Ўзбекистон ҳудудига совуқ ҳаво оқимининг кириши кутилмоқда
Жорий йилнинг 27 октябрь куни республиканинг шимолий туманларига, 28-29 октябрда бутун Ўзбекистон ҳудудига Россиянинг Европа қисми (Москва области)дан Волгабўйи орқали совуқ ҳаво оқимининг кириши кутилмоқда.
Бугун Ўзбекистон ҳудудида об-ҳаво кам булутли ва илиқ бўлади. Кундузи ҳарорат 20-23 даражагача, жанубда 26 даражагача кўтарилади.
Эртага республика шимолига Россиянинг Европа қисми (Москва области)дан Волгабўйи орқали совуқ антициклон кира бошлайди, деб хабар қилмоқда «Ўзгидромет».
28 октябрда совуқ ҳаво бутун республика ҳудудига тарқалади, ҳарорат фони 8-10 даража пасаяди. Кўпчилик вилоятларда кундузги ҳаво ҳарорати 10-13 даража атрофида бўлади. Кучсиз, асосан қор кўринишидаги ёғинлар фақат мамлакатнинг тоғли ва баланд тоғли ҳудудларида кузатилиши мумкин.
Илиқ ва совуқ ҳаво оқимларининг босимлари тафовути республика ҳудуди бўйича шамолнинг тезлиги секундига 17-22 метргача кучайишига олиб келади.
Совуқ ҳаво оқимининг таъсири 29 октябрда ва 30 октябрда кечаси сақланиб туради, 30 октябрда кундузи антициклон шимоли-шарққа чекина бошлайди ва ҳаво аста-секин исийди.
29 ва 30 октябрь кунлари тунги ҳаво ҳарорати 0-3 даража илиқ бўлади, айрим жойларда биринчи аёз кузатилади — ҳарорат 1-2 даража совуқ бўлади. 29 октябрда кундузи 10-13 даража илиқ атрофида бўлади, 30 октябрда эса бироз — 13-16 даражагача исийди. Бу кунларнинг ҳарорати октябрь ойи учун хос бўлган меъёрий қийматлардан 7-9 даражага паст бўлади.
31 октябрда Ўзбекистон ҳудудига Эрон томондан иссиқ ҳаво кира бошлайди. Тунги аёз тўхтайди, кундузи эса ҳарорат 18 даража, айрим жойларда ундан ҳам юқори бўлади.