Жаҳон | 10:45 / 31.10.2020
24687
3 дақиқада ўқилади

Туркияда зилзиладан жабрланганлар сони ортмоқда, 341та такрорий зилзила қайд этилди

Туркияда содир бўлган кучли зилзила оқибатида 24 киши ҳалок бўлди ва яна 804 киши жароҳат олди. Бу ҳақда Туркия Фавқулодда вазиятлар ва табиий офатлар бўйича агентлиги хабар берди.

Фото: AP

«Жами 24 киши ҳалок бўлди, улардан бири чўкиб кетган. Жами 804 киши жароҳат олди: 743 киши Измирда, 5 киши Манисда, 2 киши Балиқесирда ва 54 киши Ойдинда», – дейилади хабарда

Манбага кўра, қутқарувчилар Измирда қулаб тушган 17 та уйнинг саккизтасида вайроналарни текшириб чиқишган. Яна тўққизта бинода ишлар давом этмоқда. Вайроналар остида ҳалок бўлганлар ва жароҳат олганлар бўлиши мумкин. 

Қидирув-қутқарув ишларига деярли 4 минг киши, 20та қутқарувчи ит ва 475та машина жалб қилинган. 

Шунингдек, агентлик хабарига кўра, зилзиладан кейин 341 та афтершок (такрорий зилзила) қайд этилган. Улардан 31 тасининг магнитудаси 4 дан юқори бўлган. 

Юз берган кучли зилзила Греция ҳудудида ҳам сезилган. Ушбу давлатда икки киши ҳалок бўлган, 20 киши жароҳат олган. 

Греция бош вазири Кириакос Мицотакис ва Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған, мамлакатлар ўртасидаги тортишувларга қарамай, телефон орқали ўзаро мулоқот қилди. 

«Бизнинг ўзаро тортишувларимиз қандай бўлишидан қатъи назар, ҳозир бизнинг халқларимиз бирлашиши керак бўлган вақтдир», – деди Мицотакис. Ўз навбатида, Эрдўған икки қўшнининг қийин пайтда бирдамлик кўрсатиши ҳаётдаги кўп нарсаларга қараганда қимматлироқ эканини билдирди.

ЕИ, НАТО, Франция, Озарбойжон, Эрон, АҚШ, Буюк Британия, Чили ёрдам беришга тайёрлигини эълон қилди.

Жума куни Туркиянинг жануби-ғарбидаги Измир провинцияси ва Грециянинг Самос ороли шимолида – Эгей денгизи ҳудудида кучли зилзила рўй берди. АҚШ геологик кузатувлар хизмати зилзила магнитудаси кучини 7 балл деб баҳолаган, Туркия ҳукумати 6,6 баллик зилзила рўй берганини маълум қилган.

Шу йилнинг 24 январида Туркия шарқидаги Элязиғ провинциясининг Сивриж шаҳрида рўй берган ер силкиниши оқибатида 41 киши ҳалок бўлиб, 1607 киши жароҳат олганди.

2019 йилнинг 19 июлида ерости силкиниши Афинада электр тизимини издан чиқарган ва шаҳарнинг бир қисми электр таъминотисиз қолганди.

1999 йилнинг 17 августида Истанбулга яқин масофада жойлашган Измитда зилзила рўй бериши оқибатида 17217 киши ҳалок бўлиб, 45 мингдан ортиқ киши жароҳат олиб, 600 мингга яқин киши бошпанасиз қолганди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид