Жаҳон | 21:20 / 01.11.2020
5788
2 дақиқада ўқилади

Грузияда парламент сайловларидан кейин мухолифатнинг норозилик намойиши бошланди

Фото: Рустави 2

Грузияда мухолифат тарафдорлари мамлакатда 31 октябрда ўтган парламент сайловларидан кейин Тбилиси кўчаларига чиқишди. Улар сайловларнинг ноқонуний деб тан олишини талаб қилишмоқда. 

Грузия пойтахтидаги Руставели кўчасида марказий сайлов комиссиясининг натижаларидан норози бўлган бир неча минг киши тўпланган. Сайлов комиссия маълумотларига кўра, сайловларда ҳукмрон “Грузия орзуси” партияси ғалаба қозонган.

Намойишларда партияларнинг ёшлар қаноти вакиллари, парламентга ўтган барча мухолиф партиялар етакчилари иштирок этмоқда.

Тбилисининг собиқ мэри, “Европача Грузия” партияси етакчиси Гиги Угулаванинг таъкидлашича, 8 ноябрда Тбилисида катта намойиш ўтказилиши режалаштирилган. Мухолифат норозилик акциялари ҳар куни ўтказилиши мумкинлигини айтмоқда.

Мухолифат етакчилари янги парламент таркибига киришдан бош тортишмоқда. Сайловларда ғалаба қозонган “Грузия орзуси” партияси етакчиси Мамука Мдинарадзенинг таъкидлашича, мухолифатнинг бойкоти парламент ваколатларининг тан олинишига тўсқинлик қила олмайди.

Охирги маълумотларга кўра, “Грузия орзуси” парламент сайловларида 48,15 фоиз овоз билан ғалаба қозонди.

Таркибига Грузиянинг собиқ президенти Михаил Саакашвилининг “Ягона миллий ҳаракат” партияси кирувчи мухолифат блоки “Куч бирликда” 27,14 фоиз овоз билан 2-ўринни эгаллаган. 

Умуман олганда, сайловларда иштирок этган 48та партия ва 2та блокдан парламентга минимал чегарани босиб ўтган, яъни 1 фоиздан кўпроқ овоз тўплаган 7та партия ва 2та блок ўтди.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид