Қўмита аъзоси Фарҳод Боқиев жамоат хавфсизлигини таъминлашда юз бераётган салбий воқеалар ҳақида гапирди.

«Бугунги кунда фуқаролар, айниқса, ёшлар орасида пичоқ ва бошқа совуқ қуролларни олиб юриш, ўзаро жанжал вақтида мазкур ашёлар билан қўрқитиш ёки уларни қўллаш каби ҳаракатлар кўплаб учрамоқда.

Ички ишлар томонидан 2017-2019 йилларда фуқаролар томонидан кўча-кўйда, бозорда, таълим муассасаларида совуқ қурол сифатида фойдаланиш мумкин бўлган ашёларни эркин, бемақсад олиб юргани билан боғлиқ 10 минг 65та ҳолат аниқланган, шундан 6 минг 835таси (68 фоизи) ёнида олиб юрилган пичоқлар бўлган.

2020 йилнинг 8 ойида эса 14 минг 957та шундай ҳолат аниқланган бўлса, шундан 12 минг 762таси (85 фоизи) пичоқлар, қолгани бошқа турдаги предметлар бўлган. Мазкур предметларнинг 58 фоизи кўчада, 22 фоизи бозорларда, энг ачинарлиси, 24 фоизи таълим муассасалаларида вояга етмаганлар томонидан ёнда олиб юрилган.

Бунинг оқибатида эса айнан ўткир тиғли предметлардан фойдаланган ҳолда 542та жиноят содир этилган бўлса, шундан 168таси (31 фоизи) қотиллик бўлган. 289таси (58 фоизи) оғир тан жароҳати етказиш каби салбий ҳолатлар юз беришига сабаб бўлган.

Фуқаролар, айниқса ёшлар томонидан ёнида пичоқ олиб юриш билан боғлиқ бўлган қотиллик, жиноят ҳолатларининг бугунги кунда кўплаб учраб бораётгани ҳеч кимга сир эмас», деди Фарҳод Боқиев.

Шу сабабли жамоат хавфсизлигини таъминлашга доир қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилаётгани айтилди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104 ва 105-моддаларининг 2-қисмидаги бандлар ўзгартирилмоқда.

Қолаверса, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 14, 245, 287-моддалари тўлдирилиб, кодексга янги 1852 ва 1853-моддалари қўшилмоқда.

1852-модданинг 1-қисмида фуқаролар томонидан жамоат жойларида, касбий фаолиятда, спорт фаолиятида ёки хўжалик-маиший мақсадларда совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёларни очиқ ҳолда (ғилофсиз) олиб юрганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг иккидан бир қисмидан бир бараваригача миқдорда жарима жазоси белгиланмоқда.