Ўзбекистон | 20:24 / 01.11.2020
23858
3 дақиқада ўқилади

8,3 млрд сўмга таъмирланган Норин кўприги фойдаланишга топширилди (видео)

Наманган, Андижон ва Фарғона вилоятларини боғловчи Норин дарёси устидаги кўприк аянчли ҳолатга келиб қолганига анча бўлган эди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири. Узунлиги 267,5 метр, эни 10,3 метрни ташкил қилувчи ушбу кўприк қурилганига қарийб 60 йил бўлган.

Йиллар давомида юзага келган ёриқлар, бетоннинг нураши, арматураларнинг чириши туфайли мазкур кўприк нафақат автомобиллар, балки фуқароларнинг ҳам фойдаланиши учун яроқсиз ва хавфли кўринишга келиб қолган. Ваҳоланки, кўприкдан ўтаётган автотранспорт ҳаракатининг жадаллиги бир кеча-кундузда 15-17 минг бирликни ташкил этарди.

Кўприк қурилишига «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ таркибидаги «Кўприк қурилиш трести» унитар корхонаси буюртмачи этиб белгиланди ва корхона таркибидаги 2-кўприк қурилиш отряди унитар корхонаси бош пудратчи этиб тайинланди.

Жорий йил 23 апрелдан бошлаб қурилиш отряди томонидан эски кўприкнинг бузилиши туман аҳолисини Наманган шаҳри билан боғлаб турган йўл тўсилишига олиб келди. Натижада автотранспортлар ҳаракати Андижон вилоятининг Балиқчи ва Улуғнор туманларини кесиб ўтган ҳолда Наманган–Мингбулоқ йўлининг 8-километрида жойлашган «Сирдарё» кўприги орқали ҳамда Учқўрғон туманидаги «Гидроузел» кўприги орқали амалга оширилди.

8,3 млрд сўмлик қурилиш-монтаж ишлари 6 ойда ўз якунига етказилди.

Маълум қилинишича, қурувчилар томонидан лойиҳа-смета ҳужжатларига асосан узунлиги 22 метрлик 48 дона қатнов қисми плита балкаси монтаж қилинган, 36 дона плитанинг оралиқ чоклари бетон ёрдамида мустаҳкамланган, узунлиги 242 метр бўлган 11 та оралиқ плитанинг устига арматура ёрдамида каркас тўқилган ва бетонлаш ишлари бажарилган, узунлиги 242 метр бўлган тротуар қисмларига каркас тўқилиб, тротуар плиталар монтаж қилинган.

Расмий ахборотга кўра, кўприк қурилишида замонавий талабларга жавоб берувчи ҳамда чидамлилиги юқори бўлган, асосан Россия қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчилари етказиб берган темир ва темир-бетон махсулотларидан фойдаланилган.

Ушбу кўприкнинг таянч устунлари ва тўсинлари юк кўтариш даражаси 80 тоннани ташкил этади.

Эндиликда кўприкнинг автомобиллар учун ҳаракат қисми 7,2 метр ўрнига 8 метрни ташкил этади, йўлнинг икки тарафида эса пиёдалар ўтиш йўлаги бор.

Маълумот учун, Наманган, Андижон ва Фарғона вилоятларини боғловчи асосий иншоот ҳисобланган Норин кўприги 1962 йилда фойдаланишга топширилган эди.

Мавзуга оид