Ўзбекистон | 18:31 / 05.11.2020
15737
3 дақиқада ўқилади

«Агрессив тон конструктив мулоқот қилишимизга фойда бермайди» – Обид Ҳакимов популизмга берилмасликка чақирди

Фото: Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори Обид Ҳакимов камбағаллик чегараси ҳақидаги гапларидан сўнг юзага келган танқидлар ортидан матбуот анжумани ўтказди.

Ҳакимов ўз сўзида куни кеча Тошкентдаги Вестминстр халқаро университетидаги тадбирда таниқли рус иқтисодчиси Сергей Гуриевнинг популизм ҳақидаги илмий мақоласини муҳокама қилувчи сифатидаги иштирок этганини айтиб, журналист ва блогерлар билан доимий ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирди.

«Мақолада популизм иқтисодий ривожланишга қанчалик салбий таъсир кўрсатилиши айтиляпти. Тадқиқотларга асосан, 60та энг катта мамлакатда популистик кайфият кўтарилганида узоқ муддатда, кейинги 10–15 йил ичида ЯИМнинг 10 фоизлар атрофида фарқ қилиши, яъни паст бўлиши айтиляпти.

Бу нарса нимага олиб келади? Янада асосланмаган қарорларнинг қабул қилиниши ва бошқа нарсаларга олиб келади. Шу орқали давлатимиз раҳбари белгилаб берган, оғишмай кетаётган йўлимизда одамларни чалғитиши мумкин.

Шунинг учун биз сизлар билан доим ҳамкорлик қилишга тайёрмиз. Бераётган материалларингизни илмий асослар асосида тайёрлаш бўйича қандай ёрдам керак бўлса, ёрдам беришга тайёрмиз.

Кеча ҳам ижтимоий тармоқларда агрессив тоннинг мавжудлигини кўряпсиз. Бу нарса бизнинг ривожланишимиз, конструктив мулоқот қилишимизга фойда бермайди. Биз ҳар доим конструктив мулоқот тарафдори бўлиб қоламиз», – деди Обид Ҳакимов.

Шунингдек, матбуот анжуманида Ўзбекистондаги камбағаллик чегарасини ишлаб чиқишда ойлик маошларни кўриб чиқиш ва бозордаги нарх-навони назорат қилиш мезонларига қай даражада эътибор қаратилади, дея берилган саволга ҳам жавоб қайтарилди.

«Иқтисодиётда шундай нарса борки, йўқдан бор бўлмайди, бордан йўқ бўлмайди. Фараз қилинг, уйингизда бир маҳсулот ишлаб чиқаряпсиз. У маҳсулот бир йилда 5 фоизга ошяпти. Ўша 5 фоизнинг қайсидир қисми сизнинг меҳнатингиз, қайсидир қисми эса уйингиздаги ускуналар эвазига ошяпти. Худди шу маҳсулотни қўшнингиз ҳам ишлаб чиқаряпти. Унинг ҳам худди шундай ускунаси бор. Маҳсулоти эса 2 фоизга ошяпти. Кимнингдир унумдорлиги юқори, кимнингдир унумдорлиги паст.

Худди шу унумдорликдан келиб чиққан ҳолда сиз ўзингизга ойлик танлайсизми? Кўпгина ҳолатларда бизда популистик тенденция кучайиб кетяпти: ойликларга қаранглар, деган. Унумдорлик ошмаса, ишлаб чиқарилаётган маҳсулот кўпаймаса, йўқ жойдан ойликни қаердан олиб бериш мумкин?

Битта йўли бор – Грециядагига ўхшаб, бошқа мамлакатлардан қарз олиб, давлат хизматчиларига ойлик қилиб беравериш. Оқибатда Грецияда қандай инқироз келиб чиққанини кўрдинглар.

Иккинчи томондан, нархлар бўйича озиқ-овқат хавфсизлиги дастурлари ишлаб чиқиляпти. Лекин айрим ҳолларда бизда тебранишлар бўлиб турибди. Унга таъсир кўрсатадиган ички ва ташқи омиллар бор», – деди Обид Ҳакимов.

Мавзуга оид