Катта совринлардан катта пуллар сари. «Ювентус» қандай ўзгармоқда?
Бугунги катта, кучли, эътиборли «Ювентус» 2010 йилнинг май ойида, бошқарувга Андреа Аньелли келганидан бошланди. Аввалроқ, клуб В Сериядан қайтган, ичкаридаги турли мафия ўйинларидан қутулаётган, директорлик учун курашлар авж олганди.
Аньелли дарҳол қайта қуришга старт берди. Энг катта ўзгаришлардан бири Беппе Мароттанинг келиши бўлганди. 2010 йилнинг октябрь ойида у «Ювентус» бош директорига айланди, 2011 йилнинг ёзида эса Туринга чемпионлик қайтди. Ҳозиргача чиқиб кетгани йўқ.
Маротта Контени таклиф қилди, Пирло ва Видални сотиб олди. Илк мавсумдаёқ, «Юве» мавсумни мағлубиятсиз якунлади. Ёзда Поль Погба текинга қўлга киритилди. Мароттанинг принципи шу эди – минимум харажатлар ва аниқ нишонга уриладиган трансфер мақсадлари. Шу тариқа, клуб ривожланиб борди, Италияда биринчилардан бўлиб, бренд сифатида ўзини қоплашни бошлади. «Бизга револьюция эмас, эволюция керак» – бу Беппе Мораттанинг севимли иқтибосларидан бири.
Ўнинчи йилларнинг ўрталарига келиб эса «Ювентус» энди Европанинг Топ-3 жамоаларидан бирига айланди – уч йилда икки марта Европа Чемпионлар Лигаси финалига чиқди. Шундан сўнг, яъни 2017-18 йиллардан бошлаб эса клуб яна ўзгара бошлади – энди бошқа йўналишда.
«Клуб катта бўлиб кетди»
Аньелли шу қарорга келди: клуб нафақат Чемпионлар Лигаси финалларида ўйнаши, балки компания сифатида ҳам кенгайиши, чинакамига катта клубга айланиши ва пул олиб келиши керак. Аввал, клуб эмблемасининг ўзига хос тарзда ўзгартирилиши, кейинчалик, либосдаги анъанавий «йўл-йўл»лардан воз кечилиши, стадион номи сотилиши билан давом этди.
Яна бир муҳим қадам – Криштиану Роналдунинг трансфери. Бу нафақат катта маркетинг юриши, балки бутун Европага «биз кимни истасак, сотиб оламиз» шаклидаги баёнот эди. Якунда Маротта билан ҳам хайрлашилди – энди клубга фойдали трансферлар, пулни иқтисод қилиш ва натижаларга йўналиш олиш шарт эмас.
Маротта кетишидан беш кун олдин у ФИФА талқинига кўра энг яхши менежер сифатида эътироф этилганди. «Биз Аньелли билан келиша олмай қолдик. У охирги саккиз йилда клубнинг ўсиши билан шуғулланди. Балким энди «Ювентус» ҳаддан ташқари ўсиб кетгандир», деди Беппе кетар чоғида.
Ҳақиқатан ҳам сўнгги йилларда «Ювентус» энг тижорий клублардан бирига айланиб бормоқда. Расмий сайтларда, баёнотларда биз «Ювентус – бу бизнес» қабилидаги иқтибосларни кўп кўрмоқдамиз. Маротта ҳам албатта, клубга пул олиб келар, уни ривожлантирарди, аммо ҳаммаси футбол ўйинининг ичкарисида рўй берарди: фойдали трансферлар, мақсадли ва режалаштирилган харажатлар орқали. Энди бу клуб учун кам бўлиб қолди, «Ювентус» энди Вудворднинг «Манчестер Юнайтед»и томон ҳаракатланаётгандек.
Футболчи мураббийга мос эмасми? Фарқи йўқ.
Мароттанинг кетиши айниқса Аллегрига қаттиқ таъсир қилганди. У энди клубда ҳақиқий ишчи муносабатларга эга бўлган инсон билан, бошқача қилиб айтганда, ҳар доим мураббийни тушунадиган ва қувватлайдиган Мароттадан ажралганди.
«Ростини айтсам, бу мен учун шок. У «Ювентус»ни ғолиб клубга айлантирганди. У Европада энг яхши бошқарувчи. Нима дейишга ҳайронман» – деганди бош мураббий.
Мароттасиз ва Криштиану билан Аллегри ўзининг Туриндаги энг ёмон мавсумини ўтказди. Манбаларнинг айтишича, Аллегрининг клуб ичкарисидаги авторитети тушиб кетган, энди унинг трансферларни назорат қила олмаслиги бадтар жаҳлини чиқарарди.
Бу майдон ташқарисидаги ишлар бўлса, футболда ҳам янада сезила бошлади. Аллегри жамоадан максимум фойдалана олмай қолди, бунинг устига у Роналдуни ўз қолипига тушира олмас, ушбу юлдузга ўз схемаларини мослаштиришга мажбур бўлиб қолаётганди.
Бунинг устига, клуб Европа учун янада ўзига жалб қилишни истар, Аллегрининг прагматик футболи бунга мос келмасди. Қандайдир завқлироқ, урфга айланаётган нимадир керак бўлганида Сарри варианти пайдо бўлди. Майдонда ташаббускор, ҳужумкор, жозибадор футболдек туюларди Саррининг қарашлари.
Бу «Ювентус»нинг энг катта хатоларидан бири эди ва айтиш мумкинки, Маротта ҳеч қачон бундай иш қилмасди. Сабаби, Саррининг системаси Роналдунинг услубига умуман мос келмаслиги аён эди. Яъни клуб футбол нуқтайи назаридан икки тескари йўлни бирлаштириб, орқага катта қадам ташлагандек.
Пирло қанчалик тўғри қарор?
Бир мавсумдан кейин «Ювентус» Саррини истеъфога чиқарди. Аввалги услубга, прагматизм ва жозибасизликка қайтишдан мантиқ йўқ. Роналду борлиги учун ташаббускор, прессингни хуш кўрувчи мураббий ҳам тўғри келмайди. Нима қилиш керак?
Ҳеч қандай топ-клуб ҳеч қачон амалга оширмаган қарорга келинди. Жамоага умрида ҳеч қачон, ҳатто ёш болаларни ҳам шуғуллантирмаган инсон бош мураббий этиб тайинланди. Бир тарафдан қараганда, жуда аҳмоқона қарорга ўхшайди: Сарри кетган, коронаинқироз даври, айтарли номзод ҳам йўқ. Аммо Пирло варианти ўйланган режа эканини қуйидаги асослардан билиш мумкин:
- Тажрибасиз мураббийни тайинлаш, ўзига яраша жасорат. Бу эса «Ювентус»нинг янги имижларидан бири. Ва ўзига яраша қизиқ: ёш мураббийнинг ўз услубини топиб бориши, жараён.
- Европадаги ўзига яраша трендга жавоб бериш: Гвардиола, Зидан, Лэмпард, Сульшер каби афсоналар клублар бошига келишяпти. Пирло эса бутун дунё ёқимтойи.
- Сарридан кейин «Ювентус»нинг хато қилишга ҳаққи йўқ эди. Қаторасига икки марта адашиш клуб репутациясига зарба бўларди. Шунинг учун ҳам ўзиники бўлган ёш мураббийга имкон бериш мағлубиятсиз вариант. Ўхшамаса, табиий, Пирлодан нима чиқишини қаерданам билардик? Ўхшаб қолса, қойил, биз футболда даҳолармиз.
- Пирлонинг режаларига кўра, унинг жамоаси энг ҳужумкрор, жозибали ва замонавий футбол ўйнаши керак. У бу ҳақида кўп гапирмоқда. Боссларга эса бу ёқади. Албатта, ҳозирча ҳаммаси Пирлонинг орзуларида, майдонга кўчгани йўқ.
Шунчаки факт, ўша 2016/17 йилдаги финалдан сўнг, «Ювентус» бошқа ўша даражага етиб бормади. Бирор марта яримфиналга ҳам чиқмади. Аммо ишонч билан футболдаги энг катта бизнес-империялар бешлигига кирди. Шунинг учун баъзида клубда футбол натижаларига зарар берадиган, аммо катта пул олиб келадиган қарорлар қабул қилинса, ажабланиб ўтирманг.
Яна шу тарафдан Пирло мос келадики, уни осонлик билан бўшатиб юбориш ҳам мумкин. Агар натижалар яхши бўлмаса. Гвардиоланинг «Сити» билан шартномаси эса келаётган ёзда ўз якунига етади. Балки Аньелли бошидан бу вариантни ўз миясида пишитиб қўйган ва шунинг учун катта маош олувчи элита мураббийни тайинламагандир? Пеп Гвардиолани эса «Ювентус» анчадан бери орзу қилмоқда. Футболда қандай бўлади номаълум, аммо эътибор, жозибадорлик Роналдунинг трансферидан кам бўлмайди. Айни муддао.
Мавзуга оид
14:28 / 28.10.2024
«Арсенал» жароҳатлар гирдобида, Италия дербисида янги юлдуз порлади. Кун ўйинлари
17:00 / 19.10.2024
«Ливерпул», «Барса» ва «Юве» учун жиддий синов. Дам олиш кунларида тавсия этиладиган 4 учрашув
13:29 / 17.09.2024
Роналду — «МЮ»ни тарк этиши, клуб билан ҳозирги муносабатлари ва ўғлининг футболчи бўлиш истаги ҳақида
10:49 / 13.09.2024