Жаҳон | 22:33 / 28.10.2020
12459
9 дақиқада ўқилади

БМТнинг 75 йили. Вазифалар қандай уддаланмоқда?

Иккинчи жаҳон уруши якунига кўра, ғолиб давлатлар ташаббуси билан тузилган жаҳондаги энг катта ва номи жиҳатдан энг нуфузли ташкилот ўзининг 75 ёшини ҳар қачонгидан ҳам мураккаб вазиятда кутиб олди. Тузилганида жуда катта умидлар уйғотган, узоқ вақт чиндан ҳам катта вазифаларни уддалаган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти етишган ёшига мос тарзда толиқиб қолгандек тасаввур уйғотмоқда.

Дастлабки қадамлар
Инсониятга қирғинлар билан бирга битмас маънавий жароҳатлар етказган иккинчи жаҳон уруши якунига кўра, барча давлатларнинг бошини қовуштирувчи, энг муҳим масалалар бўйича музокаралар ўтказувчи, урушдан кейинги «ўйин қоидалари»ни белгилаб берувчи ҳамда унинг талабларини барча тан олувчи ташкилотга зарурат борлиги англаб етилди.

Аслида «Бирлашган Миллатлар» деган атама бундан олдинроқ – 1942 йилда «Бирлашган Миллатлар декларацияси» имзоланганда қўлланганди.

1945 йилнинг 26 июнида 50 давлат иштирокида БМТ низоми тасдиқланди ва шу йилнинг 24 октябрида бу низом кучга кирди (шундан буён бу кун БМТ куни сифатида нишонланади).

БМТ бош котиби ҳар 5 йил муддатга сайланади ва қайта сайланиши мумкин. Айни пайтда ўзига хос жентльменлик келишувига (оғзаки ва қатъий бўлмаган битимга) кўра, Хавфсизлик кенгашига доимий аъзо бўлган давлатлар бош котибликка ўз номзодларини илгари сурмайди. Сабаби Хавфсизлик кенгашида доимий ўрин ҳам давлатга жуда кўп имкониятлар беради. Шунингдек, бош котиб сайланишида қитъалараро навбатга ҳам алоҳида эътибор берилади. 2017 йилдан буён бу лавозимни португалиялик Антониу Гутерриш эгаллаб турибди.

Бош Ассамблея
БМТ тузилмасидаги энг йирик ўринни Бош Ассамблея эгаллайди. Бош Ассамблеяда БМТга аъзоликка давлатлар қабул қилинади, деярли барча давлатлар вакиллари иштирок этувчи энг йирик тадбирлар ўтказилади, Хавфсизлик кенгашининг доимий бўлмаган аъзо давлатлари тайинланади. Энг муҳими – Бош Ассамблея қарорлари барча давлатлар учун мажбурий ҳисобланади.

Ҳар йили сентябрь ойида навбатдаги сессиясини ўтказадиган Бош Ассамблеянинг кўплаб қўмиталари бор. Умуман, БМТ сессиялари навбатдаги, махсус ва фавқулодда тартибда ўтказилади. Махсус ва фавқулодда сессиялар одатда Хавфсизлик кенгаши ташаббуси билан ва шошилинч вазиятларда (масалан, касаллик тарқалганда, кутилмаган ҳарбий ҳаракатларда) ўтказилади.

Хавфсизлик кенгаши
БМТ таркибидаги жуда нуфузли ва аҳамиятли тузилма – Хавфсизлик кенгаши ҳисобланади. Хавфсизлик кенгаши жаҳонда тинчлик ва барқарорликни таъминлаб туришда жуда катта роль ўйнайди ва унинг қарорларига ҳам БМТга аъзо бўлган барча давлатлар бўйсунишлари шарт. Бу тузилма БМТ низоми кучга кирган пайтдан буён ишлаб келмоқда ва унинг таркибида 5та доимий ва 10та доимий бўлмаган аъзо давлат бор.

Доимий аъзолари АҚШ, Россия (собиқ иттифоқ ҳуқуқий меросхўри сифатида), Буюк Британия, Франция ва Хитой каби давлатлардир. Бундай таркиб танланишига ҳам асосий сабаб иккинчи жаҳон урушининг якунлари, бу урушда давлатлар танлаган позициялар бўлган. Антигитлер коалициясига қўшилган давлатлар бу борада биринчи бўлишган ҳамда ҳануз ўринларини сақлаб келмоқда. Доимий аъзоларнинг жуда муҳим ва машҳур ҳуқуқи – кенгаш қарорларига нисбатан вето қўйиш (қарорни кучга киритмаслик) ҳуқуқи мавжуд. Вето ҳуқуқи кўп ҳолларда бу кенгашнинг узоқ тортишувлардан кейин қабул қилинган муҳим қарорларини бесамар қилиб қўяди, сабаби қарама-қарши давлатлар ўз манфаатларига зид ёки рақиби манфаатига мос қарорларни блоклаб қўядилар. Бу ҳолат, айниқса, АҚШ-Россия, АҚШ-Хитой каби давлатлар ўртасида кўп кузатилади.

Хавфсизлик кенгашига аъзолик масаласи бугунги кунда энг кўп баҳсларга сабаб бўлаётган мавзулардан биридир. Сабаби, доимий аъзо бўлган давлатларнинг мавқейи БМТ ва бу кенгаш тузилган вақтдагига нисбатан анча ўзгарган. Масалан, иқтисодий қудрат ва сиёсий таъсирга қаралса, бу давлатлар орасида Германия ёки Япониянинг йўқлиги ажабланарли. Аҳоли сони, мунтазам ўсаётган нуфузига эътибор берилса, Ҳиндистоннинг ўрин олмагани ғалати. Шу билан бирга, мунтазам ўзгариб турувчи, доимий бўлмаган аъзолар бўйича ҳам кўп тортишувлар бўлади. Чунки бундай аъзолар Яқин Шарқ, Лотин Америкаси ёки Африка давлатларидан олинмаслиги, аммо Хавфсизлик кенгашининг жуда кўп масалалари шу ҳудудлар муаммоларига қаратилиши ҳам норозиликлар туғдиради.

Бугунги кунда БМТ фаолияти кўп танқидга учраётганининг асосий сабабларидан бири пандемиядир. Жуда кўп давлат раҳбарлари, жумладан, Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди, Туркия президенти Эрдўған БМТ коронавирусга қарши курашда жуда сусткашликка йўл қўйганини таъкидлаган ва уларнинг бу фикрларини кўпчилик қўллаб-қувватлаган.

Аъзо бўлиш
БМТга аъзо бўлишнинг ҳам ўзига яраша тартиблари бор. Биринчи навбатда фақат халқаро тан олинган давлатларгина бу ташкилотга аъзо бўлишлари мумкин. 2011 йилда Жанубий Суданнинг аъзолиги ортидан БМТ таркибидаги давлатлар сони 193тага етди.

Бирор тан олинган давлат БМТ аъзоси бўлиши учун уни Хавфсизлик кенгашининг доимий бўлмаган 15 аъзосининг камида 9таси, доимий аъзоларининг барчаси тасдиқлаши керак. Хавфсизлик кенгаши ўз тавсиясини Бош Ассамблеяга тақдим этади. Бош Ассамблея навбатдаги сессияда умумий аъзоларнинг учдан иккиси розилигига кўра бу давлатни қабул қилиш бўйича резолюция қабул қилади.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 6та расмий тили бор:

1. Инглиз тили, БМТда инглиз тили куни – 23 апрель (Шекспир туғилган кун);

2. Француз тили, бу тил куни — 20 март (Халқаро франкофония куни);

3. Рус тили, бу тил куни — 6 июнь (Пушкин туғилган кун);

4. Испан тили, бу тил куни — 12 октябрь («Día de la Hispanidad» — испан маданияти куни);

5. Хитой тили, бу тил куни — 20 апрель (хитой ёзуви асосчиси Цан Цзега бағишланган);

6. Араб тили, бу тил куни — 18 декабрь (1973 йилда Бош Ассамблеяда араб тили расман қабул қилинган кун).

Сўзга чиқувчилар мана шу тиллардан бирини танлаб сўзлашлари, агар ўзларига маъқул, аммо расмий тил мақомида бўлмаган бошқа тилда ёки она тилида сўзласа, расмий тилларнинг биридаги оғзаки ёхуд ёзма таржимани таъминлаб беришлари керак.

Ўзбекистон 1992 йил 2 март куни жаҳон ҳамжамиятининг тенг ҳуқуқли аъзоси сифатида БМТга аъзо бўлган. Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев ҳам ўз чиқишларининг бирида расмий тил ҳисобланган рус тилидан, яна бирида эса ўзбек тилидан фойдаланган.

БМТ бугун
Бугунги кунда танқидларга нишон бўлаётганига, кўпчилик қарорлари қоғозда қолиб кетаётганига қарамай, БМТ ўз асосий вазифаларини уддалай оляпти. Минг ва ундан ортиқ ҳарбийлар қатнашган урушлар сони кескин камайган, давлатларнинг ҳарбий салоҳияти кескин ошганига қарамай, коалиция тузган ҳолда олиб борилаётган йирик урушлардан тийилиб турибдилар, ядро қуролларининг сони ва вайронкорлик қудрати ақл бовар қилмас даражага етган бўлса-да, Нагасаки ва Хиросима хулосасини ҳозирча ҳеч ким унутгани йўқ.

БМТ ҳақида қизиқарли фактлар:

  • Бу ташкилот штаб-квартираси учун ер майдонини 1946 йилда миллиардер, кичик Рокфеллер 8,5 млн долларга сотиб олиб берган. Бу ўз даврида жуда катта маблағ эди;
  • СССР компартияси бош котиби Никита Хрушчевнинг ўз туфлиси билан столни қайта-қайта урганига оид факт бўйича кўп тортишилади. Кимдир у шунчаки ечилиб кетган туфлисини қўлга олиб қайта кийган деса, яна кимдир Буюк Британия вакилининг СССРга нисбатан ёқимсиз сўзларига жавобан столни «савалаган» дейди. Ҳар қандай ҳолатда ҳам БМТда баҳсли мавзулар муҳокамаси бошланса, «Хрушчев ботинкаси» атамаси қўлланади;
  • БМТда одатда сипо либосларда юрилса-да, айрим миллат ва элатлар вакиллари миллий либосларда ташриф буюрадилар. Айниқса, Папуа Янги Гвинея вакилининг БМТ расмий тадбирига ўзига хос либосда (аниқроғи, деярли либосларсиз) келгани жуда кўпчиликнинг диққатини тортган;
  • Барча давлатларга тенг ҳуқуқ бериш принципи асосида БМТда аксарият аъзолар ғазабига учраган давлатлар раҳбарларига ҳам сўз берилади. Турли даврларда бу минбардан Муаммар Қаззофий, Уго Чавес, Маҳмуд Аҳмадинажот нутқ ирод қилган. Аслида, бундай инсонлар сони жуда кўп. Бу учовлон эсланишининг сабаби Ливия раҳбари Муаммар Қаззофий «вируслар тарқатилади ва уларга қарши дорилар катта пулга сотилади» дегани, Венесуэла президенти Уго Чавес АҚШ президенти Жорж Бушга қарата «Ҳозиргина иблисни кўрдим» дея чўқингани, Эрон президенти Маҳмуд Аҳмадинажот 11 сентябрь терактларини АҚШнинг ўзи уюштирганини ва Исроилни АҚШга кўчириб юбориш зарурлиги ҳақида ваъз ўқиганида эса залда ўтирганларнинг аксарияти норозилик белгиси сифатида чиқиб кетгани бўлган.

Аброр Зоҳидов

Мавзуга оид