Ўзбекистон | 21:37 / 31.10.2020
78143
3 дақиқада ўқилади

Улар «эски Ўзбекистон» бўла туриб «янги Ўзбекистон»ни мағлуб эта олди – депутатлар UzAuto Motors’нинг судда ютгани ҳақида

Кеча, 30 октябрь куни Тошкент шаҳар маъмурий судининг ҳал қилув қарорига асосан, аризачи «UzAuto Motors» АЖнинг жавобгар Монополияга қарши курашиш қўмитасига нисбатан Махсус комиссиясининг 21/31-сонли иш бўйича 2020 йил 19 августдаги қарорини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги шикоят аризаси қаноатлантирилди

Жараён якуни жамоатчилик юрагининг туб-тубидан исталган эмас, балки реалликдан келиб чиққан ҳолда кутилган воқелик бўлди. «UzAuto Motors» АЖ Монополияга қарши курашиш қўмитасини судда ютиб чиқди.

Суд натижаси эълон қилингандан кейин Олий Мажлис қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев унга ўз муносабатини билдирди.

«UzAuto Motors» ва уни қўллаб-қувватловчиларнинг ҳарак(ж)атлари зое кетмади. Улар шуни исташди, шу бўлди, улар «бўл» деди, бўлди, «бўлма», деса бўлмасди.

Уларга қанча гул, пул, куч, эътибор керак бўлса ҳаммаси муҳайё. Фақат одамларнинг ишончи ва ҳурматидан ташқари... Аммо улар учун бир чақалик қиймати йўқ ишонч ва ҳурматсиз ҳам улар ғолиб, буюк ва тенгсиз бўлиб қолаверишлари мумкин. Чунки улар «эски Ўзбекистон» бўла туриб «янги Ўзбекистон»ни мағлуб эта олдилар.

Хуллас янги Ўзбекистондаги «эски Ўзбекистон»га «ғалаба» муборак!», – деб ёзди у ўз телеграм каналида.

Суд чиқарган якуний қарорга нисбатан қонунчилик палатасининг бошқа бир депутати Дониёр Ғаниев ҳам ўз муносабатини ёзди.

Депутат жумладан, суднинг бу қарори Ўзбекистонда монополияга қарши кураш, соғлом рақобат муҳитини яратиш борасида айтилаётган барча гаплар, кутилаётган ислоҳотлар илдизига болта урди деб ҳисоблашини билдирган.

«Гарчи бундан анча олдин суд қарори «олиб-сотар» «UzAuto Motors» фойдасига чиқишига оид тахминларни бир неча манбалардан эшитсам-да, лекин умидсиз шайтон дея одил судлов қарор топишига охиригача умидвор эдим. Афсус, минг афсус....», – дея постини якунлаган Ғаниев.

Мавзуга оид