Ўзбекистон | 19:14 / 30.10.2020
10739
6 дақиқада ўқилади

Ўтган аср технологияси билан ишлаётган «Ўзгидромет». Унинг тақдири ҳеч кимга қизиқ эмасми?

Баъзи соҳаларга ажратилаётган пулларни эшитиб, одамнинг эси оғиб қолиши ҳеч гап эмас. Бюджет тақсимотида номини ойда-йилда бир эшитадиганимиз бирор ташкилот фалон миллиард ёки фалон триллион сўм олишини кўриб, беихтиёр ҳайратдан ёқа ушлаймиз. Аммо шундай ташкилотлар борки, ишчилари 700 минг ойлик олади, улар тайёрлаган маълумотлар эса бутун мамлакат учун аҳамиятли...

Деҳқон экинини шу маълумотга қараб экади, ўқувчи қизнинг онаси шу маълумотга қараб боласининг сумкасига соябон солиб қўяди, томини қишгача ёпишга шошилаётган одам кунига ўн маротабалаб уларнинг маълумотини ўқийди, ҳатто тўй қилаётган одам ҳам шу маълумотга қараб иш қилади. Шаҳар ҳаётидан узилиб, кўпчилик учун тасаввур қилиш қийин бўлган шароитда ишлаётган мана шу касб соҳибларини замона қаҳрамонлари деса арзийди аслида. Ҳа, бугун «Ўзгидромет» – Ўзбекистон гидрометрология хизмати фаолиятига назар ташлаймиз.

Хуршид Тошпўлатов. Тошкент вилояти гидрометеорология бошқармаси муҳандиси

Маош 700 минг сўм...

Дастурни тайёрлаш давомида кўрдикки, гидромет ходимлари одам оёғи етмайдиган баланд жойларда ишлашади. У ерда одамларни вертолётда олиб боришади, озиқ-овқат ҳам айнан вертолётда ташилади. Тизим бугунги кунда собиқ иттифоқ давридан қолган техникалар билан ишламоқда. Моддий таъминот ҳам ҳавас қиларли даражада эмас. Шу сабаб кўп ходимлар бошқа соҳага кетиб қолган. Маълум бўлишича, «Ўзгидромет» марказий аппаратида ўртача маош – 1,2 миллион сўм. Ҳудудий бўлимларда эса 1 миллион сўм. Вилоят ва туманларда ўртача 700 минг сўм. Бир ойга!

Малика Миржамолова. «Ўзгидромет» ахборот хизмати раҳбари

80-йилларда ҳам шу техника эди, ҳамон ўша...

Кўрсатувимизнинг асосий қаҳрамони Чимён кузатув маркази инженер-кўчкишуноси Алберт Попов бўлди. Унинг дангал гапиришига бир қойил қолган бўлсак, ўз ишини яхши кўриши, оддий нарсалар билан ҳам керакли мураккаб вазифани бажариб кетишига яна бир бор лол қолдик.

«1983 йил ташкил этилган бу иншоот СССРдаги энг зўри эди. Таъминот, ускуналар бўйича бизга тенг келадигани йўқ эди. Аммо ўша олис 80-йиллардан буён станциямиз капитал таъмирланмади, аҳвол яхши эмас, моддий таъминот жуда ёмон. 2010 йилда мени раҳбар қилишди, лекин бир йилга етмай бўшатишди. Чунки мен жуда кўп савол берардим, талаб қилардим. Ўшанда бизга оддий ҳаво ўлчагичлар етишмас, «Ўзингиз олинг, биз пулини берамиз», дейишарди. Аҳвол ҳамон ҳавас қилгулик эмас.

5-6 йил аввал туркиялик кўчкишунослар келишди. Аслида улар биздан иш ўргангани келганди ва техникаларимизни кўрсатишни сўрашди. Мен белкурак ва чанғини кўрсатдим (чанғи ўзимники). Улар шуми ҳаммаси, дейишди, мен ҳа, дедим. Уларнинг эси оғиб қолай деди, ахир бундай нарсалар билан ишлашни тасаввур ҳам қила олишмасди-да. Жаҳон метеохизматлари ривожланиб кетди. Очиғи, дунё метеохизматларида нима янгиликлар бўлаётганини кузатмай ҳам қўйдим. Ахир бизда ривожланиш бўлмагач, уларни кўриб нима қиламан.

Бояги туркияликлар бир неча ой ўтиб бизга ҳар хил асбоб-ускуналар юборишди. Афсуски, уларни божхонадан олиб киришнинг иложи йўқ экан. Биз олдинга юриш у ёқда турсин, орқага қараб кетяпмиз. 1985 йил берилган ускуналар эскириб, йўқ бўлиб кетди. Киевда ишлаб чиқарилган техникалар ўша вақтда энг зўри эди. Биз уларни Чимённинг энг тепасига вертолётларда олиб чиқиб керакли натижаларни олардик. Ақалли ўша вақтдаги техникаларимиз бўлганда ҳам яхшироқ ишлаш мумкин эди. Ҳозир ҳаммасини қўлда, механик тарзда қиламиз.

Алберт Попов. Чимён кузатув маркази инженер-кўчкишуноси

Кўчки хавфини баъзан кўз билан чамалаб айтишга мажбурмиз. Бундай маълумотларни аниқлайдиган техникаларни тепага олиб чиқишга эса пул сарфламай қўйишди, чунки у қиммат нарса. Мен 2 минг метр тепаликкача чанғида чиқиб чуқурча қазиб тушаман, пастда ҳам чуқурча қазамиз. Шу тариқа қорнинг зичлиги, ҳарорати, умуман ҳолатини аниқлаймиз. Тоғнинг тепасига елкамда юк билан 6 соатда чиққанман, юксиз эса 4 соатда. Икки йил олдин. Бу энг яхши натижам бўлган», дейди қувноқ суҳбатдошимиз Алберт Попов.

Кўрсатув давомида «Ўзгидромет»нинг гидропостларида ҳам бўлдик. У ерда ҳам ҳар қандай қийинчиликларга қарамай, одамлар меҳнат қилишмоқда. Сувнинг ҳажми, тезлиги каби муҳим маълумотлар кунига икки марта ўлчаб, таҳлил учун юборилади. Раъно Шарафутдинова бошчилигидаги гуруҳ эса маълумотларни таҳлил қилади. Юқорида айтганимиз моддий таъминотнинг яхши эмаслиги одамларнинг ҳаракатларида сезилмайди. Барчаси худди соатдек ишламоқда, ҳамма ўз иши билан банд, муҳим маълумотлар одамларга етказилмоқда...

Сўнгсўз ўрнида икки оғиз мулоҳаза қилсак. Боя айтганимиздек, «Ўзгидромет»да ишлаётган оддий инсонларни чинакам замонимизнинг қаҳрамонлари дейиш мумкин. Ахир молиявий тўкис бўлган қанчадан-қанча соҳалар оқсаётганини кўряпмиз, бироқ бу бир қарашда жуда оддий, аммо ўта муҳим ташкилот қийинчиликка қарамай, ўз ишини имкониятлари даражасида яхши бажармоқда. Биз барча қаҳрамонларимиз билан суҳбатлашиш давомида бир нарсани жуда хоҳладик – улар шунчаки ўзлари муносиб бўлган яхши шароитларда, яхши маош олиб ишлашини, ортиғини эмас.

Айтганча, эртага ҳаво қандай бўларкин?..

Бобур Акмалов суҳбатлашди
Тасвирчи ва монтаж устаси Муҳаммаджон Ғаниев.

Мавзуга оид