ЮВЕНТУС – ЛАЦИО (19 октябр, 23:45)

«Ювентус» Чемпионлар Лигасида анча ишончли ва сермаҳсул ўйин кўрсатаётган бўлса-да, Италия чемпионатида бироз тескари. Мотта шогирдлари 7 ўйинда атиги 10 гол уришди холос – пешқадам жамоа учун жуда кам. Шу билан бирга ҳимоядаги ишончли ўйинни ҳам қайд этиш керак – «Ювентус» нафақат Италия, умуман Европада энг кам гол ўтказган жамоа бўлиб турибди. Шу пайтгача фақат 7-турга келибгина «Ювентус» ўз дарвозасидан гол ўтказиб юборди. У ҳам пеналтидан урилди. Жамоанинг айни пайтда «Наполи»дан атиги 3 очко кам жамғаргани ҳолда 3-ўринда бораётгани ҳам айнан ҳимоядаги ўйиннинг самараси деб ҳам бемалол айтиш мумкин. Зеро, кучлироқ рақибларга қарши ҳозирча туринликлар етарлича ишончли эмас – «Рома» билан ҳам, «Наполи» ўз майдонида голсиз дуранг қайд этилди.

Лекин «Лацио» билан ўйинлар голсиз ўтишига ишониш қийин. Жамоа иштирокидаги 7 ўйинда жами 25 гол урилган. Фақат «Аталанта»нинг бу борадаги кўрсаткичи «Лацио»дан кўпроқ холос. Римликлар гол уриш бўйича лигада 3-кўрсаткични қайд этаётган бўлишса-да, ҳимояда саволлар бор – Италияда 12 жамоа «Лацио»дан камроқ гол ўтказишни уддалай олган. Демак, ҳужумкор, аммо ҳимояда мукаммал бўлмаган рақибга қарши «Ювентус»нинг ўйини ҳар томонлама қизиқарли бўлиши шубҳасиз. «Лацио»ҳисобида ҳам худди «Ювентус» каби 13 очко борлигини, ғалаба римликларни ҳам деярли пешқадамга айлантиришини таъкидлаш лозим. Барча мусобақаларда 4 ўйиндан бери фақат ғалаба қозониб келаётган «Лацио» «Ювентус»нинг ушбу мавсумдаги мағлубиятсиз сериясига чек қўя оладими?

Сўнгги йилларда ўзаро ўйинларда майдон эгалари бўлган жамоанинг қўли баланд келмоқда. «Лацио» охирги марта Туриндан икки йил олдин бир очко олиб кетган. Охирги ғалаба эса, 2017 йилда содир бўлган эди. Аммо римликларнинг охирги сафар ўйини айнан Туринда ғалаба билан якунланганини ҳам айтиб кетиш керак. Икки тур олдин Марко Барони шогирдлари «Торино» устидан сафарда устун келганди.

Жароҳатлар борасида «Ювентус»да муаммолар етарли. Нико Гонсалес, Корминерс, Маккениларда жароҳат бор, Бремер деярли бутун мавсумга сафдан чиққан. Консенсау эса, «Кальяри» қарши дуранг бўлган ўйиннинг охирида ҳакам томонидан майдондан четлатилганди.

БАВАРИЯ – ШТУТГАРТ (19 октябр, 21:30)

Компанининг мураббийлик фаолиятидаги энг масъулиятли палла бошланди деб бемалол айтиш мумкин. Унинг қўл остида «Бавария» жуда яхши бошлади, агар ўртоқлик ўйинларини ҳам қўшса, қаторасига 10 учрашувни ғалаба билан якунлади. Энг чўққи эса сўнгги ўйинларда содир бўлди – жамоа қаторасига уч ўйинни 6:1, 9:2 ва 5:0 ҳисобида якунлади ва тўхтатиб бўлмайдиган машинага айлангандек эди. Аммо кейинги уч ўйин аслида етарлича муаммо борлигини ҳам кўрсатиб қўйди. Сўнгги рақиблар анча кучли эканини эътиборга олсак, бу «Бавария»даги шунчаки пасайиш эмас, демак кучлироқ рақибларга қарши ҳали Компанида муаммолар йўқ эмас. Дастлаб «Байер» билан дуранг, кейин Берминҳэмда мағлубият, ўтган турда эса Франкфуртдаги баҳсда 3:3 ҳисоби қайд этилди.