Кейинги ўн йилликларда дунё демократиялари анча жиддий инқирозларни бошдан кечиряпти. Ҳатто кўп асрлик демократик анъаналарга эга тизимлар ҳам сиёсий инқироз ва зўриқишларни бошидан кечирмоқда. Бунинг сабаби – популизм.

Популизмнинг аниқ ва ҳамма томондан маъқулланган таърифи йўқ; лекин кўпчилик тадқиқотчилар эътироф этадиган муҳим белгилари, хусусиятлари бор.

Популизм халқ ва ҳокимиятни икки қарама-қарши қутбга ажратади. Популистлар халқнинг тафаккуридаги утопияларга, мойилликларга танқидий ёндашмайди. Аксинча, жамият аъзоларидаги сиёсий қарашларни янада соддалаштиришга ҳаракат қилади.

Популистлар, ҳар доим, ижтимоий мураккаб бўлган жиддий муаммоларга оддий, жўн ва содда ечимлар таклиф қилади. Мисол учун, “биз ҳокимиятга келсак, беш кунда жиноятчиликни йўқотамиз”, “коррупцияни бир кунда тинчитамиз”, “мигрантлар бўлмайди”, “иш ўринларини ортиғича яратамиз” ва ҳ.к.

Яъни популистлар жамият эҳтиёжларини мутлақлаштиради ва бу эҳтиёжларни қондиришдаги қийинчиликлар ва мураккабликларни инкор этади.

Популизмнинг ўзига хос кўриниши – демагогия, яширинча ва ошкора душманлар билан курашишга чақириқлар, айниқса, бюрократияга қарши бирлашишга даъватлар ва ҳ.к.

Популизмни ифодаловчи иккита марказий хусусият бор, булар – элитага сиёсий тизим ва институтларга қаршилик, ҳамда сиёсий плюрализмни инкор қилиш.

Популистлар халқни “ўзимизнинг халқ” ва “хоин, сотқин қатлам”га бўлишади. Популистлар, жамиятда турфа манфаатлар борлигини, сиёсий плюрализм зарурат эканини инкор қилишади. Уларнинг назарида, плюрализм ортида халқнинг манфаатларига зид кучлар яширинган бўлади. Шунинг учун эҳтиросга берилган халқ реванш қилиши – сиёсий вазиятни қўлга олиши ва ҳокимиятни популистларга топшириши назарда тутилади.

Популизм – бу нуқсонли демократияларнинг, ижтимоий-иқтисодий зўриқишлар, норозиликларнинг симптоми. Либерал-демократия эса – бу жамиятдаги кўпчилик иродасининг ҳокимиятга келиши ва қолган камчиликларнинг ҳақ-ҳуқуқлари кафолатланган ҳолат. Бунда давлат институтлари барқарор ишлайди. Лекин популизм ҳам “халққа” мурожаат қилади, унга “мана – халқ шуни истаяпти” дея, олдин шаклланган институтлар ва механизмларни инкор этиш хос.

Кейинги йилларда кўп асрлик демократик тизимлар ҳам популизм билан оғриди. АҚШ ҳокимиятига ўнг қанот популист ҳисобланмиш Доналд Трамп келди. У америкаликларнинг ирқига, динига, ижтимоий мақомига кўра ажратди, бирини иккинчисига қарши қўйди.