Жаҳон | 18:13 / 04.11.2020
4545
2 дақиқада ўқилади

Туркияда Facebook, Twitter ва бошқа ижтимоий тармоқлар жаримага тортилди

Туркияда ижтимоий тармоқларни тартибга солиш тўғрисидаги янги қонун кучга киргач, Facebook, Twitter, Instagram, Periscope, Youtube ва TikTok каби компанияларга йирик жарималар солинди.

Фото: Shutterstock

Туркия транспорт ва инфратузилма вазири ўринбосари Ўмер Фотиҳ Саяннинг маълум қилишича, белгиланган муддатда ўз маҳаллий вакилларини маълум қилмаганлиги учун ҳар бир ижтимоий тармоқ 10 миллион лирадан (1 млн евро) жаримага тортилган.   

Туркия парламенти июль охирида ижтимоий тармоқлар устидан назоратни кучайтирадиган қонунни қабул қилганди. Унга кўра, Туркияда кунига 1 миллиондан ортиқ фойдаланувчи кирадиган ижтимоий тармоқ маҳаллий филиалини очиши ва Туркия фуқаролигига эга вакилини тайинлаши керак. Агарда ушбу талаб бажарилмаса, ижтимоий тармоқларнинг трафиги суд томонидан 95 фоизга чекланиши мумкин.

Шунингдек, қонун контентни ўчириб ташлаш ёки блоклаш бўйича сўровга 48 соат ичида жавоб қайтариш мажбуриятини юклайди.

Ушбу қонун қабул қилинишига Туркия молия вазири ҳамда президент Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг куёви Берат Албайрак Twitter тармоғида тўртинчи фарзанди туғилгани тўғрисидаги хабарни жойлаштиргач, ушбу хабар остида кўплаб салбий изоҳлар қолдирилгани сабаб бўлганди.

Маълумотларга кўра, Туркияда Facebook фойдаланувчилари сони 37 млн, Twitter фойдаланувчилари сони эса 16 млн кишидан ортиқ.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид