Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Каттақўрғон қишлоқ хўжалиги тажрибаси билан минглаб оилалар даромадга эга бўляпти, фермерлар бойияпти» – ҳоким ўринбосари
Азалдан илғор бўлиб келган Каттақўрғон тумани қишлоқ хўжалиги яқин йилларда турғунлик ҳолатига тушиб қолганди. Режа кўрсаткичлари бажарилсада, соҳада ривожланиш кузатилмас, озчилик фермерлар даромад билан ишлар, қолганлари эса қарздорлик ботқоғига ботиб қолганди. Кўпчилик фермерлар пахта сотиб, даромад олишни хаёлига ҳам келтирмас эди.

Туманга Аъзамхон Баҳрамов ҳоким бўлиб келгач, бошқа соҳалар қатори қишлоқ хўжалик соҳасида ҳам туб ислоҳотлар бошланди. Фақат пахта- ғаллачилик йўналиши эмас, чорвачилик, балиқчилик, паррандачилик, пиллачилик, боғдорчилик-узумчилик соҳаларини интенсив ривожлантириш ва аҳоли томорқасидан самарали фойдаланишга эътибор берилди. Асосий мақсад қилиб соҳага инновация ютуқларини жорий қилиш, фермерлар даромадини кўпайтириш, том маънода фермерни қишлоқ тадбиркорига айлантириш белгилаб олинди.


Ғаллачилик бўйича туб ислоҳотлар ўтказилди. Туманда қарийб 9 минг гектар майдонга ғалла экилди. Бу вилоят ғаллачилигининг салмоқли қисмини ташкил этади. 2020 йил ҳосили учун ғалла очиқ майдонларга тўлиқ замонавий аниқ экиш (пневматик) сеялкаларида экилди. Сеялкада экиш натижасида уруғ ва бошқа моддий ресурсларнинг иқтисод қилиниши эвазига ғалла экиш билан бирга, маҳаллий 300 кг, хорижий 200 кг.дан фосфорли ва 100 кг.дан калийли ўғитлар солинди. Натижа эса кутилганидан ҳам ортиқ бўлди. Туманда 2020 йилда ғалладан гектарига ўртача 72,5 центнердан ҳосил олинди. Ғалла ўрими мавсумида Каттақўрғон тарихида биринчи марта бир кунда 3500-3800 тонна ғалла дон қабул қилиш манзилгоҳларига киритилди. Ўн икки иш кунида давлатга дон сотиш режаси 110 фоизга қийинчиликларсиз уддаланиб, бу борада туман вилоятда етакчилардан бўлди. Фермерлар ихтиёрида кўп миқдорда дон қолди ва бу билан фермер ва унинг ишчилари манфаатдорлиги таъминланди. Халқимизда «барака берса ҳаммага етади», деган нақл бор. Ғалладан мўл ҳосил яратган фермерлар ўзлари ташаббус кўрсатиб, «Саховат ва кўмак» жамғармасига 700 тонна ғалла топширишди.


Туманда пахта етиштиришнинг амалдаги технологияси замон талабларига жавоб бермаслиги туфайли туман ҳокими бошчилигида пахта етиштириш тизими ҳам тўлиқ ислоҳ қилинди. Ғўза парваришида инновацион технологияларни қўллаш ва қўл меҳнатини камайтириш белгилаб олинди. Туманда иккита «Kattakurgan cluster» МЧЖ ва «Амина голд инвест» МЧЖ пахта-тўқимачилик кластерлари ташкил этилди. Иш сифатли шудгорлашдан бошланди. Чигит экиладиган майдонлар тўлиқ чимқирқар ўрнатилган плугларда шудгорланди. Эски чигит экиш сеялкаларидан воз кечилиб, хориждан келтирилган 116 та замонавий аниқ экиш (пневматик) сеялкалари ёрдамида тўлиқ туксизлантирилган чигит экилди. Шунингдек, бегона ўтлар ва ғўза зараркунандаларига қарши курашни самарали ташкил қилиш мақсадида «Щёлково Агрохим-Ўзбекистон» қўшма корхонаси билан ҳамкорлик ўрнатилиб, ўсимликлар ҳимояси бўйича Москвадан мутахассислар жалб қилинди. Униб чиққан ғўза ниҳолларига ишлов беришда маҳаллий культиваторлар билан бир қаторда, Туркияда ишлаб чиқарилган замонавий ва фрезали культиваторлардан фойдаланилди.
Ғўза парваришида суғоришнинг муҳимлиги ҳисобга олиниб, 1175 гектар сув таъминоти оғир майдонга томчилатиб суғориш технологияси жорий этилди.
Ҳосилни йиғиб-териб олишда қўл меҳнатини қисқартириш мақсадида иккала пахта-тўқимачилик кластер корхоналари томонидан 12 дона пахта териш машиналари сотиб олинди.
Аввало, Яратганнинг берган баракаси, яратилган шароит, жорий этилган янгиликлардан унумли фойдаланиб меҳнат қилган туман қишлоқ хўжалик комплекси ходимлари, кластер корхоналари, фермер ва деҳқонлари томонидан мўл ҳосил яратилди. Туман пахтакорлари қабул пунктларига қарийб 32 минг тонна юқори навли пахта хом-ашёси топшириб, туманнинг яқин тарихида вилоятда биринчилардан бўлиб режани бажаришди. Далаларда терим қизғин давом этмоқда. Ҳали териб олинмаган биринчи терим майдонларнинг борлиги ҳосилнинг мўллигидан далолат беради. Эътиборлиси шундаки, пахта терими учун умуман четдан ҳашарчи жалб этилмади. Пахта терими фақат ихтиёрийлик ва моддий манфаатдорлик асосида ташкил қилинди. Эришилган ютуққа «Жума Ҳайитов», «Гранд Транс», «Пахтакор», «М.Султонов», «Э.Қурбонов», «Охунбобоев» ММТП миришкорлари катта ҳисса қўшишди. Айрим пахта далаларида гектаридан 50 центнердан ва ундан юқори ҳосил олиниши пахта етиштириш соҳасида туб бурилиш юз берганининг исботи бўлди.



Қишлоқ хўжалиги соҳаси Каттақўрғон туманида камбағалликни қисқартириш ва олдини олишда муҳим аҳамиятга эга. Бугун туманнинг меҳнатга яроқли аҳолиси фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалик корхоналарида доимий ва мавсумий ишларга жалб қилинган. Фермер хўжаликларида 7000 дан зиёд доимий ишчи меҳнат қилади. Пиллачиликда 500 нафар аҳоли доимий, 8000 нафар юртдошимиз эса мавсумий иш билан банд. 2700 дан ортиқ фуқароларимиз такрорий экинлар етиштиришга жалб қилинган. 650 та кам таъминланган оилаларга 50 сотихдан такрорий экин экиш учун ер ажратиб берилди. Туманда 14 та қишлоқ хўжалик кооперативлари ташкил этилиб, 553 та кам таъминланган ишсиз фуқароларга 30-50 сотихдан узоқ муддатли ижарага ер ажратиб берилди. Бугунги кунда такрорий экинларни йиғиштиришда 3 мингдан зиёд фуқаролар меҳнат қиляпти. Бу йилги пахта терими учун 37,0 млрд. сўм тўланиши режалаштирилган бўлиб, шундан 33,5 млрд. сўми қўл теримига тўланмоқда. Бугунгача такрорий экин сифатида экилган мош ҳосилини йиғиштириб олиш ишларига 6,0 млрд. сўм маблағ сарфланди. Бундан ташқари ҳозир туманда ташаббускорларнинг маблағи ҳисобидан 4 минг гектар, Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши маблағи ҳисобидан 400 гектар ва республика бюджетининг 4,2 млрд. сўмлик маблағи ҳисобидан 373 гектар лалми майдонларни ўзлаштириш ва токзорлар барпо қилиш ишлари давом этмоқда. Ушбу лойиҳалар доирасида 5 минг нафарга яқин туманимиз аҳолисини иш билан таъминлаш кўзда тутилган. Шунингдек, фермер хўжаликлари ва аҳоли томорқаларида 1000 гектар майдонда қулупнай етиштирилмоқда. Бу йўналишда 3000 дан зиёд фуқаро иш билан банд бўлди.


Бир сўз билан айтганда, қишлоқ хўжалик соҳасини тўғри йўлга қўйиш, ерлардан самарали фойдаланиш, манфаатлар уйғунлигини таъминлаш орқали Каттақўрғон туманида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш кескин кўтарилди. Фермерларнинг даромади ортди, аҳоли бандлиги таъминланди ва камбағаллик барҳам топиши учун замин яратиляпти.
Қобил ТОҒАЕВ,
Каттақўрғон тумани ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари.
Мавзуга оид
15:01 / 10.11.2025
Тошкент шаҳри ва Хоразмда тадбиркорлик зичлиги энг юқори
15:11 / 04.11.2025
Битирувчиларни ишга олган тадбиркорлар учун имтиёзлар жорий этилди
11:51 / 27.10.2025
Солиқ низоларини кўриб чиқиш учун эксперт кенгаши иш бошлайди
17:58 / 24.10.2025