21:32 / 22.10.2020
16991

Путин ФХХнинг энг бой генералини ишдан бўшатди

2018 йилда Сергей Смирновнинг даромади қарийб 84,7 миллион рублни ташкил этган.

Фото: ТАСС

Россия президентининг буйруғи билан федерал хавфсизлик хизмати (ФХХ) директорининг биринчи ўринбосари, армия генерали Сергей Смирнов лавозимидан озод қилинди ва ҳарбий хизматдан бўшатилди. Бу ҳақда ўз манбаларига таяниб РБК хабар берди.

Манбаларнинг сўзларига кўра, Смирновнинг ишдан бўшатилишига унинг 70 ёшга тўлиши сабаб бўлган – бу ёш давлат хизмати учун чегара ҳисобланади. 

 2019 йил 30 апрелда Сергей Смирнов 2018 йилда махсус хизмат раҳбариятидагилар орасида энг кўп пул топиб, ФХХнинг энг бой генерали бўлгани айтилганди.

Даромад декларациясидаги маълумотларга кўра, 2018 йилда унинг даромади қарийб 84,7 миллион рублни ташкил этган. Бу суммага унинг ер участкаси сотувидан тушган пул ҳам киритилган.

 ФХХ директори Александр Бортников эса ўша даврда 11,3 миллион рубль даромад қилган. Унинг ихтиёрида майдони 99 квадрат метрли хонадон ҳам бор. Бортниковнинг хотини  майдони 1,2 минг квадрат метрли ер участкаси, хонадон ва уйга эга. Унинг даромади уч миллион рублдан ортиқроқ бўлган.

Сергей Смирнов 2003 йилда ФХХ директорининг биринчи ўринбосари этиб тайинланганди.  

Top