларнинг оқибатида 191 нафар фуқаро ҳаётдан бевақт кўз юмган бўлса, яна 571 нафари турли даражадаги тан жароҳатлари олган. Йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олишда ҳайдовчининг йўл ҳаракати қоидаларини ўзлаштирганлиги, тажрибаси, ёши ва маданияти жуда муҳим ўрин тутади.

ЙҲХББнинг билдиришича, бошқа давлатларда бўлгани каби Ўзбекистонда ҳам ҳайдовчилик гувоҳномаси олиш учун бир қанча талаблар белгиланган. “Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисида”ги қонун талаблари асосида ишлаб чиқилган Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 31 майдаги 408-сон қарори билан тасдиқланган Низомда “А” тоифадаги мототранспорт воситасини бошқариш ҳуқуқига эга бўлиш учун 16 ёшга, “В” ва “ВС” тоифага эга бўлиш учун 18 ёшга ҳамда “D” тоифага эга бўлиш учун эса 21 ёшга (жумладан трамвай ва троллейбуслар) тўлган шахсларга рухсат этилади.

Ушбу нормалар қарор лойиҳалари ишлаб чиқилиш жараёнида хорижий давлатларнинг тажрибалари ўрганилиб киритилган ва бу талаблар Йўл ҳаракати тўғрисидаги (1968 йилдаги Вена Конвенцияси) Конвенция нормаларига мос экани айтилади.

Таъкидланишича, 16 ёшдан ҳайдовчилик гувоҳномасини бериш тартиби жорий қилинган хорижий давлатлар ўрганиб чиқилди.

Мисол учун: Швеция, Франция, Австрия, Эстония, Норвегия ва айрим Европа давлатларида худди Ўзбекистон норматив ҳужжатларида белгиланганидек, 16 ёшда унча катта бўлмаган мотоциклларни, 18 ёшда автотранспорт воситасини бошқаришга рухсат этилади.

“16 ёшли бола ҳали мактаб ёки касб-ҳунар коллежи ўқувчисидир. Айнан ушбу ёшдаги болалар ўқишини давом эттириши, бошқа ишлар билан чалғимаслиги, жамият учун фойда келтирадиган билимли инсонлар бўлиб улғайишлари зарур.

16 ёшли болаларда тиришқоқлик, изланувчанлик билан бирга мақтанчоқлик, олифталик каби хислатлар ҳам энг авжига чиққан вақт ҳисобланади. Бу ёшдаги болаларнинг транспорт воситасини ўзбошимчалик билан бошқариши салбий оқибатлар билан якун топганлиги ҳолатлари учрамоқда.

16 ёшли болаларда ҳали “Мен” деган фикр сўнмаган бўлиши, мақтанишни, “олифталикни” яхши кўриши, бунинг оқибатида эса йўл ҳаракати қоидаларига амал қилмаслик, менсимаслик ёки қасддан тенгдошларига, дўстларига автомобилини мақтаниш учун йўл ҳаракати қоидаларига қарши ҳаракат қилиши мумкин, бу эса фожиали оқибатларга сабаб бўлиши мумкин”, - дейилади ИИВ ЙҲХББ изоҳида.

Мавзуга оид