Жаҳон | 11:26 / 01.11.2020
24205
4 дақиқада ўқилади

“Миллиардлар қабристони”: Берлинда 14 йиллик қурилишдан кейин янги халқаро аэропорт очилди

Германия пойтахти Берлин энди халқаро стандартларга жавоб берувчи ўз аэропортига эга: шаҳарда 14 йиллик қурилишдан кейин Вилли Брандт номидаги Берлин-Бранденбург (BER) халқаро аэропорти очилди.

Фото: Reuters

31 октябрда янги аэропортга иккита илк самолёт – Easyjet ва Lufthansa авиакомпанияларининг самолётлари қўнди. Шунингдек, аэропортдан Лондонга биринчи самолёт жўнади. Ушбу рейсни Easyjet амалга оширмоқда.  

Аэропорт 1969-1974 йилларда Ғарбий Германия канцлери бўлган Вилли Брандт шарафига номланган.

Янги аэропортнинг ишга туширилиши Германия учун тарихий воқеа бўлди, дейилса муболаға бўлмайди. Унинг қурилиши бир неча йилларга чўзилиб кетган ва кўплаб муаммолар билан кечган. Берлин учун ягона аэропорт қуриш ғояси 30 йил аввал, Германия бирлашганидан кейин пайдо бўлган. 

Янги аэропорт очиш ҳақидаги қарор 1996 йилда қабул қилинган. Бироқ қурилишни бошлаш аэропортга жой танлаш ҳамда маҳаллий аҳоли ва экологлар норозилиги туфайли чўзилиб кетган. Аэропорт қурилиши 2006 йил 5 сентябрдагина бошланган. Аэропортни дастлаб 2011 йил октябрда очиш режалаштирилган, бироқ аэропорт ўша вақтда Европа иттифоқи томонидан киритилган хавфсизлик меъёрларига тўғри келмагани ва уни қуришда иштирок этган иккита компания касодга учрагани сабабли очилиши қолдирилган. Кейинги йилларда объектни унда аниқланган кўплаб камчиликлар, жумладан ёнғинга қарши ва багажни бериш тизимларидаги муаммолар сабабли очишнинг иложи бўлмаган. Мутахассисларга барча камчиликларни бартараф этиш учун яна 8 йил керак бўлган.

Ўтган йиллар давомида аэропорт раҳбарияти бир неча марта ўзгарган, унинг қурилишида иштирок этган компаниялар касодга учраган, баъзи бошқарувчиларга нисбатан тергов ишлари қўзғатилган.

Германияда охирги йилларнинг бош ва баҳсли қурилишига айланган аэропорт қурилиши 6 млрд еврога айланган, ваҳоланки дастлабки смета 2,83 млрд еврони ташкил қилган.    

Берлинда бунгача иккита аэропорт: 1946 йилда қурилган Шёнефельд ва 1948 йилдан бери ишловчи Тегель фаолият юритган. Шёнефельд эндиликда расман ёпилган, у янги аэропортнинг бир қисмига айланди. Тегель эса ноябрда ёпилади ва ундан охирги рейс 8 ноябрда жўнайди. Ушбу аэропортларнинг иккиси ҳам замонавий талабларга жавоб бермаган ва техник жиҳатдан эскириб қолган. 

Янги аэропорт 1,5 минг гектар майдонни эгаллайди, унинг иккита учиш-қўниш йўлаги, учта терминали, 25 та телетрапи бор. Аэропорт бир вақтда 100дан кўпроқ самолётга хизмат кўрсата олади.

Аэропортда ҳозирча учта терминалидан иккитаси – биринчи (асосий) ва бешинчи (собиқ Шёнефельд аэропорти)  ишлайди. 2-терминал ҳам қуриб битказилган, бироқ уни 2021 йил ёзида очиш режалаштирилган.  

Кейинчалик яна иккита терминал қурилади. Аэропорт 2040 йилга келиб максимал қувватга чиқиши ва йилига 50 млн йўловчига хизмат кўрсатиши режалаштирилган.

Янги аэропорт авиация соҳаси учун инқирозли вақтда очилди. Пандемия сабабли рейсларнинг катта қисми бекор қилинган, яқин орада аэропортдан кунига бир неча минг йўловчигина фойдалана олади. Танқидчиларнинг таъкидлашича, шу сабабли яқин орада аэропорт фаолиятини қўллаб-қувватлаб туриш учун яна миллионлаб евро бюджет пуллари сарфланади: пандемия қурилишига миллиардлаб пуллар сарфлангани сабабли “миллиардлар қабристони” деган норасмий ном олган аэропортга ҳозирча ўзига кетган харажатларни қоплашга имкон бермайди.   

Мавзуга оид