Жаҳон | 09:27 / 06.11.2020
6954
2 дақиқада ўқилади

Косовонинг истеъфога чиққан президенти Хашим Тачи ҳибсга олинди

Фото: Stringer / EPA / ТАСС

Косово Президенти, ҳарбий жиноятларда айбланаётган Хашим Тачи Ҳаагада ҳибсга олинди. Бу ҳақда Косоводаги жиноятлар бўйича халқаро суднинг махсус прокуратураси маълум қилди. Тачи 5 ноябрда Ҳаагадаги судда жавоб бериш учун истеъфога чиқишини эълон қилганди.

Тачидан ташқари, Косово парламентининг собиқ спикери Кадри Весели, “Косово озодлик армияси”нинг дала қўмондонларидан бири Ражаб Салими ва парламентнинг собиқ раиси Якуп Красничи ҳам ҳибсга олинган.

Халқаро судда таъкидланишича, Тачи, Весели, Салими ва Красничи 1998 йил мартидан 1999 йил сентябригача амалга оширилган ҳарбий ва инсониятга қарши жиноятларда айбланмоқда.

Тачи 5 ноябрдаги матбуот анжуманда Ҳаагадаги судда жавоб бериш учун Косово Президенти лавозимидан кетишини эълон қилганди. Тачи мамлакатда «президентлик яхлитлигини ҳимоя қилиш учун» шу йўлни тутаётганлигини айтган.

Косово республикаси Сербия билан узоқ давом этган ихтилофдан кейин 2008 йилда ундан мустақиллигини эълон қилган. БМТга аъзо 100дан кўпроқ давлат унинг мустақиллигини қўллаб-қувватлаган.

Тачи Косовада мустақиллик учун уруш вақтида дала қўмондони ва албан айирмачиларидан ташкил топган “Косово озодлик армияси” раҳбарларидан бири бўлган. Сербияда ушбу гуруҳ террорчи деб ҳисобланган. 1997 йилда Приштина суди Тачини террорчиликда айбдор деб топган ва уни сиртдан 10 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилган. Кейинроқ Тачи Сербияда геноцид ва инсон тана аъзолари савдосида ҳам айбланган. 

Мавзуга оид