Марказий банк келгуси йиллар учун пул-кредит сиёсатини маълум қилди
Марказий банк пул-кредит сиёсатининг 2021 йил ва 2022-2023 йиллар даврига мўлжалланган асосий йўналишларини маълум қилди.
22 октябрь куни Марказий банк бошқарув раиси ва унинг ўринбосарлари иштирокида ўтган матбуот анжуманида Марказий банкнинг кейинги йилларга мўлжалланган пул-кредит сиёсати маълум қилинди.
Раис Мамаризо Нурмуродовнинг айтишича, МБ инфляцион таргетлаш сиёсатидан воз кечмай, 2023 йилда 5 фоизлик таргет кўрсаткичига эришиш бўйича вазифасидан оғишмай иш тутади.
«2020 йил мамлакатимиз ва жаҳон иқтисодиёти учун жуда мураккаб йил бўлди. Глобал пандемия таъсирида бошланган инқироз ҳам ички, ҳам ташқи иқтисодий шароитларнинг ёмонлашуви ҳамда талаб ва таклиф тебранишларининг бир пайтда содир бўлганлиги билан ўзига хос давр ҳисобланади.
Бунда, жаҳон иқтисодиётида ва мамлакатимизнинг ташқи савдо ҳамкорларида иқтисодий фаолликнинг кескин сусайиши, хомашё нархларининг тушиб кетиши ва молия бозорлардаги беқарорлик фонида иқтисодий пасайиш тенденциялари кузатилмоқда», — деди у.
Нурмуродовнинг билдиришича, мазкур ноаниқликлар даражаси ва таъсир каналлари хусусиятларини инобатга олиб, макроиқтисодий ривожланиш прогнозлари 3 хил – асосий, тезкор иқтисодий тикланишга (оптимистик) ва ташқи иқтисодий хатарлар кучайишига (хатарли) асосланган муқобил сценарийлар асосида ишлаб чиқилди.
«Шу нуқтаи назардан, макроиқтисодий ривожланиш сценарийларни ишлаб чиқишда, биринчи навбатда, коронавирус пандемиясининг иқтисодиётимизга ҳамда ташқи савдо ҳамкорлар иқтисодиёти ва асосий экспорт товарларимиз нархларига таъсирлари, шунингдек, потенциал ишлаб чиқариш даражасининг ўзгаришларини инобатга олишга ҳаракат қилинди.
Макроиқтисодий ривожланишнинг асосий сценарийсида пандемия билан боғлиқ вазият босқичма-босқич яхшиланиб бориши бўйича кутилмалар, аҳоли ва бизнес вакиллари ўз фаолиятларини пандемия ва ундан кейинги шароитларга мослашган ҳолда давом эттиришлари асосий шартлардан қилиб олинган. Ҳамда ташқи савдо ҳамкорлар иқтисодиётининг бир маромда тикланиши ҳисобига ташқи талаб 2022 йил иккинчи ярим йиллигидан инқироздан олдинги даражасига етади.
Мазкур сценарий доирасидаги ҳисоб-китобларга кўра, мамлакатимизда иқтисодий фаоллик ва ялпи талаб 2021 йил охирида инқироздан олдинги кўрсаткичларга яқинлашади, 2023 йилда иқтисодиёт ўзининг потенциали даражасигача тикланади. Бюджет даромадлари тикланиб бориб, 2022 йилда йиғма бюджет дефицити 2,5 фоизгача пасайиши прогноз қилинмоқда. Бунда, таркибий ислоҳотлар давом эттирилиб, тартибга солинадиган нархлар эркинлаштирилиши жараёни 2022-2023 йилларда амалга оширилиши кўзда тутилмоқда.
Асосий сценарийга мувофиқ, пул-кредит сиёсатининг жорий «нисбатан қатъий» шароитлари 2021 йил охирига қадар сақланиб қолинади. Айни пайтда, 2022-2023 йилларда тартибга солинадиган нархлар ўзгариши, инфляция даражаси ва прогнозлар траекториясидан келиб чиқиб пул-кредит сиёсати шароитларига тузатишлар киритилади», — деган у.
Таъкидлаш жоизки, учала сценарий доирасида ривожланиш тенденциялари ва кутилаётган ўзгаришлардан келиб чиқиб, 2021-2023 йиллар даврида амалга ошириладиган пул-кредит шароитлари белгиланади ва сценарийларга муносиб келадиган пул-кредит инструментлар тўпламидан фойдаланилади. Бунда, ҳар бир сценарийнинг хусусиятлари, инфляцион характери ва омилларининг шаклланиши нуқтаи назаридан баҳоланади ва шунга мос жавоб чоралар тизими ишлаб чиқилади.
Ўрта муддатли истиқболда макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш ва юқори суръатли иқтисодий ўсиш кўрсаткичларига эришиш кўп жиҳатдан келгуси йилларда амалга ошириладиган таркибий ислоҳотлар ҳамда ички ва ташқи хусусий инвестицияларни иқтисодиётга жалб этилишига боғлиқ. Бу ўз навбатида, давлат корхоналарини ислоҳ қилиш, иқтисодиётда рақобат муҳитини ривожлантириш, бизнес юритиш учун қулай институционал шароитлар таъминлаш ва ялпи унумдорликни оширишга қаратилган чора-тадбирлар самарадорлиги ва амалий аҳамиятининг оширилиши билан чамбарчас боғлиқ.
Мавзуга оид
11:56 / 11.11.2024
Туркий давлатлар ташкилоти Марказий банклари кенгаши ташкил этилади
18:34 / 08.11.2024
Марказий банк 7 та банк ва 2 та микромолия ташкилотини жаримага тортди
23:10 / 07.11.2024
Ўзбекистон олтин-валюта захиралари 43 млрд доллардан ошди
11:23 / 01.11.2024