Жамият | 10:45
901
2 дақиқада ўқилади

Андижонда сохта «кешбэк» схемаси фош этилди

Андижон вилоятида 38,3 миллиард сўм бюджет маблағларини «кешбэк» тўловлари орқали ноқонуний ўзлаштириш схемаси фош этилди. Терговга қадар текширувда бир гуруҳ шахслар сохта электрон ҳисоб-фактуралар ва харид чекларидан фойдаланиб, давлат маблағларини талон-торож қилгани аниқланган.

Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Андижон вилояти бошқармаси томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда фуқаро Ё.Қ. ва бошқалар ўзаро тил бириктириб ҳаракат қилгани маълум бўлди.

Текширувга кўра, улар 5 та масъулияти чекланган жамият (МЧЖ) номига бошқа МЧЖ томонидан гўёки 2,2 триллион сўмлик маҳсулотлар етказиб берилгани ҳақида сохта электрон ҳисоб-фактуралар расмийлаштирган.

Шундан сўнг, маҳсулотлар савдосидан тушган маблағлар назорат-касса машиналари орқали кирим қилингани ва товарлар фуқароларга сотилгани ҳақида сохта харид чеклари шакллантирилган.

Тергов маълумотларига кўра, ушбу чеклар асосида 94 921 нафар фуқаро ҳамда Ижтимоий ҳимоя ягона реестрига киритилган шахслар номига Soliq Mobile мобил иловаси орқали «кешбэк» тўловлари расмийлаштирилган.

Оқибатда 38,3 миллиард сўм бюджет маблағи ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан талон-торож қилингани аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ҳамда 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкаларни тайёрлаш, қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳозирда иш юзасидан тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид