Жаҳон | 15:59 / 01.11.2020
3381
2 дақиқада ўқилади

Грузия парламентига сайловларнинг дастлабки натижалари эълон қилинди 

Грузиянинг бир палатали парламентига сайловларда ҳукмрон партия – “Грузия орзуси – Демократик Грузия” ғолиб бўлди. Бундан республиканинг Марказий сайлов комиссияси 88 фоиз бюллетенлар ҳисоблаб чиқилгандан кейин эълон қилган дастлабки натижалар дарак бермоқда. 

Сайлов комиссияси маълумотларига кўра, ҳукмрон партия сайловчиларнинг 48 фоиз овозини тўплаган. Партия раиси Бидзина Иванишвили дастлабки расмий натижалар эълон қилинишини кутиб ўтирмай, партия тарафдорларини ғалаба билан табриклашга тушиб кетган.

Мухолиф партия – “Ягона миллий ҳаракат”ни овоз берувчиларнинг 27 фоизи қўллаб-қувватлаган. 

“Европача Грузия” ва “Ватанпарварлар альянси” 3 фоиздан кўпроқ овоз тўплаган. Айни вақтда парламентга ўтиш учун 1 фоизлик чегарадан ҳаммаси бўлиб 9 та партия ўтган.

Ҳукмрон партия ижрочи котиби Ираклий Кобахидзенинг таъкидлашича, партия айни вақтда парламентда 76 та ўрин олмоқда. Бу унга ҳукуматни якка ўзи шакллантириш имконини беради.

Грузия мухолифати сайловлар сохталаштирилган деб ҳисобламоқда. Мухолиф партиялар етакчилари халқаро кузатувчиларни сайловларни қонуний ўтган деб тан олмасликка чақиришмоқчи. Тбилиси марказида норозилик намойиши ўтказилиши режалаштирилган.

Грузиянинг собиқ президенти, 2004 йилдан 2015 йилгача “Ягона миллий ҳаракат” етакчиси бўлган Михаил Саакашвили парламент сайловларини мухолиф кучлар тантанаси деб атаган. Унинг фикрича, биринчи навбатдаги вазифа бошқа мухолиф партиялар билан миллий бирдамлик ҳукуматини шакллантириш ҳисобланади. 

Грузияда парламент сайловлари янги қоидаларга кўра ўтди. Партияларнинг парламентга ўтиши минимал чегараси 3 фоиздан 1 фоизга туширилди. Сайловларда 48 та партия ва 2 та блок иштирок этган. 

Грузия парламентига 150 депутат сайланади: 120 нафари рўйхатлар бўйича ва 30 нафари мажоритар асосда. Парламент таркиби 4 йилга сайланади. 

Мавзуга оид