Ўзбекистон | 17:50 / 27.10.2020
24328
5 дақиқада ўқилади

«Ҳозир харажати чиқса, дўппини осмонга отяпмиз» – Соҳа одамлари гўшт етиштиришдаги қийинчиликлар ҳақида

Kun.uz’нинг Намангандаги мухбири шу кунларда муҳокамалар марказида бўлиб турган гўшт нархи кўтарилиши масаласи бўйича кичик ўрганиш ўтказди.

Қорамол боқувчилар ем-хашак нархлари кўтарилиши уларга қийинчилик туғдираётганини айтиб ўтишган. Нарх кўтарилгани сабабли авваллари уй шароитида 3-4 бош қорамол боққан одамлар бугунги кунга келиб чорва сонини 1-2 бошгача камайтиришга мажбур бўлишган, умуман, қорамол етиштирувчилар сони камайиб бормоқда. Ўз-ўзидан, талаб кўп, таклиф камайгач нарх ошади.

Қассоблар бозорларда нархларни сунъий туширишга бўлаётган ҳаракатлар ўзи шундоқ ҳам қийинчилик билан зарарига ишлаб келаётган бозор ҳолатини ёмонлаштираётганини айтиб ўтишди.

Қассобларга мол сўйиб берадиган кушхона иш бошқарувчиси Аббос Файзуллаевнинг сўзларига кўра, 14-15 млн сўмга олинган буқа 300 кг атрофида гўшт беради. У 300 кг гўштнинг ҳаммаси ҳам лаҳм гўшт бўлмаслиги, ундан суяк ҳамда ёғ чиқиши, бугунги бозордаги сунъий ўрнатилган нархда сотиш эса тадбиркорга катта зарар келтираётганини таъкидлаб ўтди.

Аббос Файзуллаев

«Кушхонамиз хизматидан асосан 10-15 нафар қассоб фойдаланишади. Мисол учун, 15 миллион сўмлик буқа оладиган бўлсак, у 300 кг гўшт беради. 300 килонинг барчаси лаҳм гўшт бўлмайди, албатта, 30 килоча ёғ чиқади. Бундан ташқари, қорамолнинг суяги йўғон бўлиши мумкин.

Қассоб мол боқувчидан килосини 50 минг сўмдан тарозига тортиб олади. Қассобга қоладигани — тери, калла-почаси, қорин, ўпкаси. Тўрт бўлакка ажраган жойи ҳам, ёғи ҳам 50 минг сўмга тўхтайди.

Аҳоли гўшт қиммат, гўшт қиммат, дейди, лекин қассобларга ҳам осон эмас. Ўша тўрт бўлак гўштдан 30-40 килоси суякка чиқиб кетади. Гўшт нархи қанча бўлса ёғни ҳам шу нархда олади, лекин 15-20 мингдан сотади.

Аслида, гўшт нархи кўтарилишига сабаб ем. Ем-хашак арзонлашиши керак биринчи ўринда. Мисол учун, ёғни қайта ишлашдан ем чиқади, пахта маҳсулотидан чиқадиган емларимиз бор, ўшалар арзонласин.

Бозордаги нарх-навони кўтариб тушириш қассобнинг қўлида эмас. Қассоб нима қилсин? Олдинги даврлар эди, бир молдан 1-2 млн сўм даромад қилиш мумкин бўлган. Унда ҳамма нарсаси пул эди, териси ҳам. Ҳозир қилган харажати ва даромади учма-уч чиқиб қолса, қассоб дўпписини осмонга отади», дейди у.

Ҳамидхон Нишонов

Ҳамидхон Нишонов кўп йиллардан буён ўз уйида қорамол боқиб келади. Унинг ҳисоблашича, 5-6 ойда сўйишга тайёр бўладиган буқа ўртача 7 миллион сўмга сотиб олинади. Унга камида 3 миллион сўмлик ем-хашак сарфланади.

«Кунлик ҳисоблайман десангиз, ўртача битта молни семиртириш учун бир одамни тўйдиришдан кўпроқ пул сарфланади. Кунига ўртача 15-20 минг сўм, шунда ҳам оз-моз хашаги ўзидан чиқса. Агарда хашаги ҳам қўшилса — 25-30 мингга қараб кетади.

Ҳозир пичоққа ярайдиган буқани 7 миллион сўмга олса бўлади. Ундан кичигини йиллаб боқиш керак. 7 миллион сўмга олсангиз, 5-6 ой боқасиз. Ярим йил боқсангиз, ҳисоблаб кўринг, бир кунда 20 мингдан сарф бўлганда ҳам, бир ойда 600 минг, 5 ойга ҳисоблаган тақдирингизда ҳам 3 миллион сўм бўлади. 7 миллион сўмга олган молингиз тайёр бўлгач, 10 миллионга тушади. Ўша молни бозорга олиб чиқсангиз 8-8,5 миллион сўм нарх беради.

Пул йўқ бўлиб кетмасин, деб боқиб туриладида. Ҳеч бўлмаса гўнги фойдага қолади-ку? Гўнги сотилмайдику-я, ҳеч бўлмаса уйни иситишга ишлатилади, кўмирнинг тоннаси фалон пул бўлаётган пайтда. Мен, масалан, қачон кўмир ёки ўтин сотиб олганимни эслай олмайман. Уй ичи қораядими, тутаб кетадими, тезак-пезак қилиб кун кечирилади.

Шаҳар шароитида узоғи билан 4тагача сигир боқишингиз мумкин, ундан уёғига қийналиб қоласиз», деди у.

Хашак бозори сотувчиси Насриддин Набиев бугунги кунда бозордаги ем-хашак нархлари ҳақида маълумот берди.

Насриддин Набиев

«Мана, шелуха, кунжара ҳаммаси ўзимиздан чиқади, 1 килоси 3500 сўм. Бир қоп кепагимиз 57 минг сўм. Шунинг нархини тушириб беринглар. Масалан, прессланган ерёнғоқ поясини 22 мингдан сотяпмиз. Прессланган беда — 30 минг, преслланган сомон — 20 минг, прессланган похол — 12 минг сўмдан бўляпти», дейди сотувчи.

Наманган шаҳри Тахтакўприк хашак бозорида ем-хашак нархлари қуйидагича:

  • Прессланган беда (дона) – 30 минг сўм;
  • Прессланган ерёнғоқ пояси (дона) – 20 минг сўм;
  • Прессланган сомон (дона) – 20 минг сўм;
  • Прессланган похол (дона) – 12 минг сўм;
  • Кунжара (1кг) – 3 500 сўм;
  • Буғдой еми (1кг) – 2 300 сўм;
  • Шелуха (1кг) – 3 500 сўм.

Бундан ташқари, аксарият қассоблар ижара асосида ишлаши, маҳсулотларини сақлаш учун совутгичлар ишлатиши ва солиқ тўлаши ҳамда бунга қўшимча тарзда нархлар давлат томонидан назоратга олиниши қассоблар фаолияти тўхтаб қолишига ҳам олиб келиши таъкидланди.

Шунингдек, ҳар бир қорамолни ойда бир марта ветеринар кўригидан ўтказишга тўғри келади. Бу ҳам гўшт таннархига қўшимча бўлиб қўшилади.

Мавзуга оид