Иқтисодиёт | 13:11 / 01.09.2021
15873
2 дақиқада ўқилади

Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида амалга оширилмаган савдо салоҳияти 1,1 млрд долларга баҳоланди

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори Обид Ҳакимов Тошкентда Ислом тараққиёт банки (ИТБ) Бошқарувчилар кенгашининг йиллик йиғилиши доирасидаги анжуманда Марказий Осиё давлатлари ўртасида иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш ва чуқурлаштириш масалалари ҳақида фикр билдирди.

«Сўнгги йилларда Ўзбекистон минтақа давлатлари билан иқтисодий ҳамкорликни фаол ривожлантирмоқда. Республиканинг минтақа давлатлари билан савдоси (2016 йилдан 2019 йилгача) 2 баробардан зиёдга ошиб,  2,5 миллиард доллардан 5,2 миллиард долларга етди. Бу рақамлар шуни кўрсатадики, Марказий Осиё мамлакатлари ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш ва интеграцион ўзаро таъсир ўтказиш учун катта салоҳиятга эга.

ИТБ методологияси ёрдамида амалга оширилган ҳисоб-китоблар Марказий Осиё мамлакатларининг ўзаро савдода 1,1 миллиард долларлик амалга оширилмаган экспорт салоҳияти мавжудлигини кўрсатади. Хусусан, бу озиқ-овқат маҳсулотларида 530 миллион долларга, кимё маҳсулотларида 180 миллион долларга, металлургияда 120 миллион долларга ва енгил саноатда 110 миллион долларга тенг.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Марказий Осиё мамлакатларига 600 миллион доллардан зиёд маҳсулотларни экспорт қилиш салоҳиятига эга», деди Обид Ҳакимов.

Мутахассиснинг қўшимча қилишича, яқин ҳамкорлик Марказий Осиёда саноат ва қишлоқ хўжалиги кластерларини яратишга ёрдам беради, улар ишлаб чиқариш харажатларини камайтиришда компенсацион таъсир кўрсатиши мумкин. Минтақавий қиймат занжирларини ривожлантириш учун трансчегаравий савдо ва инвестицияларни кўпайтириш учун қулай шарт-шароитларни яратиш мақсадга мувофиқдир.

Мавзуга оид