Иқтисодиёт | 14:26
673
4 дақиқада ўқилади

1,5 млрд долларлик олтин сотуви ва кескин ошаётган гўшт импорти — Ўзбекистон ташқи савдоси шарҳи

2026 йилнинг 4 ойида Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси 26,3 млрд долларни ташкил қилди. Бунда Хитойнинг улуши 23,6 фоизга етди. Хусусан, ушбу мамлакат билан савдо ҳажми 2 млрд долларга ёки 49 фоизга кўпайди. Апрел ойига келиб олтин сотуви бошланди, ўтган ойда 1,5 млрд долларлик қимматбаҳо металл экспорт қилинган. Донли экинлар (524 млн долларлик, ўсиш —72,3 фоиз), гўшт ва гўшт маҳсулотлари (320 млн долларлик, ўсиш — 62,7 фоиз ) ҳамда шакар ва шакар маҳсулотлари (236 млн долларлик, ўсиш — 49,6 фоиз) импорти ҳам кескин ошди.

Фото: Kun.uz

2026 йил январ-апрел ойларида Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси 26,3 млрд долларни ташкил этди. Бу 2025 йилнинг мос даврига нисбатан 1,4 млрд долларга ёки 5,8 фоизга кўп.

Бунда экспорт ҳажми 9,9 млрд доллар (+16,8 фоиз), импорт ҳажми эса 16,3 млрд доллар (+26,7 фоиз) бўлди. Ташқи савдо салбий салдоси — 6,4 млрд доллар.

Ҳисобот даврида ташқи савдо айланмасининг салмоқли қисми Хитой (23,6 фоиз), Россия (17,2) Қозоғистон (6,9 фоиз), Туркия (3,5 фоиз) ва Афғонистон (2,8 фоиз) билан қайд этилган.

Дастлабки 4 ойликда ўтган йилнинг мос даври билан таққослаганда, топ йигирматаликдаги йирик ҳамкор давлатларнинг ҳаммаси билан савдо айланмаси миқдори ошган. Хусусан, Ирландия (+410 фоиз), БАА (+87,5 фоиз), Қирғизистон (+56 фоиз), Ветнам (+53 фоиз), Тожикистон (+50 фоиз), Хитой (+49 фоиз) ва Афғонистон (+41 фоиз) каби давлатлар билан умумий савдо айланмасида катта ўсиш қайд этилган.

Экспорт

Ҳисобот даврида 1,5 млрд долларлик (- 72,5 фоиз) олтин сотилган. Бу умумий экспортнинг 15,1 фоизини ташкил этади. Йил бошидан бери фақат апрел ойидагина қимматбаҳо металл экспорти амалга оширилган.

Шунингдек, экспорт таркибида хизматлар (34,7 фоиз), саноат товарлари (15 фоиз), кимёвий воситалар (8,1 фоиз), турли хил тайёр буюмлар (7,9 фоиз), озиқ-овқат маҳсулотлари ва тирик ҳайвонлар (7,5 фоиз) ҳамда  минерал ёқилғилар (4,5 фоиз) ҳам сезиларли улушга эга бўлган.

Ҳисобот даврида 129,4 млн долларлик газ сотилган бўлиб, бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 35,2 фоизга кам. Бундан ташқари, 234,3 млн долларлик нефть ва нефть маҳсулотлари (+55 фоиз), 82,2 млн долларлик электр токи (-4,2 фоиз) экспорти ҳам амалга оширилган. Шунингдек, 438,3 млн долларлик автомобил ва унинг эҳтиёт қисмлари сотилган. Бу 2025 йилнинг мос даврига нисбатан 31,2 фоизга кўп.

Ташқи савдо айланмасида товарлар ва хизматлар экспорти бўйича асосий ҳамкорлар Россия (14,5 фоиз), Хитой (9,2 фоиз), Афғонистон (6,5 фоиз), Франция (5 фоиз), Қозоғистон (4,3 фоиз), Туркия (3,6 фоиз), БАА (2,7 фоиз), Қирғизистон (2,5 фоиз), Тожикистон (2,1 фоиз) каби давлатлар бўлган. Уларнинг умумий экспортдаги улуши 50 фоиздан кўпроқни ташкил этади.

Импорт

Импорт таркибида энг катта улуш машиналар ва транспорт асбоб-ускуналари (33,7 фоиз), саноат товарлари (15,3 фоиз) ҳамда кимёвий воситалар ва шунга ўхшаш маҳсулотлар (12,4 фоиз) ҳисобига тўғри келган.

2026 йилнинг 4 ойида 1,8 млрд долларлик озиқ-овқат маҳсулотлари ва тирик ҳайвонлар импорт қилинган. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 47,2 фоизга кўп. Энг катта ўсиш донли экинлар (524 млн долларлик, ўсиш —72,3 фоиз), гўшт ва гўшт маҳсулотлари (320 млн долларлик, ўсиш — 62,7 фоиз ) ҳамда шакар ва шакар маҳсулотлари (236 млн долларлик, ўсиш —49,6 фоиз) импортида кузатилган. Ҳисобот даврида 580 млн долларлик газ сотиб олинган, бу ўтган йилги кўрсаткичдан 53,6 фоизга кўп. Шунингдек, 327 млн долларлик бензин (ўсиш – 2 баробар), 185 млн долларлик дизел (+20 фоиз) импорт қилинган.

Еттита давлат, жумладан, Хитой (32,4 фоиз), Россия (18,8 фоиз), Қозоғистон (8,5 фоиз), Корея (3,8 фоиз), Туркия (3,4 фоиз), Ҳиндистон (2,3 фоиз) ва БААдан (2,2 фоиз) жами импортнинг 70 фоиз қисми амалга оширилган.

Достон Аҳроров
Тайёрлаган Достон Аҳроров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид