Жамият | 16:03 / 28.10.2020
6101
4 дақиқада ўқилади

«Интеллектуал мулк агентлиги»: интеллектуал мулк соҳасини ривожлантиришда янги босқич бошланди

Маълумки, 2020 йил 12 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бошчилигида Интеллектуал мулк объектларини муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштириш масаласи юзасидан ўтказилган учрашувда соҳа комплекс таҳлил қилиниб, тизимдаги мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этиш учун бир қатор устувор вазифалар белгилаб берилди.

Юқоридаги вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Адлия вазирлиги ҳузуридаги «Интеллектуал мулк агентлиги» томонидан вилоятларда сайёр учрашувлар ўтказиш йўлга қўйилди.

Учрашувларда тадбиркорларга миллий бренд яратишнинг ўзига хосликлари, товар белгисини рўйхатдан ўтказиш тартиби, юртимиздаги жой номлари билан боғлиқ товар ва хизматларни оммалаштириш, илмий ишланмаларни тижоратлаштириш, тадбиркорлар ва патент эгалари, илм-фан вакиллари ўртасида ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш масалалари муҳокама қилинди.

Республикамиз вилоятларида бўлиб ўтган учрашувларда соҳа мутахассислари томонидан интеллектуал мулкни патентлаштириш жараёни, мулкни муҳофаза қилиш аҳамияти, товар белгисининг компания имижини яратишдаги ўрни ҳақида атрофлича маълумот берилди.

Соҳа фаоллари билан бўлиб ўтган учрашувларда бир қатор чора-тадбирларни амалга ошириш белгиланди. Хусусан, вилоятлардаги корхоналар ва олий ўқув юртлари ўртасида амалий ҳамкорликни ўрнатиш, бу орқали илмий ишланмаларни тижоратлаштиришга кўмак бериш, товар белгиси маҳсулот қийматини оширишда катта аҳамиятга эга эканлиги тушунтирилди.

Бу амалий ҳаракат натижасида илм-фан ва ишлаб чиқаришни узвий боғлаган ҳолда кластер тузиш, замон талабларига мос ишланмалар яратишни йўлга қўйиш имкони яратилади.

Учрашувда давлат идоралари билан биргаликда соҳани ривожлантиришга қаратилган уч йиллик дастур ишлаб чиқишда ҳамкорликни ўрнатиш, тадбиркорларга миллий брендни яратиш, товар белгиларини миллий ва халқаро рўйхатдан ўтказишда амалий ёрдам кўрсатиш, интеллектуал мулк яратувчилари учун имтиёзларни жорий қилиш белгиланди.

Сайёр учрашувларда фақатгина бир ҳудудга хос бўлган маҳсулотни географик кўрсаткичи бўйича рўйхатдан ўтказиш, шу маҳсулот қийматини ошириб, мазкур ҳудуд таниқлилигини оширишига эътибор қаратилди. Чуст пичоғи, Самарқанд нони, Марғилон адраси, Шеробод анори, Олтиариқ ва Паркент узуми, Хоразм қовуни, Сурхондарё хурмоси каби маҳсулотларни ҳудудий мансублиги бўйича рўйхатдан ўтказиб, халқаро бозорда фаол тарғиб қилиш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Учрашувларда вилоятларнинг ўзига хослигидан келиб чиқиб, интеллектуал мулк объектларини муҳофаза қилишга урғу берилди.

Жумладан, Хоразм вилоятида 45 та интеллектуал мулк объектлари амалда фойдаланиб келинмоқда, - дейди «Интеллектуал мулк агентлиги» бўлим бошлиғи Жахонгир Мансуров. - Эндиликда, Хоразм қовунлари, Гурлан гуручи, Ҳазорасп олмаси, Боғот узуми, “Катта боғ кошинлари”, Хоразм чўгирмаси каби қишлоқ хўжалик маҳсулотларини ҳудудий мансублиги бўйича рўйхатдан ўтказиб, халқаро бозорларда фаол тарғиб қилиш навбатдаги вазифа сифатида белгиланди.

Агентлик вакиллари Самарқанд вилоятига ташрифи давомида Қоракўлчилик ва чўл экологияси илмий-тадқиқот институти фаолияти билан яқиндан танишишди.

Институт профессор-олимлари билан суҳбат давомида йўқолиб кетиш арафасидаги ўсимликларнинг гербарийлари, қоракўл терини ривожлантириш ҳамда янги яратилган турларни муҳофазалаш, шу билан бирга ихтироларни патентлаш муддатларини қисқартириш юзасидан таклифлар билдирилди.

Республикамиз вилоятларидаги учрашувларда ҳунармандчилик намуналарини муҳофазалаш, уларни ҳудудий мансублиги бўйича рўйхатдан ўтказиш ва чет элда тарғиб қилишда амалий ёрдам кўрсатишга келишилди.

Учрашувларда интернет тармоғида муаллифлик ва турдош ҳуқуқлар ҳимоясини таъминлаш, адабий ва бадиий асарлардан муаллифлар рухсатисиз фойдаланишнинг олдини олиш бўйича ўзаро ҳамкорлик ишларини олиб бориш белгиланди.

Мамлакатимизда интеллектуал мулк соҳасини янги босқичга олиб чиқиш учун илмий ишланмаларни тижоратлаштириш, маҳаллий брендларни оммалаштириш, ўзига хос инноваторлик мактабини яратиш муҳим эканлиги қайд этилди.

Учрашувлар якунида қўйилган вазифалар ижросини таъминлаш бўйича ўзаро ҳамкорлик ўрнатишга келишилди.

«Интеллектуал мулк агентлиги» Матбуот хизмати

Мавзуга оид