Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ҳафта давомида ҳарорат пасайиши ва ёмғир ёғиши кутилмоқда
Бу ҳафта Ўзбекистон бўйлаб ёмғир ёғиши ва момақалдироқ бўлиши кутилмоқда. 15–16 июн кунлари кундузи ҳарорат +35…+38 даража атрофида бўлади, 17–19 июн кунлари эса 3–4 даражага пасаяди.
Душанба кундузи Қорақалпоғистон Республикаси, Навоий вилоятида, куннинг иккинчи ярмида Тошкент, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё вилоятларида ва кечга томон Фарғона водийси вилоятларида қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин. Республиканинг қолган ҳудудларида ёғингарчилик кутилмайди, дея хабар берди Ўзгидромет.
16–17 июн кунлари Ўзбекистон бўйича беқарор об-ҳаво бўлиши кутилмоқда. Республиканинг аксарият вилоятларида баъзи жойларда момақалдироқ билан қисқа муддатли ёмғир ёғади.
18–19 июн кунлари фақат марказий ва шарқий вилоятларда айрим жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин, Ўзбекистоннинг қолган ҳудудларида ёғингарчилик кутилмайди.
Душанба ва сешанба кунлари кундузги ҳарорат +35…+38 даража, чўл ҳудудларда +39…+41 даража, энг чекка жанубда +41…+43 даража бўлади. 17–19 июн кунлари ҳаво ҳарорати 3–4 даражага пасаяди.
Шамол 7–12 метр/сония тезликда эсади, вақти-вақти билан 13–18 метр/сониягача кучаяди, айрим жойларда чанг тўзонлар билан кузатилади. 15–17 июнда шимолда ва чўл ҳудудларда баъзида 20–22 метр/сониягача кучайиши мумкин.
Республиканинг тоғолди ва тоғли ҳудудларида вақти-вақти билан қисқа муддатли ёмғир ёғади, момақалдироқ кузатилади. Сел-сув тошқин ҳодисалари юзага келиши мумкин.
Тошкент шаҳрида 15–16 июн кунлари кечга томон қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин. Ҳарорат кундузи +36…+38 даража бўлади. 17 июндан 19 июнгача куннинг иккинчи ярмида момақалдироқ билан қисқа муддатли ёмғир ёғиши кутилмоқда. Ҳарорат асосан +31…+34 даража бўлади.
Шамол шарқдан 3–8 метр/сония тезликда эсади, вақти-вақти билан 12–14 метр/сониягача кучаяди, айрим жойларда чанг-тўзонлар билан кузатилади.