Маълумки, пандемия даврида шамоллаш, грипп каби аҳоли орасида кўп учраётган мавсумий касалликларни даволовчи дори воситаларига бўлган талаб илгарига нисбатан анча кўпайган. Қолаверса, пандемия шароитида дориларнинг нархи сезиларли даражада ошиб кетди. Биргина муаммо бунда эмас, бугунги шароитдан фойдаланиб, ноҳалол тадбиркорлар энг кўп учраб турган касалликни даволовчи дори воситаларининг контрафакт нусхаларини тайёрлаб эркин савдога чиқараётгани барчани таҳликага солиши аниқ.

Интеллектуал мулк агентлигининг кузатувлари натижасида республикадаги 616 та дорихоналарда бозори чаққон, аҳолига яхши таниш бўлган дори воситаларининг номланиши ва қадоғи истеъмолчиларни чалғитиш даражасида жуда ўхшаш бўлган “Турмол”, “Терлафлю”, “Мер терафлюс”, “Китонал гел”, “Китонал ампула”, “Ношпен” ҳамда “Азимакс” каби контрафакт дорилар сотилаётгани аниқланди.
Шу ўринда савол туғилиши табиий, бу кузатувлар тадбиркорлар фаолиятига тўсиқ эмасми? Албатта, йўқ. Аксинча, бу каби ҳолатларнинг олдини олмаслик асл маҳсулотларни ишлаб чиқараётган тадбиркорларнинг ноҳалол рақобатдан азият чекишларига олиб келади.
Ваҳоланки, контрафакт дори-дармонлар ҳар йили жаҳонда қарийб 1 миллион инсоннинг умрига зомин бўлмоқда. Бундан ташқари, қалбаки дори таркибида фаол моддалар умуман бўлмаслиги ҳам мумкин, шу боис уни қабул қилган шахснинг аҳволи яхшиланмайди, балки касалликни енгишга қарши восита ичилмагани сабабли соғлиги жиддий хавф остида қолади.
Дори ишлаб чиқарувчи фармацевтик фирма дори сифати ва касалликка таъсир қилишини йиллар давомида синовдан ўтказади. Аммо контрафакт маҳсулот тайёрлаб бозорга чиқаришга уринаётган “уддабурон тадбиркор” эса осонгина фойда кўриш мақсадида ўзганинг товар белгисидан фойдаланиб, номи ўхшаш дори ишлаб чиқаради. Оддийгина номи ва ташқи кўриниши таниқли бўлган дорилар қадоғини ўхшатиб, бир иккита ҳарфини ўзгартириб қўяди холос. Масалан, “Турмол” деб чиқарилган дори воситаси аслида Ҳиндистоннинг Тримол таблеткаси аналоги ҳисобланади. Дорини қалбакилаштиришдан мақсад эса одамларнинг онг остида шаклланган Тримол таблеткаси образи орқали контрафакт дори маҳсулоти сотувини ривожлантиришдир.

Агентлик фуқаролардан келиб тушган мурожаатлар асосида дорихоналарда сотилаётган контрафакт дори воситаларини тезкорлик билан аниқлашга киришди. Бу йўлда Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги билан ҳамкорликда контрафакт дори воситалари савдосини чеклаш бўйича тизимли ҳаракатни олиб боришга эътибор қаратилмоқда.















